Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) рамазон ойини мадҳ этиб: "Бу шундай ойки, унинг аввали раҳматдир", дейди. Яъни, бу ойда тутилган рўза ва қилинган эзгу амаллар билан Аллоҳнинг раҳматига дохил бўлинади. "... ўртасида эса банданинг гуноҳлари мағфират этилади", дейилади. Демак, гуноҳларимиз, хато ва қусурларимиз кўп бўлса-да, тутган рўзамиз эвазига Аллоҳ гуноҳларимизни кечиради. Яна пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бу ойни рўза тутиб, ибодат билан ўтказган бандалар жаҳаннамдан озод бўлишини марҳамат қилганлар. Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин банда ушбу муборак ойнинг одоб ва тартибларига риоя қилмоқликлари муҳимдир.
Рамазон ойи одоб ва тартиблари деганда нималар тушунилади? Бу хусусда Қуръони Карим ва ҳадисларда жуда кўп кўрсатмалар берилган. Жумладан, рамазон кириши билан ҳар бир мўмин энг аввало, тилини ёмон сўзлардан, яъни ғийбатдан, ёлғондан сақламоқлиги керак. Чунки уламолар "Аллоҳ учун рўза тутиб, ўзингизни Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ейишликдан тийиласизлару сизларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ейсизларми? Яъни (инсонларни ғийбат қилиб, гуноҳларни ейсизларми) деб марҳамат қилганлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Кишики ёлғон сўзламоқни тарк этмаса ва Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтмаса, рўза тутиб, емай-ичмай қўйгани билан рўзаси қабул бўлмайди. Аллоҳ унга раҳмат назарини ташламайди".
Яна динимиз кўрсатмаларида рамазон ойида мўминлар атрофидаги инсонларга тили ва қўли билан озор бермаслиги айтилган. Чунки пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Киши Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, бас у инсон гапирса, яхши ишни гапирсин ёки жим турсин", деб марҳамат қилганлар. Шу боис ҳам ушбу муборак ойда ҳар бир инсон Аллоҳга тавба қилмоқлиги, шу билан бирга, инсонларга озор етказишдан сақланмоқлиги керак. Зеро, пайғамбаримиз (с.а.в.) "Тавбага шошилинглар ўлим келмасдан олдин" деганлар ва яна бу ойда мўмин фақирларнинг холидан хабар олиб, уларга ёрдам қўлини чўзмоқлари, ҳеч бўлмаса ифторликларига бир қултум сув билан бўлса ҳам уларга меҳру муҳаббатларини кўрсатмоқликлари лозимдир. Бу ҳақида пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Киши бу ойда бир рўзадорни (бир қултум сув билан бўлса ҳам) сўраб қўйса, Аллоҳ унга кавсаридан бир шарбат инъом этади, уни ичган киши асло ташна бўлмайди", деганлар.
Ушбу муборак ойда мўмин банда етимлар холидан хабар олиб, уларнинг ўксик қалбларини шод қилмоқлари лозимдир. Яна пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Ким бир етимни кафолатини олса, бас у мен билан жаннатда бирга бўлади", деганлар. Ушбу муборак ойда инсон имкони борича атрофдагиларга ёрдам қўлини чўзмоғи лозим. Зеро, пайғамбаримиз (с.а.в.) "Ким бир мусулмоннинг қийинчилигини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло у бандасини қиёмат куни қийинчиликларини енгиллатади", дея марҳамат қилганлар.
Муборак рамазон ойида Аллоҳ барчаларимизни юқорида айтиб ўтилган амалларни адо этишликка, рамазонни чиройли ўтказиб, Яратганнинг марҳаматига етишишликни насиб этсин.
Шарофиддин МУСАБОЕВ,
Андижон шаҳридаги "Абу Хурайра" жомеъ масжиди имом-хатиби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси таниқли уламо Абдуқаҳҳор Ғаффоров (Шоший)нинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Маълумот ўрнида Абдуқаҳҳор Шоший 1939 йили Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Имом" даҳасида туғилганлар. 1956-1960 йиллари Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида, 1965-1969 йиллари Мисрдаги “Ал-Азҳар” дорилфунунида ўқиганлар. Сўнг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси халқаро бўлими мудири, “Мир Араб” мадрасаси директори, Тошкент Ислом олий маъҳади ректори вазифаларида ишлаганлар. “Ислом ақидаси”, “Ислом арконлари”, “Қуръоний ҳикоялар” каби ўнлаб китоблар муаллифи ва таржимонлари саналади.
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси