Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўта сахий зот бўлсалар-да, Рамазон кириши билан саховатлари, яхшиликлари янада ортиб кетар эди. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Афсуски, ҳаётимиздаги барча майда ишларни ҳам эътибордан четда қолдирмай ҳисоб-қитоб қиламиз-у, бироқ рамазон ойи режасини тузишни унутамиз. Оқибатда дунё ва охират учун фойдали бўлган яхшиликдан бепарволик сабабли маҳрум бўламиз. Зеро, охиратнинг ободлиги бу дунёни обод қилиш билан бошланади. Абадий саодатга эришиш учун ибодатларни гўзал тарзда адо этишга одатланиш лозим. Шу сабабли, мўмин-мусулмонларнинг Рамазон ойининг ҳар бир кундузию кечасини ўтказиш тартибини режалаштириб олишлари мақсадга мувофиқ.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Розий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деб айтардилар: “Аллоҳим! Сенинг зикрингсиз менинг куним беҳаловатдир. Туним Сенга розу ниёзсиз файзсиздир”.
Ҳа, албатта! Аллоҳга ошиқ бўлган киши туннинг ярмини, худди келин-куёвлар бир-бири билан суҳбатлашишни кутишганидек кутадилар. Нима учун, биласизми? Чунки ундан Аллоҳнинг ошиқлари лаззат оладилар. Агар эътибор қаратсак, бир турдаги лаззатлар инсоннинг тили томонидан келади. Киши бирор нарсани мазали, деб билса, уни тотиб кўришга талпинади.
Яна бошқа бир турдаги лаззат инсоннинг кўзи орқали етади. Киши доимо хушсурат, чиройли манзараларни кўришни хоҳлайди. Қулоқ билан боғлиқ лаззат ҳам борки, агар чиройли овозда тиловат қилинса, кишига роҳат бағишлайди. Масалан, қори Абдулбосит Абдуссомад Қуръон тиловат қилса, уни жон қулоқларимиз билан эшитишни хоҳлаймиз. Яна бир турдаги лаззат борки, у қалб томонидан ҳис қилинади. У муҳаббат ва ишқ лаззатидир.
Албатта, қалб инсон аъзоларининг сардори экан. Ундан келадиган лаззат барча аъзоларнинг ҳис қиладиган лаззатидан тотлироқдир. Буни фақат ҳис қилганларгина билади. У лаззатни ҳис қилганлардан бири бундай шеър битган:
Аллоҳ, Аллоҳ инчи ширин аст ном,
Ширу шакар мишавад жонам тамом.
Таржимаси:
Аллоҳ, Аллоҳ бунчалик ширин ном,
Қанду асал булғуси жоним тамом
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Илоҳий ишқ" китобидан Нодир Одинаев таржимаси