Эртага, чоршанба куни Миср ҳукумати Covid-19 инфекциясининг олдини олиш учун муқаддас Рамазон ойида фуқаролар бажаришлари керак бўлган хавфсизлик чораларини муҳокама қилади. Унда камбағаллар учун хайрия ифторлари ёки узоқ вақт давомида масжидларда бўлиб туриш каби баъзи тадбирлардан воз кечиш масаласи кун тартибига қўйилади.
Islam.ru маълумотларига кўра аввалроқ коронавирус инқирозини бошқариш бўйича Олий қўмита йиғилишида бош вазир Мустафо Мадбули эҳтиёт чораларига кучли талаб қўйилганини таъкидлаган.
Жумладан, 13 апрелдан ёпиқ хоналарда катта йиғин, марака, тўй ва бошқа оммавий тантаналарни ўтказиш маън этилади. Мусулмонлар масжидларда ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб кийиш, шахсий жойнамозлардан фойдаланиши керак.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги сурункали касаллиги ва болалари бўлган одамларнинг уйда намоз ўқишини сўради.
Бироқ қоидалар 2020 йилга қараганда анча мослашувчан бўлади. Бу сафар оммавий тунги намозлар (таровиҳ) ўтказилади, кафе ва ресторанлар эрталаб соат биргача, дўконлар эса кечки соат 11 гача очиқ бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманида қайтадан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди.
Зиёратгоҳнинг қоқ марказида буюк ҳадисшунос бобомизнинг табаррук мақбараси ўрин олган.
Давлатимиз раҳбари мақбарани зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.
– Муборак Рамазон ҳайити арафасида буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг руҳи покларига яна бир бор ҳурмат-эҳтиром бажо келтирмоқдамиз. Бухорий бобомиз Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба бўлган ҳадислар китобини яратиб, бутун ислом оламида шуҳрат қозонган улуғ сиймодир. Муқаддас заминимиз дунёга мана шундай машҳур алломани бергани билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.
Эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан бугун орзу-ниятларимиз рўёбга чиқди. Бу бетакрор зиёратгоҳни Имом Бухорий бобомизнинг оламшумул мавқеига, юксак мақомига муносиб даражада бунёд этишга муяссар бўлдик. Мана шундай табаррук маскан барчамизга муборак бўлсин, – деди давлатимиз раҳбари.