— Талаба бўлганим сабабли рўза тутишга қийналаман. Дўстим: “Рўза тутишга қийналадиган киши ифторлик қилиб бериши керак”, деди. Агар ифторлик қилиб берсам рўза тутганлик савобини оламан-ми?
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рўза тутишга қийналиш рўза тутмасликка узр бўла олмайди. Рўза тутмасликка рухсат берилганлар қаторида беморлар, мусофирлар, ўзига ёки боласига зарар етишидан қўрқадиган ҳомиладор ва эмизикли аёллар зикр қилинган. Аллоҳ таоло бандаларини тоқатидан ортиқ ишга таклиф қилмайди. Бандаларнинг тоқати етишини билгани учун рўзани фарз қилган. Дўстларига ифтор қилиб бериб, рўза тутмай юрса бўлади, деган гап мутлақо нотўғридир. Рўзадорларга ифторлик қилиб бериш савобли амал, фарз, вожиб эмас. Лекин рўза тутиш фарзи айндир! Аллоҳдан ёрдам сўраб, рўза тутишни бошланг!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.