Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448

Саҳарлик фазилатлари

15.04.2021   15244   2 min.
Саҳарлик фазилатлари

Саҳарлик – баракадир. Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганимда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда: “Албатта, саҳарлик баракадир”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш – баракадир, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барака жамоат ва саҳарликдадир”, дедилар (Имом Табароний ривояти)

Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида мени саҳарликка чақириб, “Барака дастурхони сари шошилгин”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти).

 

Набий алайҳиссалом саҳобалар билан бирга саҳарлик қилардилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдим. Сўнгра у зот бомдод намозига турдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

Саҳарлик Ислом умматини аҳли китобдан ажратиб турувчи амаллардан бири ҳамдир. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик қилишдадир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Саҳарлик фазилатларидан яна бири унда дуо қабул бўлувчи вақт бор. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда: “Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам”, дейди», дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Саҳарлик қилиш Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳматига ноил қилади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилувчига Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳмати бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

 

Саҳарликда хурмо истеъмол қилинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизнинг тутаётган рўзаларимизни Ўзининг розилиги билан мукофотласин.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

ИСЛОҲОТЛАР БАҲОСИ одамлар ҳаётидан йўқотилган машаққатлар билан ўлчанади

14.08.2026   67291   1 min.
ИСЛОҲОТЛАР БАҲОСИ одамлар ҳаётидан йўқотилган машаққатлар билан ўлчанади

Президентимиз 2021 йилда "Бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган янги Ўзбекистон эмас" деган эди. Бу иқрор ислоҳотни тайёр ғалаба сифатида кўрсатишдан кўра масъулиятлироқ. Чунки мавжуд камчиликни тан олмаган давлат уни тузатиш учун ҳам чора изламайди.
Бу гал биз назарда тутаётган "йўл" сўзи шунчаки метафора эмас. Гап мамлакатнинг қишлоқ йўлларидан тортиб, халқаро автомагистралигача, темир йўлларидан метрогача, ҳаво қўналғасидан транзит йўлагигача бўлган ҳаракат тизими ҳақида боради. Аниқроғи, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон транспорт тафаккурига олиб кирган энг муҳим янгилик – йўлни алоҳида қурилиш объекти эмас, инсон, иқтисодиёт ва давлатни ҳаракатга келтирадиган яхлит тизим сифатида кўра бошлагани ҳақида.


Газетани юклаб олиш

Абдулҳамид Мухторов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
"Зиё" медиа маркази директори
 

Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси 2026 йил 14 август, 164-сон

МАҚОЛА