Қуръон ота-боболарга, бошлиқларга ва йўл-бошчиларга кўр-кўрона тақлид килишдан қайтариш билан бирга, фақат бир тарафлама фикрлашдан ҳам қайтаради ва бирор нарса қилмоқчи бўлса, ўша нарсанинг яхшисини танлаб олишга чақиради. Чунки, кўпгина кишилар бирор нарсани бир марта эшитса ёки ўқиса, шунга ишониб кетаверадилар. Лекин ўша нарсани чуқурроқ ўйлаб, яхши тарафини танлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ҳақиқатга Қуръон бундан 15 аср аввал чақирган:
“Улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашадиганлардир. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир” (Зумар сураси, 18-оят).
Мана шу оятда Аллоҳ таоло мусулмонларни барча гапларни эшитиб, тушуниб, сўнгра яхшиларига эргашишга буюради. Аллоҳ шундай қилган инсонни «ҳидоятга эришганлар» ва «ўткир ақл эгалари» деб атайди.
Шу билан бирга, Ислом яхшиликни таърифлаб ҳам беради ва унга амал қилишга чақиради. Одатда, одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Ислом динида яхшилик – Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима эканини Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 177-оятида ояти каримасида тўлиқ таърифлаб берган:
«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтириш ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мис кинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга бериш, намозни қоим қилиш ва закот беришдир. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчилар, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир».
Ояти каримада кўриниб турибдики, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламокда
Имон келтириш яхшиликнинг боши ва асосидир. Бусиз, яъни имонсиз ҳеч қандай яхшилик бўлиши мумкин эмас. Асл имони бор инсон бузғунчилик, террорчилик, фитнакорликга ружу қилмайди. Чунки, кимнинг Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга имони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди. Чиқса ҳам, доимий бўлмайди.
Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини эхтиёжмандларига молиявий ибодат сифатида берадилар. Бу амал мол эгасига Аллоҳ томонидан фарз қилинган. Шу фарз-ни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.
Аҳдига вафодорлик мусулмонликнинг, имоннинг кўзга кўринган белгиларидан бўлиб, Қуръони каримда қайта-қайта такрорлангандир. Ким аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлган бўлади.
Сабрлилик ҳам имонли, мусулмон кишиларнинг алоҳида олий ва зарурий сифатларидан ҳисобланади. У ҳакда аввалги оятлар тафсирида батафсил сўз юритилди. Демак, турли қийин ҳолатларда сабр қилувчилар Аллоҳ таърифлаган яхшилик соҳибларидан бўлар экан.
Баҳодир БОТИРОВ,
Чуст тумани “Охун бобо” жоме
масжиди имом-хатиби
Осмонлару ерни яратган Зотнинг қаршисига маъсиятлар ила чиқа кўрманг, ғазабига тоқатингиз, иқобига сабрингиз ва азобига қудратингиз етмайди.
Доктор Абдул Муҳсин Аҳмад ўзининг бир қариндоши билан бўлган воқеани айтиб берди. Воқеага кўра бир йигит укасига доим “Аллоҳга ҳамд айтгин” деса, укаси: “Нима учун Аллоҳга ҳамд айтишим керак?” – дер, Яратганга бўйин эггиси келмасди.
Ахир унинг бу гапини оламлар Рабби бўлган Зот эшитиб турибди! Аллоҳ уни икки оёғи билан юрғизиб қўйибди, қанча одамлар юра олишмайди. Неча-неча инсонлар кўриш неъматидан мосуво бўлганида, унинг кўзлари кўриб турибди.
Вақт ўтиб йигит автоҳалокатга учрайди. Унинг аъзолари қаттиқ шикастланади. Операциядан сўнг доктор Абдул Муҳсин Аҳмад уни бир умр ногирон бўлиб қолганлигини, танасининг ярми ишламаслигини, аниқроғи, бир ўлимдан қолганлигини айтади.
Аллоҳ буюк! Унинг неъматлари чексиз. Биз бандалар доим шукрда бўлмоғимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «...Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир»[1].
Тасаввур қилинг, борди-ю, сиз дўзахийлардан бўлсангиз, у ердаги азобга чидай оласизми?! Албатта, йўқ.
Шундай экан Аллоҳга тавба қилинг! У Зотга хуш келмайдиган ишлардан қайтинг. Солиҳ амаллар ила Раббингизга яқинлашинг.
Аллоҳ берган неъматларга шукр қилинг. Гуноҳ ва маъсиятнинг кичиклигига қараманг. Аллоҳнинг буюклигини назарингиздан қочирманг.
Аллоҳ буюк! У Зот сизни кутилмаганда ушламасидан аввал қалбингизни қўрқув ила тўлдиринг. Қазоингиз яқинлашмасидан аввал покланинг. Ўлим келгандаги пушаймондан наф йўқ ва бунинг учун имкон берилмас...
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Ҳуд сураси, 102-оят.