Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўта сахий зот бўлсалар-да, Рамазон кириши билан саховатлари, яхшиликлари янада ортиб кетар эди. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Афсуски, ҳаётимиздаги барча майда ишларни ҳам эътибордан четда қолдирмай ҳисоб-қитоб қиламиз-у, бироқ рамазон ойи режасини тузишни унутамиз. Оқибатда дунё ва охират учун фойдали бўлган яхшиликдан бепарволик сабабли маҳрум бўламиз. Зеро, охиратнинг ободлиги бу дунёни обод қилиш билан бошланади. Абадий саодатга эришиш учун ибодатларни гўзал тарзда адо этишга одатланиш лозим. Шу сабабли, мўмин-мусулмонларнинг Рамазон ойининг ҳар бир кундузию кечасини ўтказиш тартибини режалаштириб олишлари мақсадга мувофиқ.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Аввало "Икки ракат ийдул фитр намозини ушбу имомга иқтидо қилиб, холис Аллоҳ таоло учун адо этишни ният қилдим" дейилади.
2. Имом “Аллоҳу акбар” деб биринчи такбирни айтгач жамоат ҳам қўлларини қулоқ баробарида кўтариб, ичида такбир – "Аллоҳу акбар" деб айтади.
3. Кейин қўллар боғланиб, ҳар ким ичида сано дуоси (Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук)ни ўқийди.
4. Сўнгра имом уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам унга эргашади. Биринчи ва иккинчи такбирда қўллар ён томонга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланади.
5. Имом "Фотиҳа" сурасини ва зам сура ўқийди. Сўнг такбир айтиб руку ва сажда адо этилади.
6. Шундан сўнг иккинчи ракатга турилади. Имом "Фотиҳа" сураси билан зам сура ўқигач, рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби уч марта такбир айтади. Ҳар такбир айтилганда қўллар қулоқ баробар кўтарилади ва икки ён томонга туширилади.
7. Тўртинчи такбирда қўллар кўтарилмасдан рукуга борилади, сўнгра сажда қилинади.
8. Сўнгра "Аттаҳийёт", "Салавот" ва "Дуо" ўқилиб, салом берилиб, намоз тугатилади.
Аллоҳ ибодатларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД