Бизларни муборак Рамазон ойига етказиб, марҳаматини дариғ тутмаган ва уни рўзасини гуноҳларга каффорат қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамд-у санолар бўлсин! Кундузлари рўзадор ва кечалари бедор бўлишда бизларга намуна бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг зиёда раҳматлари нозил бўлсин!
Рамазон Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига берган улуғ неъмати бўлиб, бу ойда Раббимизнинг раҳматлари ёғилиб, хоссатан Аллоҳ таолонинг бизларга берадиган иноятлари зиёда бўлади. Қуйида ўша неъматларнинг баъзиларини эслаб ўтамиз:
Рамазон ойининг биринчи кечасиданоқ ибодатлар осонлашади
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон ойининг биринчи кечасида шайтонлар ва ўзбошимча жинлар занжирланади, дўзахнинг бирорта эшиги ҳам қолмай ҳаммаси ёпилади, жаннатнинг барча эшиклари очилади ва ҳар кеча: Эй яхшилик қилувчи! Ғанимат бил, эй ёмонликка мойил бўлувчи ўзингни тийгин, дея нидо бўлади. Ҳар кеча Аллоҳ кўплаб бандаларини дўзахдан озод қилади”, – дедилар. Шайтонларнинг кишанланиши шак-шубҳасиз ибодатни енгиллатиш учун бўлади.
Рамозон ойи рўзаси гуноҳларга каффорат бўлади
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш вақт намоз, жума намози ва рамазон ойи то кейингиси келгунигача бўлган кичик гуноҳларни ювиб кетади”, деб марҳамат қилдилар (Муслим ривояти).
Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
“Эй иймон келтирганлар! Шояд тақводор бўлсангиз деб сизлардан олдингиларга фарз қилинганидек сизларга ҳам рўза фарз қилинди”, деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 183-оят).
Аллоҳ таоло бандаларига ушбу оят карима орқали рўза тутишликдан асосий мақсад тақво ҳосил қиладиган амаллардан бири эканлигини баён қилмоқда. Лекин бу дегани гуноҳ ва маъсиятлар қилиб ҳам рўза тутса тақводор бўлади дегани эмас, албатта. Тақво Аллоҳнинг наздида қанчалик буюк нарса эканлиги ҳақидаги ояти карималар ҳаммамизга маълум ва машҳур.
Рўза туфайли Аллоҳ ўтган гуноҳларни кечиради
Имом Бухорий ва имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Кимки Рамазон ойи рўзасини иймонла ва Аллоҳдан савоб умидида тутса, ўтган гуноҳлари мағфират бўлади”.
Бу ҳадиси шариф рўза нақадар улкан ибодат эканлиги, хато ва камчиликларни кечирилишига таъсир қилишлигини ифода этади. Фақат икки шарт билан. Бири иймон-ихлос, иккинчиси “Иҳтисоб” яъни Аллоҳнинг Ўзидан савоб умид қилган ҳолда тутиш билан. Мазкур ҳадисдаги “иймон билан” деган иборани Ҳофиз ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳ: “Рамазон рўзасининг фарз эканини эътироф этиб” деган маънони ифодалайди деган бўлсалар, “Иҳтисобан”деган сўзига Имом Хаттобий: “қатъий ишонч ила савобидан умид қилган ҳолда, покиза ният ва нафсига оғир олмай рўзани тутмоқлик”-деб маъно берган экан.
Рўза ҳудди Қуръон каби ўз соҳибини Қиёматда шафоат қилади
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза ва Қуръон ўз эгаларини Қиёмат куни шафоат қилади. Рўза: “Эй Рабби мени деб кундузи овқатдан ва нафсий хоҳишларидан ўзини тийди, мени унга шафоатчи қил”, дейди. Қуръон эса: “Мени деб кечалари бедор бўлди, мени унга шафоатчи қил”, дейди ва иккови ҳам ўз эгаларини шафоат қилади”, деганлар. Демак, ким рўзани ихлос ва Аллоҳнинг кўриб, билиб, кузатиб турганига ишонч ҳосил қилган ҳолида тутса, қиёмат куни тутган рўзаси ўзига кафил шафоатчи бўлиб келар экан.
Рамазон тунларини қоим қилиш аввалги гуноҳларга каффорат бўлади;
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечалари ибодат билан бедор ўтказишга қизиқтирар, аммо қатъий буюрмас эдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазонда иймон ва ихлос ила қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Рамазон ойи кечалари ибодат қилиш жуда ҳам фазилат ва гуноҳлардан покланиш имконияти ҳам экан. Рамазонда бедор бўлиб ўқиладиган намоз “таровеҳ” деб номланади. Таровеҳ роҳат-истироҳат маъносини англатади. Йигирма ракат нафл намозни имомга иқтидо қилган ҳолда жамоат билан масжидда адо этиш энг улуғ фазилатли амаллардандир.
Рамазон ойида қилинган умранинг савоби бир ҳаж савобига тенг бўлади:
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорий аёллардан бирига: “Рамазон ойи келса умра қилгин. Чунки у бир ҳажга тенг келади”, – деганлар. Лекин бу инсон зиммасига умри давомида бир маротаба фарз қилинган ҳаж ибодати соқит бўлади дегани эмас. Балки, Рамазон ойининг баракотидан ҳар бир қилинган амалга бошқа вақтдан кўра бу ойида кўпроқ ажр-мукофот берилишига далилдир.
Рамазон ойида қилинган садақа энг афзал садақадир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойида энг сахий инсонга айланиб, саҳоватлари янада жўшиб кетар экан. У Зоти шариф: “Энг афзал садақа Рамазон ойидагисидир”, дер эдилар (Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Бас, шундай экан биз ҳам Ҳабибимиздан ўрнак олиб, рамазон кунлари оиламизга, қариндошларга, маҳалламиздаги бева-бечораларга, кам таъминланган инсонларга қўлимиздан келганича моддий кўмак берсак, беморларни бориб хол сўрасак улуғ фазилатга соҳиб бўлардик.
Ифторлик қилиб берган одам рўзадорларнинг савобига тенг савобни олади
Зайд ибн Холид ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса шу рўзадорнинг савобига тенг савобга эга бўлади ва бу рўзадорнинг савобидан ҳеч нарсани камайтирмайди” (Термизий ривояти).
Саҳоба ва салаф солиҳларимизнинг одатлари шундоқ бўлган. Ибн Ражаб роҳматуллоҳи алайҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг одатларини эслаб шундай дейди: “У ҳар доим рамазон ойида мискинлар билан овқатланар, топа олмаса овқат емас эдилар. Агар овқатланиб турганларида бошқа бир киши таом сўраса, ўзининг овқатни бериб яна ҳеч нарса емасдан рўзага ният қилар эканлар”.
Ҳулоса ўрнида, Яратган Раббимиз Рамазон ойида холис ниятлар билан тутаётган рўзалармизни, кечалари қоим туриб адо этаётган таровеҳ намозларимиз, хатми Қуръонларимиз, хайру саҳоватларимизни ва барча солиҳ амалларимизни қабул қилишини ҳамда бу муборак ойни фазли ва қадрини топишлигимизни насиб этсин! Амин.
Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси
Жалолиддин Ҳамроқулов
Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган.
Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.
Фармон асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган.
Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.
Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир.
Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.
Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:
Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.
Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.
Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:
Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.
Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.
Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.
Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.
Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:
Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.
Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,
Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.
Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.
Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари