Саҳарлик – баракадир. Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганимда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда: “Албатта, саҳарлик баракадир”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш – баракадир, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барака жамоат ва саҳарликдадир”, дедилар (Имом Табароний ривояти)
Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида мени саҳарликка чақириб, “Барака дастурхони сари шошилгин”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти).
Набий алайҳиссалом саҳобалар билан бирга саҳарлик қилардилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдим. Сўнгра у зот бомдод намозига турдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Саҳарлик Ислом умматини аҳли китобдан ажратиб турувчи амаллардан бири ҳамдир. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик қилишдадир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Саҳарлик фазилатларидан яна бири унда дуо қабул бўлувчи вақт бор. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда: “Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам”, дейди», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Саҳарлик қилиш Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳматига ноил қилади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилувчига Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳмати бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Саҳарликда хурмо истеъмол қилинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизнинг тутаётган рўзаларимизни Ўзининг розилиги билан мукофотласин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Тартил билан Қуръони каримни қироат қилиш муҳим амаллардан бири бўлиб, ҳарфларни махражларидан чиқариб, Аллоҳнинг каломини тушуниб, тажвид қоидалари билан тўғри ўқишни англатади. “Тартил”нинг луғавий маъноси “бирор нарсани дона-дона қилиб териш”ни англатади.
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломи бўлиб, уни тартил билан ўқиш У зотнинг буйруғидир. Муззаммил сураси 4-оятда шундай дейилади: “Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил”.
Али розияллоҳу анҳудан оятнинг маъносини сўрашганда, “тартил – ҳарфларни яхшилаш, вақф ўринларни билиш”, деб жавоб қилганлар. Жаброил алайҳиссаломга Муҳаммад алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар.
Тартил билан Қуръон қироат қилиш учун бир қанча қоидаларга риоя қилиш лозим. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
Тартил билан Қуръон ўқишнинг фойдалари жуда кўп. Улардан баъзилари:
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охири қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади”, дедилар”, (Имом Термизий ривояти).
Зафар қори Маҳмудов,
Тошкент Ислом институти “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси.