Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Декабр, 2025   |   12 Жумадул сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:07
Қуёш
07:31
Пешин
12:18
Аср
15:13
Шом
16:58
Хуфтон
18:16
Bismillah
03 Декабр, 2025, 12 Жумадул сони, 1447

Хушхабар: Нурота тоғи ён-бағрида янги масжид барпо этилди

04.04.2021   2295   3 min.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ҳомийлар жалб этилган ҳолда, Нурота туманидаги “Чуя” жоме масжидининг янги биноси қуриб фойдаланишга топширилди.

Бундан икки йил олдин “Чуя” масжидининг биноси эски ҳолатга келиб қолган, масжид жамоати уни обод қилиш истагида эди. Ўша йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари вилоятга ташрифлари давомида ушбу масжидда бўлиб вазиятни тезда англаб мутасаддиларга тегишли кўрсатма берган, унинг қурилишига хайрли дуолар қилган эдилар. 

Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги жамоат дуоси, диний идора кўмаги, саховатпеша инсонлар ҳиммати ва маҳалла аҳлининг ҳашари сабабли ушбу масжид қуриб битказилиб фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими масъул ходими Искандар Халилов, вилоят ҳокими ўринбосари Ғофур Мусулмонов, вилоят бош имом-хатиби Тоҳир Рўзиев, Нурота тумани ҳокими Умарбек Ҳалиловлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Искандар домла Ҳалилов иштирокчиларга муфтий ҳазратларининг салом ва табрикларини етказиб, йиғилганларни масжиднинг янги биноси билан мубарокбод этди. Шунингдек, маросимда сўз олган мутасаддилар намозхонларни янги масжид билан табриклаб, унинг қурилишига ҳисса қўшган инсонларга миннатдорлик билдирди.

Маълумот учун, “Чуя” масжиди Нурота туманининг шарқ томони, яъни Нурота тизма тоғларининг Оқтоғ ён бағрида жойлашган. Жоме олдидаги чашмадан зилол сув оқиб туради. Масжид 20 аср бошларида маҳаллий халқ ташаббуси билан ҳомийлик ва ҳашар йўли билан қурилган.

Эсалатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан юртимизнинг олис ҳудудларида масжидлар бунёд этилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг уйи бўлган масжид қуришнинг савоби улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят).

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам масжид қуриш ва уни обод қилиш борасида кўплаб тарғиблар келган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда шунинг мислича уй бунёд қилади” (Муттафақун алайҳ).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.

Аллоҳ таоло масжид қуриш ва уни обод этиш мана шундай улуғ савобли амал эканини чин қалбидан ҳис этган мухлис халқимизга ажру мукофотини кўпайтириб берсин, бу каби хайрли ишлар бардавом қилиб, юртимиз ва бутун дунёдан бало ва офатларни аритсин.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Маҳзун юзни табассумга айлантиринг

01.12.2025   1567   1 min.
Маҳзун юзни табассумга айлантиринг

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида эътикофда ўтирардилар. Кўзлари бир ғамга ботган кишига тушди.

Унинг олдига бориб: "Нега маҳзун кўринасиз?" деб сўрадилар.

У: "Қарзларим кўпайиб кетди, қайтаришга маблағим йўқ, шуни ўйлаб ғамга ботдим", деди.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: "Мен қарз берган одам билан сенга муҳлат беришини сўраб гаплашиб кўрайми?" дедилар.

Ҳалиги киши бошини қимирлатиб, розилик билдирди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу дарҳол ўринларидан туриб, ташқарига чиқдилар.

Одамлар: "Эй, ибн Аббос эътикоф ўтирганингиз ёдингиздан чиқдими?" дедилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: "Йўқ асло унутмадим. Лекин Аллоҳга қасамки бир биродаримнинг ҳожатини осон қилиш, унинг қалбига хурсандчилик киритиш йўлида саъй-ҳаракат қилишим мен учун бир ойлик нафл рўза ва масжидда эътикоф ўтиришдан афзалдир", дедидар.

Агар сиз кимнингдир юзидаги маҳзунликни табассумга айлантира олсангиз…
Агар сиз кимнингдир оғир кунида елкадош бўлиб, оғриғини ярмини ўзингизга олсангиз…
Билингки, бу амаллар сизни Аллоҳнинг розилигига олиб боради. 

Зеро, Аллоҳнинг розилиги - сиз қувонч бағишлаган қалблардадир.
Унутмангки, қалб Аллоҳнинг назаргоҳидир. Уни синдиришдан ёки унга жароҳат етказишдан эҳтиёт бўлинг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Одамларнинг энг яхшиси инсонларга фойдаси тегадиган кишидир", деганлар.

Даврон НУРМУҲАММАД