Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўта сахий зот бўлсалар-да, Рамазон кириши билан саховатлари, яхшиликлари янада ортиб кетар эди. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Афсуски, ҳаётимиздаги барча майда ишларни ҳам эътибордан четда қолдирмай ҳисоб-қитоб қиламиз-у, бироқ рамазон ойи режасини тузишни унутамиз. Оқибатда дунё ва охират учун фойдали бўлган яхшиликдан бепарволик сабабли маҳрум бўламиз. Зеро, охиратнинг ободлиги бу дунёни обод қилиш билан бошланади. Абадий саодатга эришиш учун ибодатларни гўзал тарзда адо этишга одатланиш лозим. Шу сабабли, мўмин-мусулмонларнинг Рамазон ойининг ҳар бир кундузию кечасини ўтказиш тартибини режалаштириб олишлари мақсадга мувофиқ.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Машҳур тобеин Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳнинг Али исмли ўғли бўлиб, илмга қизиқмас, боқибеғам бола эди. Отаси уни тарбия қилишга ҳар қанча уринмасин, бирор ўзгариш бўлма ди. Шунда фарзанди ҳаққига бундай дуо қилди:
اللهم إنِّي اجْتَهَدْتُ أَنْ أُؤَدِّبَ عَلِيًّا قلم أَقْدِرُ عَلَى تَأْدِيبِهِ فَأَذِبُهُ أَنْتَ
Маъноси: Аллоҳим, мен ўғлим Алини одобли қилишга ҳарчанд ҳаракат қилдим, аммо қурбим етмади, бас, Ўзинг менга уни тарбияли қилиб бер.
Ушбу дуонинг баракотидан Али ибн Фузайл раҳматуллоҳи алайҳ улуғ олим бўлиб етишди.
Имом Насоий раҳматуллоҳи алайҳ Али ибн Фузайлни “сиқа” (ишончли) “маьмун” (омонатли) деган.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: “Одамларнинг энг яхшиси Фузайл ибн Иёз, ундан ҳам яхшироғи ўғли Алидир”, деган.
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳи: “Мен Фузайлдан ва унинг ўғлидан кўра Аллоҳдан кўпроқ қўрқадиган бирор кимсани кўрмадим”, деган (Сиярул аълам ан-нубало).
Моҳира ЗУФАРОВА