Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Касал ёки мусофир кишилар, ҳомиладор ёки эмизикли аёллар, рўза тута олмайдиган қарияларга рўза тутмасликка рухсат берилган. Қуръони каримда: “Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир...”, дейилган (Бақара сураси 184-оят).
Рўза тутса, касаллиги зиёда бўлишидан қўрққан бемор, рўза тутмайди. Сафардаги кишига рўзаси зарар қилмаса, рўза тутгани афзал. Лекин рўза тутмаса ҳам узрли ҳисобланади, гуноҳкор бўлмайди.
Ўзи ёки бола (ҳомила)сига зарар етишидан қўрққан эмизикли ёки ҳомиладор аёл ҳам, рўза тутмайди. Рўза ўзига ёки боласига зарар қилмайдиган эмизикли ва ҳомиладор аёллар, албатта, рўзани қолдирмай тутадилар. Юқорида саналган узрли кишиларнинг барчаси Рамазондан кейин имкон бўлиши билан қолиб кетган кунларнинг рўзасини тутиб берадилар.
Рўза тута олмайдиган қариялар фидя, яъни, Рамазоннинг ҳар кунига бир мискинга бир кунлик таом ёки унинг қийматини берадилар. Рўза тута оладиган қариялар одатдагидек рўза тутаверадилар.
Ҳайз ва нифос кўрган аёллар ҳам узрли кунларида рўза тутмайдилар. Пок бўлишлари билан рўзани тутиб бошлайдилар. Қолиб кетган кунларни Рамазондан кейин тутишади. (“Ҳидоя”, “Ихтиёр”, “Фатҳу бобил иноя” китоблари).
Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқароларимиз билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаб туриш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқий онгини ошириш, маърифатини зиёда қилиш бўйича суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг Татаристон ва Бошқирдистонга хизмат сафари уюштирилди.
Президент Администрациясининг топшириғи ижросига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари О. Абдуллаев бошчилигида юртимизнинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Б.Асадов, Бош консули М.Хайриддинов ва бир қатор тегишли ташкилотлар вакилларидан ташкил топган делегация таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон Иномов ҳам иштирок этди.
Ватандошларимиз билан “Ота-онани рози қилиш – фарзандлик бурчи”, “Ҳалол касб – барака калити”, “Миллий ва диний қадриятларимиз”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ақидада адашмайлик!”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби”, “Исломда бағрикенглик”, “Исломда ватанпарварлик тушунчаси” мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Ҳар қандай диний мавзудаги маълумотлар борасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тегишли расмий интернет тармоқлардан фойдаланиш тавсия этилди. Турли диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги – ҳам шариат кўрсатмаси, ҳам замон талаби экани таъкидланди.
Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси, муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат делегация аъзоларини қабул қилиб, Ўзбекистон халқига меҳри ўзгача эканини билдирди. Учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломи эсдалик ҳадялари тақдим этилди. Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат меҳмонларни Диний идора ва унинг қошидаги Россия ислом университети билан таништириб чиқди.
Хизмат сафари давомида ватандошларимиз билан бўлган суҳбатларда бугун мамлакатимизда қилинаётган ишлар тўғрисида тўхталиниб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва саломатлиги, динимиз равнақи йўлидаги ислоҳотлар, янгиликлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати