بسم الله الرحمن الرحيم
ИМОМ БУХОРИЙ БУЮК АЛЛОМА
Ҳурматли жамоат! Муҳтарам Президентимиз куни кеча, 15 апрель куни Самарқанд вилоятига ташрифлари чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида бўлдилар. Давлатимиз Раҳбари Ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ бобокалонимизнинг оламшумул довруқларига мос ва арзигулик қадамжосининг янги лойиҳаси билан танишдилар. Тадбирда ҳозир бўлган оқсоқоллар, уламолар, туман ва шаҳар депутатлари, жамоатчилик вакилларининг фикрларини эшитдилар ва янги мажмуа қурилиши бошланганини эълон қилдилар.
Янги ёдгорлик мажмуасида сони тобора ошиб бораётган миллий ва хорижий зиёратчилар учун барча шароитлар яратилади. Мажмуа таркибига кирувчи масжиднинг ички саҳнининг ўзи икки минг квадрат метрдан ошади. Атрофидаги саҳнлар билан масжидда бир неча ўн минг мусулмон бир вақтнинг ўзида намоз ўқиши мумкин бўлади. Ҳазрат Имом Бухорий қабрларини зиёрат қилиш шароитлари ҳам яхшиланади.
Ушбу буюк инсон хотирасига халқимизнинг ва жаҳон ҳамжамиятининг эҳтироми белгиси сифатида Аллоҳнинг изни ва халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан амалга ошириладиган мажмуага муборак Рамазон ойи кунларида тамал тошининг қўйилиши Яратган Парвардигоримизнинг ушбу эзгу ишларни қўллаб-қувватлашига умид боғлашга имкон беради.
Мажмуанинг тўрт бурчагига қуриладиган минораларнинг баландлиги етмиш метрдан зиёд бўлиб, иншоаллоҳ, тез фурсатларда улардан тараладиган ибодатга чақириқ узоқ-узоқларга эшитиладиган бўлади.
Муҳтарам жамоат! Маълумки, муҳаддислар султони, дея эътироф этилган Имом Бухорий ҳазратларининг қўним топган жойларини обод этилиши бежиз эмас, албатта. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг «табиби», набавий ҳадисларнинг саҳиҳларини ажратиб, улардан Қуръони каримдан кейинги иккинчи ишончли манба саналмиш “Саҳиҳи Бухорий” номли ҳадислар тўпламини тузган бу улуғ аллома, дунё имоми, олимлар пешвосининг номи бутун дунёда машҳур ва маълумдир.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
نَضَّرَ اللهُ امرأً سمِعَ مَقَالَتِي فَوَعَاهَا فَبَلَّغَهُ كَمَا سَمِعَهُ
(رواه الإمام الترمذي عن عبدالله بن مسعود رضي الله عنه)
яъни: "Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сўнгра қандай эшитган бўлса, ана шундай етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, дедилар. (Имом Термизий ривоятлари).
Бу буюк зот Мовароуннаҳрнинг энг кўҳна ва гўзал шаҳарларидан бўлмиш Бухорои шарифда, ҳижрий 194 йил Рамазон ойининг 13-санада, жума куни таваллуд топдилар. Имом Бухорий бутун ҳаётларини, интилиш ва ҳаракатларини ҳадис илмига бахшида этган эдилар. Жуда оз ухлар, уйқудан ташқари пайтларда эса атрофдагилар у кишини ё устозлардан ҳадис эшитаётган ёхуд ёзиб олаётган, ё ўзлари шогирдларга ҳадис айтаётган, ё ёлғиз ўтириб, қўлда қалам билан жамлаган ҳадисларининг нодир жойларини қайд этиб ўтирган ҳолда кўрар эди. У кишининг ҳар бир куни илм олувчи, таълим берувчи ва китоб таълиф қилувчи мақомида ўтарди.
Буларнинг гувоҳи бўлган шогирдлари Ибн Абу Ҳотим бундай дейди: “Бухорий билан сафарда бирга бўлиб, бир уйда тунашга тўғри келди. Ўшанда шунинг гувоҳи бўлдимки, у киши бир кечанинг ўзида ўн беш мартадан йигирма мартагача уйғониб, ҳар гал чақмоқ тошни ишлатиб чироғини ёқар, тўплаган ҳадисларининг саҳиҳларини ажратиб, белгилаб қўяр эди. Сўнг чироқни ўчириб, бошини ёстиққа қўяр эди”.
Имом Бухорийнинг ҳадис ёдлаш қобилиятлари, зеҳнларининг ўткирлиги тилларда достон бўлиб кетган эди. У киши ўзларининг шоҳ асарлари бўлмиш “Жомеус-саҳиҳ” таълиф қилиш олдидан жами олти юз минг, шундан юз минг саҳиҳ ва икки юз минг саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёд олганларини зикр этган эдилар. Ҳадис илми равнақи йўлидаги буюк хизматлари учун “Имомуд-дунё” (Дунё имоми) мақомига мушарраф бўлган эдилар.
Замондошларининг гувоҳлик беришларича, Имом Бухорий ҳазратлари жисман нозик, озғин, ўрта бўйли, нафсини бир маромда ушлаган, таомни жуда кам истеъмол қиладиган фазилатли, тамкинли инсонлардан эдилар. У кишининг зуҳди-қаноати ва тақвоси ҳаммага ибрат эди. Имом Бухорий нафс риёзати, тўғрилик ва ҳалоллик билан зийнатланган ва танилган эдилар. Ҳалоллик йўлида ҳар қандай машаққатни зиммага олардилар. Ҳаётларининг энг оғир дамларида ҳам бировдан бир нарса сўрамас, одамлар миннатидан юзларини сарғайтирмас эдилар.
Имом Бухорий гўзал хулқли, ҳамма ёқтирадиган одам бўлганлар. Муҳаммад ибн Абу Ҳотимнинг айтишича, Имом Бухорий бундай деганлар: “Ғийбатнинг ҳаромлигини билганимдан буён бирор кишини ғийбат қилмадим. Аллоҳга рўбарў бўлганимда бирор кишини ғийбат қилмаганим ҳақида мени ҳисоб-китоб қилмаслигидан умид қиламан”.
Имом Бухорийнинг Аллоҳ таолога бўлган имон-ишончлари ботину зоҳирларидан яққол кўриниб турар эди. Ибодатда бутун қалблари, ҳар бир аъзолари билан хушуъ-хузуъда, ихлос билан Аллоҳнинг Ўзига юзланар эдилар. Доимо Қуръони каримни тиловат қилардилар. Аллоҳ таолога дуолари ижобат эди. Имом Бухорий ҳазратлари ўзларидан улкан илмий мерос қолдирдилар. Ёш бўлатуриб, дунёга машҳур асарларни ёздилар. Хатиб Бағдодий Имом Бухорийнинг шундай деганларини ривоят қилган: “Ўн саккиз ёшга етганимда саҳоба ва тобеинларнинг масала ва қавлларини тасниф қила бошладим... Ўша пайтда “Китобут-тарих”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ойдин кечаларда тасниф этганман”.
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ
яъни: "Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур" (Мужодала сураси 11-оят).
Дарҳақиқат, бобомиз Имом Бухорий рахматуллоҳи алайҳни бутун Ислом олами “Амирул мўминин фил ҳадис” – “ҳадис илмида мўъминларнинг амири”, “Шайхул-ислом” – “мусулмонларнинг устози” каби унвонлари ҳам бор.
Буюк мужтаҳид олим Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Имом Бухорий ҳақларида: «Хуросондан Муҳаммад ибн Исмоилдек киши чиқмаган», деганлар.
Мусо ибн Ҳорун Ҳаммол эса: «Менимча, Ислом аҳли барчаси жамланиб, Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаш яна бир кишини етиштирмоқчи бўлишса, эплай олишмайди», деганлар.
Амр ибн Алининг асхоблари Имом Бухорий билан бир ҳадисни музокара қилиб қолишди. У зот: «Бу ҳадисни билмайман», дедилар. Улар бундан масрур бўлиб, устозлари Амр ибн Алийининг олдига югуришди ва унга: «Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга бир ҳадис айтган эдик, билмайман, деди», дейишди. Шунда Амр ибн Алий: «Муҳаммад ибн Исмоил билмайдиган ҳадис ҳадис эмас», дедилар.
Салим ибн Мужоҳид: «Олтмиш йилдан бери Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра фақиҳроқ, парҳезкорроқ ва дунёда зоҳидрок одамни кўрмадим», деганлар.
Имом Бухорийнинг яна бир замондоши Яҳё ибн Жаъфар айтадилар: «Агар қудратим етса, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг умрини зиёда қилар эдим. Менинг ўлимим бир кишининг ўлими бўлади. Муҳаммад ибн Исмоилнинг ўлими илмнинг кетишидир».
Муҳтарам жамоат! Хабарингиз бор, Марказий Осиё давлатлари – Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда Афғонистон ўртасида диний-маърифий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш мақсадида 2021 йил 15 мартда Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.
Мазкур анжуманда Ўзбекистон, Афғонистон ва Тожикистондан етук уламолар, диний соҳа вакиллари иштирок этди. Тадбирда минтақамиз мамлакатларида азалдан ўрганиб келинаётган Имом Бухорий илмий меросининг мазмун-моҳиятини батафсил очиб бериш, ушбу мероснинг ўзига хос-хусусиятларини баён этиш, афзалликлари ва тарбиявий аҳамиятини кенг ёритиш ҳамда халқларимиз, айниқса, ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш каби масалалар муҳокама этилди.
Ушбу халқаро анжуманда сўзга чиққан Афғонистон Ислом Республикаси иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий:
— ... Ўзбекистон шундай диёрки, Ер юзидаги ҳар бир мусулмон бу табаррук юртнинг зиёратига ошиқади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг мақбарасини зиёрат қилдик. Бу табаррук жойда жуда катта ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани, қадамжолар янада обод этилаётгани бизни ғоят хушнуд этди. Буларнинг барчаси Президент жаноб Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни янада обод, халқни янада фаровон қилиш, юксак билим ва салоҳиятли, ватанпарвар, миллий қадрият ҳамда анъаналарга, аждодларнинг бебаҳо меросига садоқатли авлодни камолга етказишдек эзгу орзу-умидлари рўёбига хизмат қилаётир. Ўзбекистон яна илм-фан марказига айланмоқда.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Аждодимизнинг бу даражага етишишларига у зотнинг тақволари, парҳезкорликлари ва амонатдорликлари каби кўплаб фазилатли хислатлари сабаб бўлган десак янглишмаган бўламиз. Бундай зотларни Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича мадҳ этган:
لِلَّذِينَ أَحْسَنُوا فِي هَذِهِ الدُّنْيَا حَسَنَةٌ وَلَدَارُ الْآَخِرَةِ خَيْرٌ وَلَنِعْمَ دَارُ الْمُتَّقِينَ جَنَّاتُ عَدْنٍ يَدْخُلُونَهَا تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ لَهُمْ فِيهَا مَا يَشَاءُونَ كَذَلِكَ يَجْزِي اللَّهُ الْمُتَّقِينَ
яъни: "Бу дунёда чиройли иш қилганлар учун чиройли мукофот бўлур. Лекин шубҳа йўқки, охират диёри янада яхшироқдир. Тақводорларнинг диёрлари нақадар яхши! Улар остидан анҳорлар оқиб турадиган мангу жаннатларга кирурлар. Улар учун у ерда хоҳлаган нарсалари бордир. Тақводорларни Аллоҳ мана шундай мукофотлагай" (Наҳл сураси 30-31- оятлар).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло илмда, зуҳдда ва тақвода замонасининг пешқадами бўлган Имом Бухорийни бу дунёда номларини улуғ қилди. Умид қиламизки, Ҳақ таоло Охиратда ҳам у зотни улкан даражотлар билан мукофотлайди.
Имом Бухорий тўплаган ҳадислар инсонга тўғи йўл танлаш, ота-онани ҳурмат қилиш, ҳалол, оқибатли, бағрикенг бўлиш, Аллоҳнинг буйруқларига бўйсуниш каби хислатларга эга бўлиш имконини беради.
Биз ҳам ушбу буюк аждодимизга муносиб авлод бўлиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларини ўрганишимиз, фарзандларимизга таълим бериб, ҳаётимизга татбиқ этишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.
Ана шуларни ҳисобга олиб юртбошимизнинг ташаббуслари билан Ҳадис илми мактаби, Халқаро Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази яратилди. Мана энди, бир томондан Имом Бухорийнинг хизматлари ва ўзларига мос ёдгорлик мажмуаси, иккинчи томонидан зиёратчилар учун барча шароитларга эга бўлган маскан яратилмоқда.
Аллоҳ таоло буюк аждодимиз Имом Бухорийни Ўз раҳматига олиб, фарзандларимиздан у зотга ўхшаган солиҳ зурриётларни чиқишлигини насиб этсин! У Зотни меросларини ўрганиш бўйича олиб борилаётган хайрли ишларда Ўзи мададкор бўлсин! Омин!
1. Аллоҳга тақво қилишни тижорат деб бил, шунда у сенга молсиз фойда келтиради.
2. Ўзингни сенга муҳтож бўлмаган, лекин сен унга муҳтож бўлган кишининг ўрнига қўй.
3. Харсанг тошларни жойидан кўчириш, онгсиз одамга англатишдан осонроқдир.
4. Жаннатни талаб қилишда олий ҳимматли бўл.
5. Аллоҳдан шундай умид қилки, у билан Унинг макридан омонда бўлма ва Аллоҳдан шундай қўрқки, у билан Унинг раҳматидан умидсиз бўлма.
6. Мен ҳеч қачон сукутдан афсусланмадим. Агар гап кумуш бўлса, сукут — олтин.
7. Ҳикмат камбағалларни подшоларнинг мажлисларида ўтказган.
8. “Ё Роббим, мени мағфират қил” — деб кўп такрорла, зеро Аллоҳнинг бир соати борки, у вақтда сўровчи рад этилмайди.
9. Ким ёлғон гапирса, юзининг сувини (обрўйи) кетади, кимнинг хулқи ёмон бўлса, ғам-ташвиши кўпаяди.
10. Аллоҳдан қўрқ, лекин қалбинг фожир бўлатуриб, одамлар сени ҳурмат қилишлари учун ўзингни уларга Аллоҳдан қўрқадиган қилиб кўрсатма.
11. Амал фақат яқиний ишонч (эътиқод) билангина мукаммал бўлади, кимнинг эътиқоди заиф бўлса, амали ҳам заиф бўлади.
12. Ёлғон гапиришдан эҳтиёт бўл, зеро у пиширилган чумчуқ гўшти каби иштаҳалидир, лекин кўп ўтмай эгасини ичини ёндиради.
13. Мажлисни кўзинг билан кўриб танла, агар Аллоҳ зикр қилинадиган мажлис бўлса, у ерда ўтир. Агар олим бўлсанг, илминг наф беради, агар жоҳил бўлсанг, сенга ўргатишади, агар Аллоҳ у мажлисга раҳматини нозил қилса, сен ҳам шу раҳматдан баҳраманд бўласан.
14. Қарздорликдан эҳтиёт бўл, чунки у кундузи хорлик ва тунда ғамдир.
15. Тўқлик устига овқат емагин — чунки ундай таомни егандан кўра итга ташлаган яхшироқ.
16. Агар шайтон сенга шубҳа ва гумон орқали келса, уни яқиний ишонч ва насиҳат билан енг, агар у танбаллик ва зерикиш томонидан келса, қабр ва қиёматни эслаб енг, агар у хоҳиш ва қўрқув томонидан келса, унга дунё тарк этиладиган ва қолдириладиган нарсадир, деб айт.
17. Тилингдан чиққан гапларга эҳтиёт бўл, сукут қилган киши омонда бўлади, фақат фойдаси бор гапларни гапир.
18. Юзингни ниқоблашдан (яъни шубҳали қиёфадан) сақлан — чунки, у кечаси одамларни қўрқитади, кундузи эса хўрлик келтиради.
19. Мен тош, темир ва оғир юкларни кўтардим, аммо ёмон қўшнидан оғирроқ нарсани кўрмадим.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ