Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июл, 2025   |   13 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:15
Қуёш
04:58
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:37
Bismillah
08 Июл, 2025, 13 Муҳаррам, 1447

09.04.2021 й. Рамазон ойи фазилатлари

06.04.2021   6168   13 min.
09.04.2021 й. Рамазон ойи фазилатлари

     بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ وَكَفَى، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْمُصْطَفَى، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.

РАМАЗОН ОЙИ ФАЗИЛАТЛАРИ

Ҳурматли жамоат! Диёримизга ойларнинг султони, меҳр-шафқат саховат рамзи бўлган, Қуръони карим нозил бўлган, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон ташриф буюриб келмоқда. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу ойни муборак қилиб, Ўзи рози бўладиган кўплаб ибодатларни бажаришимизга муваффақ айласин!

Рўза араб тилида “савм” деб аталиб, луғатда “бир нарсадан ўзини тиймоқлик”ни билдиради. Истилоҳда эса “тонгдан шомгача рўзани ният қилиб, уни очувчи барча нарсалардан ўзини тийиш”дир.

Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи санасида фарз қилинган. Аллоҳ таоло Рамазон рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

 (سورة البقرة/183).

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Динимизда ойларнинг ўзига яраша фазилатлари зикр қилинган бўлиб, Рамазон ойи улар ичида алоҳида ажралиб туради. Қуйидаги ҳадиси шарифда шу фазилатларга ишора қилинади:  

عَنْ سَلْمَانَ الْفَارِسِيِّ قَالَ خَطَبَنَا رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم آخِرَ يَوْمٍ مِنْ شَعْبَانَ فَقَالَ : "يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ أَظَلَّكُمْ شَهْرٌ عَظِيمٌ شَهْرٌ مُبَارَكٌ شَهْرٌ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ جعل اللَّهُ صِيَامَهُ فريضة وَ قِيَامَ لَيْلِهِ تَطَوُّعًا مَنْ تَقرب فِيهِ بِخِصْلَةٍ من خصال الْخَيْرِ كَانَ كَمَنْ أَدَّى فَرِيضَةً فِيمَا سِوَاهُ وَمَنْ أَدَّى فَرِيضَةً فِيهِ كَانَ كَمَنْ أَدَّى سَبْعِينَ فَرِيضَةً فِيمَا سِوَاهُ وَهُوَ شَهْرُ الصَّبْرِ وَالصَّبْرُ ثَوَابُهُ الْجَنَّةُ وَشَهْرُ الْمُوَاسَاةِ وَشَهْرٌ يُزَادُ فِيهِ رِزْقُ الْمُؤْمِنِ مَنْ فَطَّرَ فِيهِ صَائِمًا كَانَ لَهُ مَغْفِرَة لِذُنُوبِهِ وعِتْقُ رَقَبَته من النار وَكَانَ لَهُ مِثْلَ أجْرِهِ مِنْ غَيْرِ أَنْ يَنْتَقِصَ مِنْ أجْرِهِ شَيْءٌ" قلنا: يَا رَسُولَ اللهِ لَيْسَ كُلُّنَا نجِدُ مَا نُفطرُ به الصَّائِمَ قَالَ: "يُعْطِي اللَّهُ هَذَا الثَّوَابَ مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا عَلَى مَذْقَةِ لَبَنٍ أَوْ تَمْرَةٍ أَوْ شَرْبَةِ من مَاءٍ وَمَنْ أَشْبَعَ صَائِمًا سَقَاهُ اللَّهُ مِنْ حَوْضِي شَرْبَةً لاَ يَظْمَأُ حَتَّى يَدْخُلَ الْجَنَّةَ وَهُوَ شَهْرٌ أَوَّلُهُ رَحْمَةٌ وَأَوْسَطُهُ مَغْفِرَةٌ وَآخِرُهُ عِتْقٌ مِنَ النَّارِ وَمَنْ خَفَّفَ عَنْ مَمْلُوكِهِ فِيهِ غفر الله له وأَعْتَقَهُ مِنَ النَّارِ"

(أخرجه الإمام البيهقي والإمام ابن خزيمة)

яъни: Салмон Форсий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи охирида бизларга хутба ўқидилар: “Эй инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгаларга меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда, ўшанча ажр бўлади”, дедилар. Шунда биз: “Эй, Расулуллоҳ, ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку”, – дедик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютум сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади ва Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким рамазон ойида қўл остидаги (хизматчиси)га енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади”, дедилар (Имом Байҳақий ва ибн Хузайма ривоят қилган).

Бу ойнинг бир қанча фазилатлари борки, уни ўзга ойлардан устун қилади:

  1. Рамазон ойи – Қуръон ва бошқа илоҳий китоблар: Иброҳим алайҳиссалом саҳифалари, Таврот, Забур ва Инжил нозил бўлган ойдир (Имом Табарий Абу Жалддан ривоят қилганлар). Бу китоблар инсониятган раҳмат ва ҳидоят бўлиб келган. Инсониятни икки дунё саодатига бошлаган. Куфр ва исён зулматидан имон ва тоат ёруғлигига олиб чиққан.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ

яъни: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир....” (Бақара сураси 185-оят).

Қуръони каримнинг бошқа ўринларида Қуръон  нозил бўлган кеча ҳақида айтилади:

إِنَّا أَنـزلْنَاهُ فِي لَيْلَةٍ مُبَارَكَةٍ

яъни: “Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз” (Духон сураси 3-оят).

إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ

яъни: “Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик” (Қадр сураси 1-оят).

Қуръони карим 23 йил давомида тарқоқ ҳолда нозил бўлган бўлсада, мазкур оятларда бир кечада нозил қилингани хабари берилмоқда. Буни муфассирлар Лавҳул маҳфуздан дунё осмонига бир жумла қилиб туширилиши билан изоҳлайдилар.

  1. Рамазон ойи – таровиҳ ва таҳажжуд ойидир. Бу ойда фурсатни ғанимат билиш учун одатдаги ибодатларга қўшимча равишда 20 ракат таровиҳ намози суннат қилинган. Бу эса савобларнинг бир неча баробар бўлишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:

مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ)

رواه الامام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Ким имон билан, савоб умидида Рамазон кечалари қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривоятлари).

  1. Рамазон ойи – Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғиладиган, жаннат ясантириладиган, дўзах эшиклари ёпиладиган, шайтонлар кишанланадиган ва кўп бандаларнинг гуноҳлари кечириладиган ойдир. Бу ой – гуноҳлари кечириладиган вақтдир. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади:

مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إيمَاناً وَاحْتِسَاباً ، غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

(متفقٌ عَلَيْهِ عن أَبي هريرة رضي الله عنه).

яъни: “Ким Рамазон ойида имон билан, савоб умидида рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Муттафақун алайҳ).

Бошқа ҳадиси шарифда айтилади:

إِذَا جَاءَ رَمَضَانُ فُتِّحَتْ أبوابُ الرَّحْمَةِ ، وَ غُلِّقَتْ أَبْوَابُ جَهَنَّمَ ، وَسُلْسِلَتِ الشَّيَاطِينُ

(متفقٌ عَلَيْهِ)

яъни: Рамазон келганда, Раҳмат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади(Муттафақун алайҳ).

  1. Рамазон ойи – эҳсон ва саховат ойидир. Чунки Рамазонда қилинган ибодатларнинг савоби кўп бўлгани каби, эҳсон ва саховатда ҳам савоб кўп бўлади. Мана шу вақтни ғанимат билиб, ота-она, оила, туғишганлар, қариндошлар, қўни-қўшнилар ва бева-бечораларни ҳолидан хабар олиш айни муддаодир. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

"كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَجْوَدَ النَّاسِ وَكَانَ أَجْوَدُ مَا يَكُونُ فِي رَمَضَانَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ وَكَانَ يَلْقَاهُ فِي كُلِّ لَيْلَةٍ مِنْ رَمَضَانَ فَيُدَارِسُهُ الْقُرْآنَ"

(متفقٌ عَلَيْهِ عن ابن عباس رضي الله عنهما)

яъни: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг сахийси эдилар. Айниқса, Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида янаям сахий бўлиб кетардилар. Рамазоннинг ҳар кечасида Жаброил алайҳиссалом билан учрашардилар ва Қуръон ўқиб берардилар” (Муттафақун алайҳ).

  1. Рамазон ойи – дуолар ижобат бўладиган ойдир. Дуо – ибодатнинг мағзи, мўмин бандани Парвардигори билан боғловчи восита. Аллоҳ таоло унга дуо қилиб, илтижо қилишларини яхши кўради ва дуоларни кўплаб қабул қилади. Айниқса Рамазон ойида дуолар ижобат бўлишига ишоралар бор. Рамазон рўзаси ҳақидаги оятлардан кейин қуйидаги оят келади. Аллоҳ таоло шундай дейди:

إِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ ۖ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ ۖ فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ

яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар” (Бақара сураси 186-оят).

Оятда мўминлар учун улкан башорат бордир. У ҳам бўлса – дуо ва илтижо қилувчиларнинг сўровларини ато этишга берилган илоҳий ваъдадир.

Рамазон ойида қилиниши керак бўлган яна бир муҳим ишлардан бири – киши нафсини чиройли хулқлар билан безашга, уларга одатланишга ҳаракат қилиши лозим. Натижада Рамазон ойида ҳосил қилинган яхши кўникмалар: тақво, ихлос, сабр, шукр, қаноат, сахийлик, меҳрибонлик йил давомида бизга ҳамроҳ бўлади.

Ҳурматли жамоат! Муборак рамазон ойи кириб келишига ҳам саноқли кунлар қолди. Шу муносабат билан кўпчиликда рўзага доир саволлар пайдо бўлади. Хусусан шу кунларда кўпчилик мўмин-мусулмонларимиз томонидан тез-тез такрорланаётган саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг қисқача жавоблари билан танишиб чиқишсак, ҳар биримиз учун фойдали илм бўлиб, дунё ва охиратимиз учун манфаатли бўлади, иншаАллоҳ.

  • Савол: Шак куни рўза тутса бўладими?

Жавоб: Шак куни – Шаъбонни 30 куними ёки Рамазонни биринчи куними, деб шак қилинган кундир. Шак куни нафл рўза тутиш одатда тутиладиган рўзасига тўғри келиб қолганлар учун афзалдир. Масалан, бир киши ҳар душанба куни рўза тутар эди, шак куни ҳам душанба кунига тўғри келмоқда.  Мана шу кишини шак кунида рўза тутиши афзалдир. Шак кунида бошқа рўзани ният қилмасдан, фақат нафл рўза тутишни ният қилиб рўза тутиш жоиздир (“Фатҳу бобил иноя”)

  • Савол: Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган киши уйғонганидан кейин сув ичиб, ният қилиб рўзани давом эттирса бўладими?

Жавоб: Рамазонда саҳарликдан ухлаб қолган одам, ўйғонгач оз бўлса ҳам бирор нарса еб-ичиб, рўзани ният қиламан деса, нияти ҳам ўша куни тутадиган рўзаси ҳам тўғри бўлмайди. Рамазон ойида саҳарликка ухлаб қолган одам, уйқудан тургач, рўзани бузадиган (яъни, еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмасдан, шу кунги рўзани тутишни ният қилади. Бундай ниятни токи қуёш тиккага келишидан бироз олдинроққача қилиш мумкин.

  • Савол: Рўзадор киши сўлагини ютиши мумкинми?

Жавоб: Рўзадор сўлаги (туфуги)ни ютиши билан рўза очилмайди. Лекин туфукни қасддан оғизда йиғиб, ютишдан иложи борича сақланиш керак бўлади. Одатдаги ҳолатда эса сўлакни ичга ўтиши макруҳ эмас.

  • Cавол: Рўзадор ҳолатимда шамоллаган бўлсам бурнимга спрей дорисини сепсам ва томоғимга спирт суртсам бўладими?

Жавоб: Спрейнинг газли (ҳаволи)сидан фойдаланилса ёки бурунни четига ҳиди димоғни очадиган маз суртилса, рўзани бузмайди. Спрейнинг сув пуфлайдигани рўзани очиши мумкин. Рўзадор киши томоғига спирт суртиш жоиз. Уни рўзага зарари йўқ.

Аллоҳ таоло кериб келаётган Рамазон ойини ҳаммамизга муборак қилсин! Ушбу муборак ой сабабидан юртимизни тинч, халқимизни фаровон айласин! Турли касалликлар ва офатлардан ўз паноҳида асрасин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келаси жума маърузаси “Рўза - диннинг аркони” ҳақида бўлади, иншааллоҳ.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Ашуро куни — муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир

04.07.2025   4860   7 min.
Ашуро куни — муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир

Ислом тарихидаги энг улуғ, маънавий жиҳатдан энг ибратли кунлардан бири Ашуро куннидир. Ҳар йили муҳаррам ойининг ўнинчи куни нишонланадиган бу сана нафақат рўза тутиш фазилати билан, балки Аллоҳ таолонинг бандаларига кўрсатган марҳамати, Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмини нажот этганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу кунга алоҳида эътибор берганлар ва умматларини ҳам унинг фазилатларидан баҳраманд бўлишга чорлаганлар. Ашуро куни мусулмонлар учун маънавий покланиш, гуноҳларга каффорат ва суннатни ҳаётга татбиқ этиш имконидир.

 Бу кун мусулмонлар учун рўза тутиш тавсия этилган кунлардан бири бўлиб, уламоларнинг кўпчилиги бу кунни рўза билан ўтказишни мустаҳаб деб ҳисоблайди. Ашуро куни рўза тутиш суннат амаллардан бири бўлиб, унинг фазилати жуда катта. Тасуъо (тўққизинчи) ва Ашуро (ўнинчи) кунларида рўза тутиш пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатлардандир. Бу Аллоҳнинг кунларидан бири бўлиб, У Зот ўз бандаларига марҳамат кўрсатган, яъни У зот Калимуллоҳ Мусо алайҳиссалом ва Унинг қавми Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинининг зулмидан нажот этган кундир.

Ашуро кунини рўза билан ўтказишнинг асосий сабаби бу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинидан нажот этганидир. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини жуда аҳамиятли деб билар эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор кунни бошқалардан афзал деб рўза тутишга уринганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун — Ашуро куни ва ушбу ой — Рамазон ойидан ташқари” (Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Ашуро куни рўза тутишга рағбатлантирар ва: “Ашуро куни рўзаси ўтган бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”,  дер эдилар (Имом Муслим ривояти).

Мусулмонлар бу суннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг амалиётга тадбиқ эта бошладилар. У киши яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар ва бунинг сабабини сўраганларида, улар: “Бу яхши кун бўлиб, Аллоҳ ушбу кунда Бани Исроилни душманларидан нажот этган, шунинг учун Мусо алайҳиссалом ушбу кунни рўза билан ўтказган”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен Мусога сизлардан кўра яқинроқман”, деб, ўша куни рўза тутдилар ва бошқаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар.

Шу кундан бошлаб бу амал суннат сифатида амалга оширила бошланди ва мусулмонлар учун ўтган йилнинг гуноҳларидан покланиш, катта савоб ва фазилатга эришиш имкони сифатида қаралади.

Ашуро куни бу барча мусулмонлар учун муҳим сана ҳисобланади. Кўплаб инсонлар бу кунда рўза тутишга ва ибодат қилишга интилади.

Кўпчилик Ашуро кунини ягона ҳолда рўза тутиш мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Аммо Азҳар муассасаси ўз фатволаридан бирида бу фикрни рад этган. Унда таъкидланганидек, жума ёки шанба куни Ашуро кунига тўғри келса ҳам, уни алоҳида ҳолда рўза тутиш ман қилинган эмас.

Азҳар уламоларининг таъкидлашларича, имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасига изн берганлар ва унга тарғиб қилганлар. Лекин бу кун шанбага тўғри келса, тутманглар, демаганлар. Бунинг ўзиёқ, Ашуро ҳар қандай кунга тўғри келса ҳам рўза тутиш мумкинлигини кўрсатади”.

Шунингдек, агар Ашуро ёки Арафа куни жума ёки шанба кунига тўғри келса ёки инсоннинг одатдаги рўзали куни бўлса, бу ҳолда рўза тутишда ҳеч қандай монеълик йўқ.

Дорул-Ифто (Миср Фатво ҳайъатининг 2023 йил 26 июльдаги 7756 рақамли Профессор Доктор Шавқий Иброҳим Аллом фатвосида) ҳам Ашуро кунини яъни муҳаррамнинг 10-кунини ягона ҳолда рўза тутиш жоизлигини тасдиқлаган. Шу билан бирга, ихтилофдан қочиш мақсадида, у билан бирга бир кун аввал 9-кун ёки бир кун кейин 11-кун рўза тутиш тавсия этилди.

Миср Дорул-Ифто муассасаси таъкидлашича, муҳаррамнинг 9-кунини рўза тутиш  қатъий суннатдир. Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутганларида, Пайғамбаримизга яҳудий ва насронийлар бу кунни улуғлашларини айтишган. Шунда у зот: “Келгуси йили, агар Аллоҳ хоҳласа, тўққизинчи куни ҳам рўза тутаман”, деганлар. Ибн Аббос айтадилар: келгуси йил келмасдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Бу ҳадисни Имом Муслим ўз “Саҳиҳларида” келтирганлар.

Суннатда Ашуро куни рўзаси тутишнинг фазилати ҳақида бир қатор ривоятлар келтирилган. Унга кўра, муҳаррам ойида рўза тутиш тавсия этилган амаллардан саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррам ойида тутиладиган рўзадир. Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз кечаси ўқиладиган (таҳажжуд) намоздир”.

Ашуро кунининг фазилати шундаки, бу кун тутиладиган рўза ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:

Арафа куни рўзаси ҳақида нима дейсиз?

У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган ва келгуси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, дедилар.

Ашуро куни рўзаси ҳақида нима дейсиз? деб сўрадилар.

У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, деб жавоб бердилар.

Шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирон кунни бошқалардан кўра афзал деб рўза тутишга шунчалик интиқлик билан интиқлик қилганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун Ашуро куни ва ушбу ой Рамазон ойи бундан мустасно”.

Уламоларимиз Ашуро кунида аҳли оилага кўпроқ сарф қилиш, яъни уларни қувончли қилиш, ризқда кенглик қилишнинг тавсия этилган амаллардан эканини таъкидлайдилар. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига асосланади:

“Кимки Ашуро кунида ўз аҳлига (оила аъзоларига) кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга бутун йили кенглик беради”.

Хулоса ўрнида шуни эслаш жоизки, Ашуро куни бу бир кунлик рўза орқали бутун бир йиллик гуноҳлардан покланиш умиди берилган, Аллоҳнинг махсус марҳамати тўкилган муқаддас кундир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бири бўлган ушбу рўзани тутмоқ, уни 9-куни ёки 11-кун билан бирга адо этмоқ  мусулмон киши учун катта ажру савоб манбаидир.
Шунингдек, бу кунда аҳли оилага шодлик улашиш, ризқда кенглик қилиш ҳам суннатга уйғун амаллардан ҳисобланади. Демак, Ашуро куни ибодат, муҳаббат ва маънавий янгиланиш кунидир. Ундан оқилона фойдаланган киши на дунёда, на охиратда зиён кўрмайди.

 

Дилшод Алиев,
"Болои Ҳовуз" масжиди имоми.