– Рўзани қазо қилиш дегани нима?
– Бузилган рўзасининг ўрнига рамазондан кейин рўза тутишдир. Неча кун рўзаси
бузилган бўлса, ўшанча кун рўза тутади.
– Каффорат қилиш дегани нима?
– Бир қул озод қилиш, агар бунга қодир бўлмаса, рамазондан кейин орада бирор кун қолдирмай, муттасил олтмиш кун рўза тутиш, агар заифлик ва нотавонлик сабабидан олтмиш кун рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом бериш – каффорат қилишдир.
– Олтмиш кун рўза муттасил бўлмаса, каффоратга кифоя қиладими?
– Кифоя қилмайди, каффоратга олтмиш кун муттасил бўлиши лозим.
– Бир киши каффорат учун рўза тута бошласа, олтмиш кунга етмасдан бирор кун рўза тутмай қолса, нима қилади?
– Каффорат учун янгидан бошлаб олтмиш кун муттасил рўза тутади, аввалги тутган рўзаси каффоратга кирмайди.
– Бир киши ният билан тутган рамазон рўзасидан бир неча кунни хато қилиб бузса, масалан, тўрт-беш кунни хато қилса, нима қилиши лозим?
– Ҳар бир хато қилган кун учун бир кундан қазо рўза тутади, ундан кейин неча кун хато қилган бўлса, ҳаммаси учун бир каффорат лозим бўлади.
– Бир киши бир ё бир неча кун рўза тутишни ният қилмасдан фосиқлик ила кундуз кун таом еб юрса, у киши нима қилмоғи лозим?
– У киши рўза тутмай қолган кунлари учун қазо рўза тутади, ушбу қилган фисқ ишига пушаймон бўлиб, тавба ва истиғфор қилади. Aммо у кишига каффорат лозим эмас, чунки унинг гуноҳи ғоятда зўр ва катта гуноҳдирки, каффорат билан авф қилинадиган эмас, балки тавба ва истиғфор лозимдир.
– Бир киши ўзининг рўза эканини билиб туриб хатолик билан оғзидан бирор таом кетса ёки сув ичиб юборса ёки бир кишининг зўрлик билан рўзасини бузса ёки рўзадор киши оғзини тўлдириб қайт қилса ёки тонг отмаган деб ўйлаб таом еса, ҳолбуки, тонг отган бўлса ёки қуёш ботган деб ифтор қилса, шу кишининг рўзаси бузиладими?
– Бузилади.
– Энди у киши нима қилиши керак?
– Ўша куни қуёш ботгунча рўза кишидек рўзани бузадиган нарсадан ўзини сақлаши ва ҳам рамазондан кейин ўша кун учун рўза тутиб бериши лозим. Aммо каффорат лозим эмас.
– Рўза тутган кишининг димоғига чанг-ғубор ёки тупроқ, жун ёки тутунга ўхшаш нарсалар кирса, рўзаси бузиладими?
– Бузилмайди, қазо ҳам, каффорат ҳам лозим эмас.
– Оғзига қор ёки ёмғир кирса, рўзаси бузиладими?
– Бузилади. Қазо қилиш лозим бўлади, аммо каффорат лозим эмас.
– Ўзининг тупугини ютса, нима бўлади?
– Рўза бузилмайди.
– Бир рўзадор киши ўзининг рўза эканини эсдан чиқариб бирор таом еса, сув ичса, жинсий алоқа қилса, рўзаси бузиладими?
– Бузилмайди, қазо ҳам, каффорат ҳам лозим эмас.
– Бир рўзадор киши уйқудан жунуб бўлиб турса, хотинига қўл теккизиб эҳтилом қилса, рўзаси бузиладими?
– Бузилмайди.
– У кишига ғусл қилиш дурустми?
– Сув ичига тушиб узоқ муддат ўтирмасдан ва ҳам обдаста билан ғусл қилиш дуруст. Aммо сув ичига тушиб узоқ муддат туришда баъзи жойларидан сув кириб рўза бузилиши эҳтимоли бор.
– Рўза тутган киши тиш орасида қолган таомни еса, рўзаси бузиладими?
– Нўхатдан кичик бўлса, оғзидан ташқарига чиқармай ютиб юборса, рўзаси бузилмайди, агар нўхот миқдорича бўлса ёки оғзидан чиқариб кейин ютса, бузилади.
– У киши нима қилиши лозим?
– Рўзасини қазо қилмоғи лозим бўлади, каффорат лозим эмас.
– Қазо ва каффорат учун тутиладиган рўзаларга қай вақт ният қилиш лозим бўлади?
– Кечаси ният қилиш лозим бўлади. Тонг отгандан кейин ният қилиш мўътабар эмас.
– Ҳайз ва нифосли аёлларга рўза тутиш лозимми?
– Дуруст эмас.
– Бир аёл рамазон ичида ҳайзли ёки нифосли бўлса, нима қилади?
– Ҳайзли ва нифосли кунларда рўза тутмайди. Неча кун рўзаси қолган бўлса, ўшанча кун қазосини тутади.
"Ибодати исломия"дан.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ризо – Аллоҳнинг қазосига мувофиқ кечаётган барча ҳодисаларга нисбатан кўнгилнинг мамнун ва хурсандчилик кайфиятидир. Айнан шунинг учун ҳам Аллоҳнинг барча ҳукмларига рози бўлган банда улуғ мукофотларга сазовор бўлади.
“Қиёмат куни Аллоҳнинг жарчиси унинг номидан баланд овозда:
– Менинг ҳаммадан-да мусаффо бандаларим қаердалар? – деб нидо қилганида фаришталар:
– Сенинг ўша ҳаммадан-да мусаффо бандаларинг кимлардир? – деб сўрайдилар.
Шунда Аллоҳ таоло:
– Улар мен берганга қаноат айлаб, қазоимдан рози бўлганлар, – деб жавоб беради”.
Яна ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қилинган экан: “Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга мурожаат қилди: “Менинг олдимда менга яқинлашишлигинг учун қазоимга рози бўлишлигингдан кўра севимлироқ йўл йўқ” (Ибн Аббосдан ривоят қилинган, Мужоҳид ривояти).
Имом Абул Ҳасан Шозалий қуддиса сирруҳу васият қиладилар: “Ўзингнинг хоҳишу иродангдан кечиб, Аллоҳнинг хоҳишу иродаси томон қочгил. Агар кимдир ўзининг ихтиёрича ниманидир хоҳласа, ҳали уни оладими ё йўқми, бу номаълум... Агар ўша хоҳлаган нарсасини олганида ҳам олгани унда қоладими-йўқми, буни билмайди. Агар бордию ўша нарса унда умрининг охиригача қолганида ҳам бунда унинг учун хайр борми ё йўқми, англаш қийин. Модомики, шундай экан, билгилки, яхшилик фақат Аллоҳнинг сен учун ирода ва ихтиёр этган тақдиридагина мавжуддир, холос!”.
Кунлардан бирида ҳазрати Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида саҳоба Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳунинг “Мен учун бой юрганимдан кўра камбағаллигим, соғлигимдан кўра дардмандлигим яхшироқдир” деган сўзларини эслаб бундай дедилар:
– Аллоҳ Абу Заррни раҳматига олган бўлсин, бу гап уларнинг ўзларига хосдир, аммо мен бу ҳақда бундай дейман: “Кимда-ким Аллоҳ ихтиёр этган нарсани энг яхши ихтиёр деб билгувчи бўлса, Унинг ихтиёрининг олдида ўзга ҳеч бир нарсани ихтиёр этмайди” (Ибн Асокир ривояти).
Улуғ саҳобий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга бундай маънода мактуб йўллаганлар: “Барча яхшилик Аллоҳнинг қазосига рози бўлишликда жамлангандир. Агар шундай қилолсанг, қандай ҳам яхши, йўқса, сабрли бўлгин!”.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.