«Қуръон» сўзининг таржимаси ва таърифи билан аввал танишиб ўтганимиз учун гаини бевосита «таржима» сўзининг маъноси ҳақида сўз юритишдан бошлаймиз.
Бу ҳақда машҳур «Сиҳоҳ» номли луғат китобида шундай дейилган:
«Гапини бошқа тилда баён қилган одам гапини таржима қилган бўлади», яъни таржима – бу бир гапнинг бошқа тилда баён қилинишидир».
«Ал-Мисбаҳул-Мунир» номли луғат китобида қуйидагилар келган: «Фалончи каломини таржима қилди» дегани «уни баён қилди ва равшанлаштирди» деганидир. «Бошқанинг каломини таржима қилди» дегани «Сўзловчининг тилидан бошқа тилга ўгирди» деганидир.
Таржима икки хил бўлади:
Бунда матн бир тилдан бошқа тилга унинг барча услубий хусусиятлари ва луғавий омиллари ила ўгирилади. Унинг ичида назмнинг аломатлари ҳам бўлади.
Бунда матннинг умумий маъноси бир тилдан бошқа тилга ўгирилади.
Уламолар Қуръони Каримнинг таржимаси ҳақида жуда кўп тортишганлар. Улар бу масалада турли фикрларни олға сурганлар. «Қуръони Каримни таржима қилиш мутлақо мумкин эмас», дейишдан «Қуръони Каримни таржима қилиш вожибдир», дейишгача етганлар.
Аммо ҳаммалари бу борада бир овоздан айтган гап – Қуръони Каримни ҳарфий таржима қилиш мумкин эмаслигидир. Уни таржима қилса бўладими ёки йўқми, деган маънодаги тортишувлар эса тафсирий таржима, яъни Қуръони Каримнинг маънолари таржимаси ҳақидадир. Бу тортишувнинг келиб чиқишининг ўз тарихи бор.
Авваллари Ислом етган жойларнинг аҳолиси араб тилини ўрганиб, ўша тил орқали Аллоҳ таолонинг Китоби билан танишган бўлса, кейинчалик мусулмонлар заифлашиб, янги мусулмонларга араб тилини ўргатиш у ёқда турсин, ўзлари ҳам у тилни керакли даражада ўргана олмай қолдилар.
Вақт ўтиши билан «Араб тилини билмайдиган мусулмонлар Қуръони Карим маъноларини қандай ўрганадилар?» деган савол пайдо бўлди. Гап таржимага бориб тақалди. Лекин уламолар бир овоздан «Қуръони Каримни таржима қилиб бўлмайди», деб туриб олдилар. Уларнинг фикрларича, Қуръони Карим илоҳий, мўъжиза калом бўлиб, унга ўхшаш арабча калом келтириш имкони бўлмаганидан кейин унинг мақсадини бошқа тилда, айни шаклда баён қилиш имкони ҳам йўқ эди. Қуръони Карим савиясида бўлмаган нарсани Қуръон деб аташ эса мутлақо мумкин эмас. Энг муҳими, Қуръони Карим таржимаси, деган даъво билан кишиларни ҳақиқий Қуръондан узоқлаштириш хавфи туғилиши мумкин эди.
Ушбу ва шунга ўхшаш мулоҳазалар асосида «Қуръони Карим таржимаси мумкин эмас» деган қатьий қарор чиқди. Шунинг учун ҳам қадимда бошқа тилларда Қуръони Каримга ёзилган тафсирлар ёки тушунтиришларни учратамиз-у, аммо Қуръони Карим оятларининг бевосита таржималарини деярли учратмаймиз.
Ушбу ҳолатнинг ёрқин намуналаридан бири ўтган милодий асрнинг биринчи чорагида бўлиб ўтган. Ислом ва Қуръонга хайрихоҳ бўлмаган тарафлардан бири ўз тилида Қуръони Каримга битта тафсир ва битта таржима ёзилишига буюради.
Ўша пайтнинг етук кишиларидан бирлари тафсир ва яна бирлари таржима ёзишга ихтиёр қилинадилар. Таржимон ишни бир оз юриштирганидан сўнг Мисрга боради. Мисрлик уламо лар у кишига қилинаётган таржима Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун хизмат қилмаслигини, аксинча, ўта хатарли иш бўлиб, шу таржима воситасида катта бир мусулмон халқни ҳақиқий Қуръони Каримдан узоқлаштириш нияти ҳам йўқ эмаслигини англатадилар. У киши юртига қайтиб бориб, қилган таржимасини куйдириб ташлаб, «Мен Қуръони Каримни таржима қила олмас эканман», деб айтади.
Демак, милодий йигирманчи асрнинг бошларигача Қуръони Каримнинг таржимасига расмий рухсат берилмаган. Яъни исломий сиёсатда бу иш марғуб иш ҳисобланмаган. Уламоларимиз бу ипши жоиз, деб фатво бермаганлар.
Замон ўзгариб, турли халқлар орасидаги алоқалар ривожланиши асносида Ғарб халқлари ҳам мусулмонлар билан борди-келди қилишга ўтдилар. Мазкур борди-келдилар мустамлакачилик асосида бўлгаюшги ҳаммага маълум. Бу омил барча алоқаларга ўз соясини солиб туриши ҳам сир эмас.
Худди ўша омил юзасидан Ғарб халқлари Қуръони Каримни ўз тилларига таржима қилишни бошладилар. Мусулмон халқлари ичида мустамлакачилик сиёсатини олиб борувчилар учун Қуръони Каримнинг маъноларини билиш жуда ҳам зарур эди.
Шунинг учун ҳам Қуръони Карим маънолари асосан Ғарб мустамлакачилигининг содиқ аскарлари – шарқшунослар томонидан таржима қилинганини кўрамиз. Улар мазкур таржималарни ўзларича, ҳавои нафслари хоҳлаганича қилдилар ва уларни Қуръон деб номладилар. Улар кўпроқ асл арабча матндан эмас, бошқа тилларга қилинган таржималардан ўз тилларига ўгирганлари ҳам сир эмас.
Ана шу таржималарни нафақат мустамлакачилар, балки уларнинг тилини биладиган баъзи мусулмонлар ҳам ўқий бошладилар. Чунки ҳар бир мусулмонда Қуръони Карим маъноларини билиш орзуси бўлиши турган гап. Шунингдек, ҳар бир мусулмон ҳам араб тилини билмаслиги ҳам аниқ гап.
Ушбу омиллар ва Қуръони Карим таълимотларини, Ислом динини бутун дунёга тарқатиш масъулияти уламоларимизни Қуръони Карим маъноларини таржима қилиш масаласини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.
Авваллари айнан Қуръони Карим муҳофазаси йўлида, асл Қуръон қолиб, унинг маънолари таржимасига суяниб қолинмасин, таржималардаги ихтилофлар Қуръон ҳақидаги ихтилофларга олиб бормасин, одамлар таржимага суяниб, араб тилини ўрганмай қўймасин каби мулоҳазалар ила Қуръони Карим маънолари таржимасига расмий рухсат берилмаган эди.
Энди эса шароит тамоман ўзгарган эди. Аллоҳ таоло томонидан нозил этилган араб тилидаги асл Қуръон муҳофазаси собит бўлган эди. Одамларнинг маънолар таржимасига суяниб, асл матнни унутишлари хавфи ҳам кўтарилган эди. Араб тилини биладиган мусулмонлардан кўра у тилни билмайдиган мусулмонлар кўпайиб кетган эди. Уларнинг барчасига Қуръони Каримни тушунадиган даражада араб тилини ўргатиш қийинлиги ҳам аён бўлган эди.
Бунинг устига, дунёнинг мусулмон бўлмаган халқларини ҳам Исломга даъват қилиш керак эди. Энг муҳими, Қуръони Карим маъноларини бошқалар нотўғри таржима қилиб, тарқатмоқда эдилар. Бу ўзига яраша катта хатар эди. Ана шу омилларни эътиборга олган уламоларимиз Қуръони Карим маъноларининг исломий таржимаси зарурлиги ҳақида фатво чиқардилар ва бундай таржима учун керакли шартларни ҳам баён қилдилар.
Мазкур шартлар «Қуръони Карим маънолари таржимаси унинг тафсиридек нарсадир», деган тушунча асосида қўйилгани учун биз юқорида зикр қилиб ўтган, тафсир ва тафсирчи учун қўйилган шартларнинг айни ўзи эди.
Шу билан бирга, маънолар таржимасига қўшимча шартлар ҳам қўйилди. Улардан баъзилари қуйидагилар:
Чунки Қуръони Каримни айнан ўзидек таржима қилиш умуман иложи йўқ нарсадир. Нафақат таржима, балки араб тилида ҳам Қуръони Каримнинг комил матни у ёқда турсин, бирор оятига ўхшаш матнни келтириш ҳам амримаҳол экани собит ҳақиқатдир.
Қуръони Карим маъноларини таржима қилишга рухсат беришга ўзига яраша ҳужжат ва далиллар ҳам бор.
Биринчи далил:
Ҳудайбия сулҳидан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом уч қитъа вакиллари бўлмиш давлат бошлиқларига мактублар юбориб, Исломга даъват қилдилар.
Мазкур мактубларда Қуръони Карим оятлари ҳам бор эди. Мазкур подшоҳлар ва уларнинг одамларига ўша мактублар ҳамда уларнинг ичидаги оятларнинг маънолари, албатта, таржима қилиб берилган.
Демак, мусулмон бўлмаган кишиларни Исломга даъват қилишда Қуръони Карим маънолари таржима қилиниши керак экан.
Имом Шамсул-аимма Сарахсийнинг «Ал-Мабсут» номли кўп жилдли асарларининг «Намоз китоби» бўлимида (1-жуз, 37-бет) қуйидагилар ёзилган:
«Ривоят қилинадики, форслар Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, ўзларига Фотиҳа сурасини форс тилида ёзиб беришни сўрадилар...»
Имом Тожуш-шариъанинг «Ҳидоя»га ҳошия қилиб ёзган «Ниҳоя» китобида (1-жуз, 86-бет) бу ҳақда батафсилроқ ёзилган:
«Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга «Фотиҳа»ни форс тилида ёзиб беришни сўраб, мактуб ёздилар. Бас, у киши «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» - «Ба номи...» деб ёзди ва Набий алайҳиссаломга кўрсатганларидан кейин уларга юборди».
Демак, араб тилини билмайдиган мусулмонлар учун ҳам улар у тилни ўрганиб олгунларича Қуръони Карим маънолари зарурат юзасидан таржима қилиб берилса бўлар экан.
Учинчи далил:
Қадимда Қуръони Карим маъноларини таржима қилишга оммавий равишда рухсат берилмаган бўлса ҳам, кези келиб, зарурат туғилганда бу иш амалга оширилган экан.
Мазкур таржималарнинг кўплари бизнинг давримизгача етиб келмаган. Бизгача етиб келган Қуръони Карим маънолари таржимаси ҳақида устоз Муҳаммад Ҳамидуллоҳ қуйидагиларни ёзадилар:
«Тўртинчи ҳижрий асрда подшоҳ Мансур ибн Нуҳ Сомоний ҳижрий 345 санада туркистонлик катта уламолардан бир жамоасини Қуръони Каримнинг ҳаммасини форс, шарқий ва ғарбий турк тилларига таржима қилишга амр этди.
Уша таржимага Табарий тафсирининг хулосасини зиёда қилишга ҳам фармон берди. Аллоҳга ҳамд бўлсин, бу таржималар бизга етиб келди ва улар Теҳрон ҳамда Истанбулда чоп этилди».
Кўриниб турибдики, мусулмонлар ўз мустақилликларига, тараққиётларига соҳиб бўлган вақтларида ўз Муқаддас Китобларига ҳам яхши хизмат қилганлар. Аммо ҳар жиҳатдан заифлашиб, тушкунликка юз бурганларида ҳамма нарсани, жумладан, Қуръони Карим маъноси таржималарини ҳам бошқаларга топшириб қўйганлар.
Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин, ҳозирда бу ишга алоҳида эътибор берилиб, ушбу ҳассос соҳада ҳам бир қанча яхши ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишда асосан араб бўлмаган мусулмонлар хизмат қилмоқдалар, десак муболаға қилмаган бўламиз. Чунки айнан ўша кишилар ўз халқларига Қуръони Карим маъноларини ўз тилларига таржима қилиб бермоқдалар.
Албатта, бу ерда ҳам ўзига хос нозик муаммолар бор. Араб бўлмаган мусулмон халқлар ичида араб тилини, исломий илмларни яхши ўзлаштирганлар таржима ва ўз тилларида юқори савияда асар битиш соҳасига вақтлари қолмаган бўлади. Аксинча, адиб ва таржимонликни яхши эгаллаган шахсларда эса араб тили ва исломий илмларни кераклигича ўзлаштиришга вақт қолмайди.
Аммо, шундай бўлса ҳам, Қуръони Карим маънолари таржимаси бўйича сезиларли силжиш юзага чиқмоқда. Ҳозирда Қуръони Карим маънолари деярли барча тилларга таржима қилинган. Баъзи тилларда эса бир неча таржималар мавжуд.
Устоз Муҳаммад Ҳамидуллоҳнинг таъкидлашларича, урду тилида Қуръони Карим маъноларининг уч юздан ортиқ таржимаси, форс ва турк тилларида эса юздан ортиқ таржимаси бор.
Лекин гап таржималарнинг сонида эмас, сифатида эканини унутмаслигимиз лозим. Бу соҳада ҳам кўпгина ишлар қилинмоқда. Бир неча ташкилотлар, мутахассислар ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар. Аллоҳ таоло бу ишлар нинг барчасининг Ўз Китоби йўлидаги холис ва фойдали хизматлар бўлишини насиб қилсин.
Бу соҳада асосий эътимод тафсирга бўлиши керак, аммо маълум мақсадларда Қуръони Карим маънолари таржимаси ҳам керак бўлиб қолади. Ана ўша мақсадлардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз:
Тиловат қилиб кетаётган киши ҳожати тушганда дарҳол ҳошия четига қараб, маънони англаб олаверади. Худди шу маънода араб бўлмаган мусулмонлар қийинчиликка учрайдилар. Ҳатто баъзи қорилар ҳам ўзлари ўқиётган оятларининг маъносини тушунмайдилар.
Қуръони Каримни тиловат қилган одам қайси оятнинг маъносини билмоқчи бўлса, дарҳол рақамига қараб, кўриб олаверади.
Ва охирги дуоимиз «Оламларнинг Робби – Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин», дейишдир.
КИТОБ БИТДИ (барчамизни боамаллардан қилсин...)
Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.
Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.
Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.
Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.
Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.
Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.
Нафақат музей, балки интеллектуал платформа
Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.
Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.
Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш
Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.
Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.
Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.
«Маърифат билан жаҳолатга қарши»
Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.
Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.
Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.
Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси
Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.
Учинчи Ренессанснинг асосий кучи
Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.
Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.
Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.
Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.
Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати