«Кейинги пайтда саҳнага чиққан ақидавий ихтилофлар сабаби кўп ўйлантираётган ва қийнаётган эди.
Мусулмонларни бўлакларга бўлиб ташлаётган бу кўриниш мени қаттиқ изтиробга солиб, унинг сабаблари ва муолажалари ҳақида жиддий изланаётган эдим. Ва булар натижасида айрим хулосаларга келган ҳам эдим.
Бугун ана шу хулосаларимни тўлдирадиган қимматли жумлаларни учратдим. Улар марҳум шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг «Тавҳидий мазҳаблар ва замондош фалсафалар» китобларидаги қуйида келтирадиганим сатрлар эди», дейди устоз, Ислом олими Мубашшир Аҳмад домла.
Қуйида ушбу иқтибосни келтириб ўтамиз:
«Агар ақида асослари қалбий таслимият билан ҳимояланган ва асл инсоний фитрат тўсиқлари билан ўралган бўлса, одатда нафснинг ташидан келадиган ташвиш ва шубҳалар ақлни эгалламаган бўлса, ихтилоф омилларидан бирор нарса бундай ҳолдаги киши онгига кириб кела олмайди.
Ихтилоф бир нарсада чуқурлашиш натижасида пайдо бўлади. Чунки изланиш олиб бораётган киши бунда аниқ зоҳирдан зонний ботинга ўтган бўлади.
Агар изланувчилар ана шундай ботинга етиб боришса, ихтилоф қилишдан омонда бўлишмайди. Чунки бунда далилларнинг кўпи зонний бўлади. Бу эса, иттифоққа эришишга йўл бермайди.
Қалбий таслимият эгалари эса ихтилофга ўрин бермайдиган зоҳирдан бошқа томонга ўтиб кетишмайди.
Зеро, улар зоҳирнинг ортида бўлган ноаниқлик ва муаммоларга эътибор қаратишмайди. Масалани мушоҳада қилишдан кўз юмишади ва фикрий тааммул эшикларини ёпишади.
Ишни Аллоҳ азза ва жаллага таслим этишади. Сўнг, асосий ўқ томир ва равшан куллий зоҳирни маҳкам тутишга қайтишади. Бунда ҳеч қандай хилофга ўрин қолмайди.
Бу илк даврлардаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларининг ҳолатлари эди. Агар ҳолат мана шундай давом этганида мусулмонлар сафига ихтилоф сизиб кирмаган ва турли мазҳаб-фирқалар пайдо бўлмаган бўлар эди».
(Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг «Ал-мазоҳибут тавҳидийя вал фалсафотул муосира» китобларидан, 45-46 бетлар. «Дорул-фикр» нашриёти, 2008-й.)
Бу иқтибосдан маълум бўляптики, агар мусулмон Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига иймон келтириш билан кифояланиб, қолган масалаларни Аллоҳга таслим эта олса, ихтилофлардан омонда бўлар экан.
Мубашшир Аҳмад
Мулоҳаза
Яқинда бир мақолани таҳрир қилаётиб, унда улуғ тобеин Ваҳб ибн Мунаббиҳнинг исми “Ваҳб ибн Мунаббаҳ” деб ёзилганига гувоҳ бўлдим. Шунда иккиланиб, ҳақиқатан шундаймикин, дея анъанавий ва электрон манбаларни кўздан кечирдим.
Имом Шамсиддин Заҳабийнинг “Сиярул аълом ан-нубало” китобида Абу Абдуллоҳ Ваҳб ибн Мунаббиҳ ибн Комил ибн Сиж ибн Зий Кибор Абновий Яманий Зиморий Санъоний деб ёзилган экан. Шунингдек, википедиянинг араб, турк, инглиз ва рус тилларидаги ҳаволаларида ҳам алломанинг исми шундай берилган. Лекин ўзбек тилидаги айрим интернет сайтларида “Ваҳб ибн Мунаббаҳ” деб ёзилган. Ҳатто она тилимизда чоп этилаётган баъзи китобларда ҳам шундай.
Аслида буюк тобеиннинг асл исм-шарифи Ваҳб ибн Мунаббиҳдир.
Аллома ҳижрий 34 йили Яманда таваллуд топган. У олдинги пайғамбарлар, олимлар ҳақида китоблар ёзган, “Анбиёлар қиссаси”, “Ахёр (яхши инсон)лар қиссаси” каби китоблар муаллифи.
Буюк тобеин ҳижрий 110 йили Яманнинг Санъо шаҳрида вафот этган. Аллома ҳақида Имом Ибн Касир “ал-Бидоя ван-ниҳоя” китобида маълумотлар келтирган.
* * *
Айрим замондош уламоларнинг исмлари ҳам ҳар хил ёзилган. Масалан, 96 ёшли мисрлик уламо, Дунё мусулмон олимлари уюшмаси собиқ раҳбари исми баъзи китобларда, интернет сайтларида “Юсуф Қарзовий” деб берилган бўлса, айримларида “Юсуф Қаразовий” шаклида ёзилган. Араб, турк ва инглиз тилларидаги википедиялар (https://ar.wikipedia.org/wiki, https://en.wikipedia.org/wiki, https://tr.wikipedia.org/wiki)да Юсуф Абдуллоҳ Қаразовий деб берилган. Аслида ҳам шундай бўлиши керак.
* * *
Ўзбек китобхонларига гўзал асарлари билан яхши таниш бўлган замондош уламолардан бири Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг исм-шарифи баъзан “Ноблусий”, “Ноблисий” каби ҳар хил ёзилади. Суриялик 88 ёшли олимнинг асл исм-шарифи Муҳаммад Ротиб Нобулсийдир.
Кўпчилик Имом Дороний билан Имом Доримийни алмаштириб қўяди. Аслида иккаласи бошқа-бошқа олимлар бўлиб, бири Дамашқ яқинидаги Дорон қишлоғида туғилган тасаввуф олими, бири эса Самарқандда туғилган муҳаддис алломадир.
Имом Доронийнинг тўлиқ исми Абу Сулаймон Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Атийя Инсий Дороний бўлиб, у ҳижрий 140 йилда Дамашқ яқинидаги Дорон қишлоғида туғилган ва ҳижрий 215 йилда вафот этган тасаввуф уламоларидан бўлган. Ҳазрат Алишер Навоий аллома ҳақида “Насойимул муҳаббат” асарида маълумот келтирган.
Имом Доримийнинг тўлиқ исми Ҳофизул кабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдусамад Тамимий Самарқандий Доримий бўлиб, у ҳижрий 182 йилда Самарқанд шаҳрида дунёга келган.
Имом Доримийнинг энг машҳур китоби “Сунани Доримий”дир. Аллома ҳадис илми билан чегараланиб қолгани йўқ, балки тафсир, фиқҳ каби илмларда ҳам етук олимлардан эди. У зот “Бисавми мустаҳоза вал мутаҳаййира” деб номланган фиқҳ китоби муаллифидир. Қуръони каримнинг баъзи жузларига тафсир ҳам ёзган. Лекин тафсир бизгача етиб келмаган.
* * *
“Исмлар ҳам атамалар каби грамматик қурилишда тил қонунларига бўйсунади” деган қоидага кўра, арабча бўлган “Оиша” ва “Хадийжа” каби исмлар ўзбек тилида “Ойша”, “Хадича” деб тил меъёрларига риоя қилинган ҳолда ёзилиши тавсия этилади.
Хулоса шуки, ўзбек ўқувчиларга қулайлик яратиш ҳамда босма ва электрон нашрларда, оммавий ахборот воситаларида диний атамаларнинг ҳар хил ёзилиши олдини олиш мақсадида тарихий манбаларда келган исмлар, жойлар, асарлар номларининг алоҳида имло луғати тузилса, айни муддао бўларди.
Толибжон НИЗОМ