Ўзбекистон тарихи давлат музейида «Ҳиндистоннинг ёзма мероси: ҳинд-ислом ҳаттотлигининг ёзма санъати» номли кўргазма очилди. Кўргазма Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази ва Ўзбекистон Бадиий академияси билан ҳамкорликда ташкиллаштирилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА Фанлар академияси маълумотига асосланиб.
Кўргазмада Ҳирот санъат мактаби буюк ҳаттотларининг XV-XIX асрларда Ҳиндистоннинг турли ҳудудларида яратган куфий, наш, сулс, настаълиқ, шикаста, таълиқ йўналишидаги ишларидан намуналар намойиш этилмоқда.
Ушбу ёзув намуналари, айниқса, Қуръон оятларининг наш ва сулс хатларида нафис ёзилишида кенг қўлланилган.
Кўргазма 20 апрелгача давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Дин ишлари бўйича қўмита, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан жорий йилнинг 10-15-ноябрь кунлари республиканинг барча ҳудудида "Бағрикенглик ҳафталиги" ўтказилади.
Ҳафталикни ўтказишдан кўзланган мақсад – мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, фуқаролар ўртасида ўзаро ҳурмат ва бирдамлик фазилатларини тарғиб этишдан иборат.
Ҳафталик доирасида вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги нуфузли томоша майдонлари, сўлим ҳиёбонлар ва боғларда турли маданий, илмий-амалий ва маърифий тадбирлар, "Ўзбекистон – бағрикенг диёр" шиори остида концерт дастурлари, фото кўргазмалар, қардош халқлар ёзувчи-шоир ва рассомларининг бадиий асарлари тақдимоти, турли экскурсиялар, спорт ўйинлари, интеллектуал ва бошқа турдаги мусобақалар ўтказилади.
Барча юртдошларимизни бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва тотувлик байрамини биргаликда нишонлашга чорлаймиз!
Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати