ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ
Уша даврда Умар розияллоҳу анҳу ижтимоий таъминот ишларини энг гўзал тарзда йўлга қўйганлар ва бу ишга асос солганлар десак, асло муболаға қилмаган бўламиз.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ислом жамиятининг хазинасига етарли мол тушганда, фуқароларга маош тайин қилишни ташкил қилдилар. Уша ипшарни кўрган, уларда иштирок этган кишилар бу ҳақда ишончли маълумотларни қолдирганлар.
КАМБАҒАЛ ОИЛАЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТИ
Абу Убайд қуйидагича ривоят қилади:
«...Кундуз куни Умар бир дарахт остида ухлаб ётар эди. Бир аъробий аёл келиб, одамларга аланглаб қаради-да, унинг (Умарнинг) олдига келиб: «Мен бир мискина аёлман. Менинг болаларим бор. Мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб бизга Муҳаммад ибн Масламани закотчи қилиб юборди. У бизга ҳеч нарса бермади. Аллоҳ хайрингни берсин, сен бизга бир шафоатчилик қилсанг», деди.
«Ярфоъ! – деди Умар ходимига. – Менга Муҳаммад ибн Масламани чақириб кел!»
«Мени унинг олдига олиб борсанг, ҳожатим чиқармиди», деди аёл.
«Иншааллоҳ, у ҳожатингни чиқаради», деди Умар.
Ярфоъ Муҳаммад ибн Масламанинг олдига бориб, чақириб келди. У келиб: «Ассалому алайкум, эй мўминлар амири», деди.
Аёл уялиб кетди. Умар: «Аллоҳга қасамки, мен сизлардан яхшиларингизни танлашда камчиликка йўл қўймаган эдим. Агар Аллоҳ азза ва жалла бу аёл ҳақида сўраса, нима деб жавоб берасан?» деди.
Муҳаммад ибн Масламанинг кўзларидан ёш оқди. Сўнг Умар: «Аллоҳ бизга Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди. Биз у зотга иймон келтирдик ва эргашдик. У зот Аллоҳ нимага амр қилса, шунга амал қилдилар. Садақани то Аллоҳ у зотнинг руҳларини қабз қилгунича ўз аҳлига, мискинларга бериб турдилар.
Сўнг Аллоҳ Абу Бакрни халифа қилди. У ҳам Аллоҳ унинг руҳини қабз қилгунича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилди.
Сўнг мени халифа қилди. Мен сизлардан яхшиларингизни ихтиёр қилишда нуқсонга йўл қўймадим. Агар сени яна юборадиган бўлсам, бу аёлга шу ва ўтган йилнинг садақасини бергин. Билмадим, эҳтимол, сени юбормасман», деди. Кейин аёлни чақириб бир туя, ун ва ёғ берди-да: «Буни олгинда, бизга Хайбарда яна учрагин, биз ўша ерга бормоқчимиз», деди. Аёл Хайбарда унинг олдига келди. У унга икки туя берди ва: «Буни ол, Муҳаммад ибн Маслама келгунича сенга етиб туради. Мен уни сенинг шу ва ўтган йилги ҳаққингни беришга амр қилдим», деди».
Мусулмон раҳбарларнинг бева-бечоралар ҳаққига қандай риоя қилишини, уларнинг ижтимоий тенглик учун хизмат қилганини, оддий фуқаролар раҳбар билан қандай учрашишини, унга қандай шикоят қилишини кўриб қўйинг.
Ибн Саъд Жаъфар ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳудан, у эса ўз отасидан ривоят қилади:
«Умар розияллоҳу анҳуга Ямандан кийимлар келтиришди. У киши уларни одамларга тарқатди. Ҳамма янги кийим кийиб юра бошлади.
Умар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ва минбарлари орасида ўтирар, одамлар эса унинг олдига келиб, салом беришар ва ҳаққига дуо қилишар эди. Бир куни у ерга Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо келишди. Уларнинг эгнида кеча тарқатилган кийимлар йўқ эди. Умарнинг қовоқлари осилиб, икки қоши орасида тугун пайдо бўлди. Сўнг: «Аллохга қасамки, сизларга берган нарсам менга татимади», деди. Одамлар: «Эй мўминларнинг амири, қавмингизга кийим кийдириб яхши қилгансиз-ку», дейишди. Шунда Умар: «Мен мана бу икки болани айтяпман. Одамларнинг орасидан ўтиб келишяпти, эгниларида эса ҳеч нарса йўқ. Кийимлар уларга катта келибди, улар кийимларга кичик келишди», деди.
Сўнг Яманга: «Тезда Ҳасан билан Ҳусайнга кийим-бош юборинглар», деб мактуб ёзди. У ердан икки сидирға кийим юборишди. Умар уларни икковларига берди».
Зубайр ибн Бакр Муҳаммад ибн Саломдан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шифо бинт Абдуллоҳ Адавийя розияллоҳу анҳога «Эрталаб ҳузуримга кел», деб одам юборди. Шифо айтади: «Эрталаб унинг ҳузурига бордим ва Отика бинт Усайд ибн Абул Ийс розияллоҳу анҳони унинг эшиги олдида кўрдим. Кириб, бир муддат гаплашдик. (Умар) бир кийим чиқариб унга берди. Кейин бошқа бир кийим чиқариб менга берди. Мен: «Эй Умар, мен ундан олдин Исломга кирганман. Мен амакингнинг қизиман, у эмас! Сен менга одам юборгансан, у бўлса ўзи келган», дедим. У: «Мен буни сендан бошқаси учун келтирмаган эдим. Аммо икковингиз жам бўлиб қолганингиздан кейин унинг сендан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлигини эслаб қолдим», деди».
Ёш болаларнинг ижтимоий таъминоти
Ислом аҳли пойтахти бўлмиш Мадинаи мунаввара шаҳрига савдогарлар карвони келиб тушди. Карвонда аёллар, ёш болалар ҳам бор эди. Халифа Умар ибн Хаттоб саҳобалардан Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга: «Карвондагиларни қўриқлашга вақтинг борми?» дедилар.
Икковлон кечаси билан карвондагиларни қўриқлаб, намоз ўқиб чиқишди. Умар розияллоҳу анҳу ёш боланинг йиғисини эшитиб, ўша томон бордилар ва унинг онасига: «Аллоҳдан қўрқ! Гўдагингга яхши қара!» деб ортларига қайтдилар. Бола яна йиғлашда давом этди. Умар розияллоҳу анҳу яна унинг онаси олдига қайтиб келиб: «Аллоҳдан қўрқ! Гўдагингга яхшилик қил!» деб: ортларига қайтдилар. Тун охирлаб қолганда яна боланинг йиғисини эшитган халифа ҳалиги онанинг олдига бориб «Шўринг қурисин. Яхши она эмасга ўхшайсан. Кечаси билан ўғлинг тинчимади-я!» дедилар.
Қаршисида турган одам раҳбар эканини билмаган она худди қоровулга гапираётгандай: «Эй Аллоҳнинг бандаси, кечаси билан мени тинч қўймадинг. Ахир мен уни кўкракдан ажратмоқчиман. У бўлса кўнмай, инжиқлик қиляпти», деди.
«Нима учун?» деб сўрадилар Умар розияллоҳу анҳу.
«Чунки Умар фақат кўкракдан ажратилган болаларга нафақа тайин қилган», деди аёл.
«Боланинг ёши қанчалик бўлди?» дедилар Умар.
«Фалон ойлик бўлди», деди аёл.
Умар розияллоҳу анҳу: «Уни кўкракдан ажратишга шошилма», дедилар ва орқаларига қайтиб кетдилар.
Сўнг халифа бориб, бомдод намозига имомликка ўтди. Намоздаги одамлар унинг йиғисидан қироатини ажрата олишмади. Бўлиб ўтган ҳодисадан қаттиқ таъсирланган халифа йиғлаб туриб намоз ўқир эди. Салом берганидан сўнг: «Умарнинг шўри қурисин! Мусулмонларнинг қанчадан-қанча болаларига зулм қилибди», деди ва жарчини чорлаб: «Болаларингизни кўкракдан ажратишга шошилманглар! Биз Исломда ҳар бир туғилган болага нафақа берамиз!» деб жар солишга амр этдилар. Бу ҳақца бошқа юртларга ҳам фармон юбордилар.
Қарилик нафақасини жорий қилиш
Исломда бугунги кунда «қарилик нафақаси» деб номланаётган нафақанинг жорий бўлишига ҳам айнан ғайримусулмон фуқаролар сабаб бўлишган. Бу борада Ислом шариатининг ғайримусулмон фуқароларга бўлган риоясидан мусулмон фуқаролар ҳам фойдаланиб қолганлар десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Имом Абу Убайднинг «Ал-Амвол» китобида қуйидагилар келтирилади:
«Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб кўчада тиланиб юрган яҳудий чолни кўриб қолиб, уни чақирдилар-да: «Агар сендан ёшлигингда жизяни олиб, қариганингда ташлаб қўйсак, сенга нисбатан инсоф қилмаган бўлибмиз», дедилар ва унга Байтулмолдан керагича таъминот жорий қилдилар».
Уша пайтда мусулмонлар жамиятидан бошқа бирор жамиятда қарияларга, хусусан ғайридин қарияларга нафақа берилгани ҳақида маълумот борми? Бу ишни биринчи бўлиб Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу жорий қилдилар.
Офатга учраганларга ёрдам уюштириш
Ҳозирги кунимизда фавқулодда ҳолатга дучор бўлганларга ёрдам бериш энг мақталган ишлардан бирига айланиб қолган. Аммо бундай ишларга ким асос солганини билиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди.
Ҳижрий 17 йил Ислом тарихида «Рамода», яъни «Очлик йили» номи ила машҳурдир. Ўша йили қаттиқ қаҳатчилик, очлик ҳукм сурган. Ана шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу аҳолини ҳалокатдан сақлаб қолиш учун катта тадбиркорлик ва фидокорлик кўрсатганлар.
Ибн Саъд Асламдан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Язид ибн Ухту Намир, Мисвар ибн Махрама, Абдурраҳмон ибн Абд Қорий ва Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд розияллоҳу анҳулар ҳар кеча Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида тўпланиб, қилган ишлари ҳақида хабар берар эдилар.
Улардан ҳар бирлари Мадинанинг бир ноҳиясига қарар эди. Аъробийлар Раъсус-санийя, Ротиж, Бану Ҳориса, Бану Абдул Ашҳал, Бақийъ, Бану Қурайза, бир қисмлари Бану Салама ноҳиясига тушган эдилар. Улар Мадинага тўлиб кетишган эди. Бир неча одамлар овқат қилиб бўлганларидан кейин Умарнинг «Бизнинг олдимизда кечки таом еганларни ҳисоблаб чиқинглар» деганини эшитдим. Ҳисоблашган эди, етти минг киши чиқди.
«Бу ерга келмаган аҳли аёл, бемор ва болаларни ҳам ҳисоблаб чиқинглар», деди у.
Ҳисоблашган эди, қирқ минг киши чиқди.
Сўнг бир неча кеча ўтди. Одамлар кўпайди. У яна амр қилди. Ҳисоблашган эди, унинг ҳузурида кечки таом еганлар ўн мингта, бошқалар эса эллик мингта чиқди.
Кўп ўтмай, Аллоҳ осмондан ёмғир ёғдирди. Шунда Умар ҳалигиларнинг ҳар бир ноҳиясига бир вакил тайин қилиб, одамларни чўлга чиқаришини буюрди. Уларга егулик ва чўлга олиб кетиш учун юк ҳам беришар эди. Умарнинг ўзи ҳам уларни ташиётганини ўз кўзим билан кўрдим.
Аслам айтадики: «Улар орасида ўлим тарқалган эди. Менимча, учдан иккиси ўлиб, бир қисми қолди. Умарнинг қозонлари устида одамлар тик туриб, тонг отгунча кар-кур пишириб чиқишарди. Сўнг беморларга берар эдилар. Асоид (ун билан ёғ) ҳам пишириб беришарди. Умарнинг буйруғи билан катта қозонларга ўт ёқилиб, ёғ қайнатилар, совиганидан кейин нонга булаб, сарийд қилинар ва ҳалиги ёққа қўшиб ейиларди.
Араблар ёғ есалар, иситмалари чиқар эди. Умар Рамода замонида на ўз болаларидан бирортасининг уйида ва на хотинларидан бирортасининг уйида таом емади. To Аллоҳ одамларга жон киргизгунича фақат улар билан кечки таом ер эди, холос».
Ибн Саъд Фирос Дайламийдан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳар кеча дастурхони учун Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Мисрдан юборган туялардан йигирматасини сўяр эдилар».
Шу билан бирга, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳдан эл-юрт бошидан бу балони кўтаришини сўраб, суннатга мувофиқ оммавий ибодатни ҳам ташкил қилганлар.
Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлганда Аббос ибн Абдулмутталиб билан истисқо[1] қилди:
«Аллоҳим! Биз Сенга Пайғамбаримизни васила қилар эдик, Сен бизни сероб қилар эдинг. Энди эса Сенга Пайғамбаримизнинг амакисини васила қиламиз. Бизни сероб қилгин», деди. Яна: «Сероб қилинурлар», деди».
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу одамларни тўплаб, ўзлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чопонларини кийиб олиб, кишиларни намозгоҳга бошлаб чиққанлар ва ҳазрати Аббос розияллоҳу анҳуни васила қилиб, истисқо қилганлар.
Ривоят қилинишича, ўша куни Аббос розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолога тазарру қилиб: «Аллоҳим! Гуноҳ бўлмаса, бало тушмас. Тавба бўлмаса, бу кўтарилмас. Мана, биз қўлларимизни Ўзингга очиб, гуноҳларимизни эътироф қиламиз. Бошларимизни Сенга эгиб, тавба қиламиз. Бизни нажот ёмғири ила сероб қилгин», деганлар. Шунда ёмғир қуйиб ёққан. Ер тўйиб, одамларга жон кирган.
Кўпчилик уламоларимизнинг таъкидлашларича, ўша йили Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўғрига ҳад жазоси бериш ҳукмини ҳам вақтинча тўхтатганлар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига Музайна қабиласидан бировнинг туясини ўғирлаган бир неча йигитни ушлаб, олиб келишди. Ҳазрати Умар уларга ҳад жазоси беришни амр қилдилар. Шунда баъзилар бу йигитлар Ибн Ҳотиб ибн Балтаъа исмли кишининг йигитлари эканини, хўжайинлари уларга овқат бермаганидан туя ўғирлаб, сўйиб ейишга мажбур бўлганларини айтишди. Ҳазрати Умар ҳукмни дарҳол бекор қилдилар. Хўжайинни чақиртириб келиб, койидилар ва уни ўғирланган туянинг пулини икки баробар тўлашга амр қилдилар. Шундан кейин ҳозирча ўғрига ҳад жазоси бермай туриш ҳақида фармон чиқардилар.
Баъзи кишилар бу ишни шариатнинг ҳукмини вақтинча бекор қилиш деб атайдилар. Аслида эса бу иш шариатнинг ҳукмини ўз ўрнида ишлатишдир.
Ислом жамияти ўз аъзоларининг ижтимоий таъминотларини яхшилаб йўлга қўяди. Аввало, ночор кишиларнинг нафақасини яқин қариндошларига Аллоҳнинг олдидаги диний бурч сифатида вожиб қилади. Ота фарзандларига, эр хотинига, ака укаларига, фарзанд ота-онасига ва ҳоказо нафақа бериши шарт. Яънибой қариндошлар ночорларига нафақа беришлари вожиб. Ўз ихтиёрлари билан беришмаса, қози ҳукм чиқариб, мажбур қилади.
Ночор инсоннинг яқин қариндоши бўлмаса, унга жамият ёрдам қўлини чўзади, бой мусулмонлар нафақа бера дилар. Иш берувчи ишчига нафақа беради ва ҳоказо, Агар бу чоралар қўлланмаган бўлса, ўғрилик содир этилса, жамият унга ҳад жазоси бериш ҳақида ҳукм чиқаришга ҳақл бўла олмайди.
Худди шунинг учун очлик йилида, жамият одамларни таъминлай олмай қолганида, шариат руҳини дақиқ нуқталаригача тушунган халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шариатнинг ҳукмига биноан, вақтинча ўғрига ҳад жазоси бермай туришни жорий қилдилар.
Инсонпарварлик ёрдамини ташкил қилиш
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб бир юртдан иккинчи юртга инсонпарварлик ёрдамини уюштирган шахсдирлар.
Ибн Абдулҳакам Лайс ибн Саъддан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Мадинада одамлар бошига қаттиқ очлик тушди. У киши Мисрдаги Амр ибн Осга мактуб ёздилар:
«Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умардан Осий ибн Осга. Салом! Аммо баъд: Умрим ила қасамки, эй Амр! Сен ва сенинг ёнингдагилар тўқ бўлса-ю, мен ва менинг ёним-дагилар ҳалок бўлса ҳам ишинг йўқми?! Ёрдам! Ёрдам!»
Амр ибн Ос унга мактуб ёзди:
«Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умарга Амр ибн Осдан. Аммо баъд: Лаббайка! Яна лаббайка! Сизга бир карвон юбордим. Унинг боши сизнинг ҳузурингизда, охири менинг ҳузуримда. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ».
Амр катта карвон юборди. Унинг аввали Мадинага етиб келганида, охрфи Мисрда эди. Карвон ниҳоятда узун эди. У Умарга етиб келганида одамларга жуда кенглик яратдилар, У киши Мадинадаги ҳар бир уй ахдига бир туяни устидаги егулиги билан бердилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абдурраҳмон ибн Авф, Зубайр ибн Аввом ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳумни одамларга уларни тақсимлаб бериш учун юбордилар. Улар ҳар бир хонадон ахдига бир туяни устидаги егулиги билан бердилар. Егуликни истеъмол қилиб, туяни сўядилар, унинг гўштини еб, ёғини эритиб оладилар, терисидан пойабзал қиладилар ва егулик солинган матони чойшаб ёки бошқа нарсага айлантирадилар. Шу билан Аллоҳ одамларга кенглик яратди».
Ҳижрий йил ҳисобинииг бошланиши
Вақт ўтиши билан Ислом жамияти ҳар томонлама ривожланиб борарди. Чегаралар, вилоятлар, амирлар ва бошқаларнинг сони тезлик билан ортиб бормоқда эди.
Девонлар ташкил қилинди, ҳамма тарафдан пойтахтга мактублар кела бошлади. Бошқа алоқалар ҳам ривожланиб борди.
Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан мактуб олдилар. Унда «Сиздан мактублар келади, (бироқ) санаси номаълум бўлади. Санани белгиласангиз, яхши бўларди» деган маъно бор эди.
Бир оз вақт ўттач, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу яна бир мактуб олдилар. Унда «шаъбон ойида» деган маъно бор эди. Қайси шаъбон? Ўтганими, ҳозиргисими ёки келгуси шаъбон ойими, била олмай қийналдилар.
Яна бир куни Ямандан, Яъло ибн Умайядан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мактуб келди. Бу мактубда сана белгиланган эди. Бу иш ҳазрати Умар розигллоҳу анҳуга маъқул келди. Шундан сўнг у киши кенгаш мажлисини чақириб, ўртага мусулмонларга хос тарих – йил ҳисобини қабул қилиш масаласини қўйдилар. Ислом жамияти ўзлигини намоён қилиши, бировга тақлид қилмай, ўзига хос йил ҳисобига эга бўлиши керак эди.
Биринчи масала «Тарихни қачондан бошлаш керак?» деган саволга жавоб топишдан иборат бўлди.
Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди.
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф этди.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижрат қилган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилдилар. У киши: «Ҳижрат ҳақ билан ботилнинг ораси ажралишига сабаб бўлган», дедилар.
Бошқа бирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди. Лекин кўпчилик Алий розияллоҳу анҳунинг таклифларини ёқлаб овоз бердилар.
Иккинчи масала йил ҳисобини қайси ойдан бошлаш масаласи эди.
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу: «Ражаб ойини биринчи ой қилиб олайлик, у ҳаром ойларнинг биринчиси», дедилар. Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу: «Рамазон ойини биринчи ой қилиб олайЛик, у умматнинг шарафли ойи», дедилар. Алий розияллоҳу анҳу: «Муҳаррамни биринчи ой қилиб олайлик, унинг ўзи йилнинг биринчи ойи», дедилар.
Ҳаммага мана шу гап маъқул бўлди. Шу тариқа Ислом уммати ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ташаббуслари ва ғайратлари билан ҳижрий 17 йил 1 муҳаррамдан бошлаб ўзининг йил ҳисобига эга бўлди.
Албатта, бу катта иш эди. Дунёга етакчилик қилишни даъво қилаётган уммат учун ана шунга ўхшаш шиор бўладиган нарсаларнинг зарурлиги ҳеч кимга сир эмас.
Ободончилик ишларини йўлга қўйиш
Исломнинг умумий руҳидан ва таълимотларидан келиб чиқиб, мусулмонлар ер юзини обод қилишга катта аҳамият берар эдилар. Ўша вақтдаги обод бўлмаган қишлоқ ва харобага ўхшаш жойларда яшаш ҳам, бу борада ўзларидан бошқаларда кўрганлари ҳам мусулмонларни мутлақо қониқтирмас эди. Юқорида келтирилган ана шу бошқаларнинг меъморчилиги ўзида ширк ва куфр маданиятини акс эттирар эди. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ўзларининг ақийдалари, дунёқарашлари ва маданиятларига хос меъморчиликлари бўлиши кераклигини англаб етдилар ва бу ҳақиқатни амалга оширишни бошлаб юбордилар.
Куфа шаҳрини қуриш
Мусулмонлар Кисронинг (Форс шоҳи) пойтахти Мадоин шаҳрини фатҳ қилганларидан кейин уни ўзларига марказ қилиб олган эдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у шаҳарда истиқомат қилаётган мусулмонларнинг ранглари сарғайиб, ўзлари заифлашиб бораётганларини мулоҳаза қилдилар. У киши Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга мактуб юбориб: «Салмон Форсий билан Ҳузайфа ибн Ямонни ер танлашга юбор – ҳам қуруқлик, ҳам денгизга яқин, мен билан сизларнинг орангизда сув ҳам, кўприк ҳам йўқ ерни топсинлар», деб амр қилдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу икковларини ўша вазифани бажариш учун юбордилар. Улар икки томонга кетиб, ер танлаб келиб «Куфа», яъни «Тўгарак қумлик» деган жойда учрашдилар. У ерда намоз ўқиб, «Аллоҳ бу ерни сабот манзили қилсин» деб дуо қилдилар. Сўнг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг олдларига бориб, хабар бердилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Қаъқоъ ва Абдуллоҳ ибн Муътам розияллоҳу анҳумога одам юбориб: «Ўринларингизга бошқани қўйиб, ўзингиз ҳозир бўлинглар», деб амр қилдилар. Сўнг Мадоиндан чиқиб, Куфанинг ерларига бордилар. Ушанда ҳижрий ўн еттинчи йилнинг муҳаррам ойи эди. Кейин Умардан қамишдан уй қилишга изн сўрашган эди, у киши рози бўлдилар. Аммо режалаштириш пайтида қамиш уйлар куйиб кетди. Кейин ғиштдан қуришга келишилди.
Куфанинг бош меъмори Абу Ҳайёж ибн Молик эди. У биринчи бўлиб масжидга асос солди. Кейин шоҳ кўчанинг кенглигини қирқ зироъ[2], унга яқинларини ўттиз, бошқаларини йигирма зироъдан қилди. Top кўчаларни етти зироъдан қилиб белгилади. Одамларга бериладиган қитъаларни – ер майдонларини олтмиш зироъдан қилди.
Куфа Фурот дарёсининг ғарбий қирғоғига қурилди. У билан дарёнинг орасида ярим фарсах[3] масофа қолдирилди. Шаҳар битганидан кейин хоҳлаганлар унга кўчиб ўтиши, хоҳламаганлар Мадоинда қолиши таклиф қилинди.
Басра шаҳрининг қурилиши
Худди ўша йили Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари билан Басра шаҳри ҳам қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Бу қишлоқ Дажла ва Фурот дарёлари қўшилган жойда эди. Шаҳарнинг қурилишига Утба ибн Ғазвон раҳбарлик қилди.
Шундай қилиб Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврларида рўйи заминнинг сайқаллари бўлган исломий шаҳарлар қуриш ҳам бошланиб кетди.
Куфа ва Басра шаҳарлари битганидан кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша пайтда Ироқ номи билан аталган Ислом жамиятининг шарқий бўлагини иккига бўлдилар.
Бирига Куфани марказ ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни волий, иккинчисига Басрани марказ ва Утба ибн Ғазвонни волий қилиб тайинладилар.
Шундай қилиб исломий шаҳар қуриш ишларига ҳам асос солинди. Бунда ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг тадбиркорликлари ўз самарасини берди. Дунё меъморчилик санъати саҳифаларининг зарварақларига олтин ҳарфлар ила ёзиладиган, заминнинг сайқали бўлмиш мусулмон шаҳарлар қуриш тарихининг биринчи қадамлари ана шундай бошланган эди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу фақатгина янги исломий шаҳарлар қуришга эътибор бериб қолмай, қадимги шаҳарларни таъмирлашда ҳам жиддий ғайрат кўрсатганлар.
Ибн Асокир рахдоатуллоҳи алайҳ Усмон ибн Атодан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу юртларни фатҳ қилганидан кейин Басранинг амири Абу Мусо розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, жамоат учун алоҳида, қабилалар учун алоҳида масжид тутишга амр қилдилар. У жума куни жамоатнинг масжидига чиқиб, жамоат билан жума намози ўқир эди. Ҳазрати Умар Куфанинг амири Саъд ибн Абу Ваққосга ҳам, Мисрнинг амири Амр ибн Осга ҳам худди шундай мактуб ёздилар. Умар лашкарларнинг амирларига мактуб ёзиб, қишлоқларда эмас, шаҳарларда туришга ва ҳар бир шаҳарда биттадан масжид қуришга амр қилдилар. Ахди Куфа, ахди Басра ва аҳли Мисрларга ўхшаб ҳар бир қабила ўзига биттадан жомеъ масжид қуриб олмасликни амр қилдилар. Умарнинг даврида одамлар унинг амрларини маҳкам тутдилар».
Шу билан бирга, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу масжидлар фаолиятини ҳам зийраклик билан кузатиб турар эдилар.
Имом Марвазий ва Ибн Абу Шайба Ибн Муовия Киндий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Шомда Умар розияллоҳу анҳунинг олдларига келдим. У киши одамлар ҳақида сўраб: «Эҳтимол, бир киши қочган туядек масжидга кириб, ўз қавмининг мажлисини ёки ўзи таниган одамни кўрса, олдига бориб ўтирса керак?» деди. «Йўқ! Мажлислар турлича бўлади. Яхшиликни ўрганишади, зикр қилишади», дедим. «Модомики шундай бўлсангиз, яхшиликда бардавом бўласизлар», деди у киши».
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Масжиди Набавийнинг ислоҳ қилиниши
Шўро (кенгаш) мажлиси
Девоннинг ташкил қилиниши
Аҳолининг ҳолидан хабар олиш
Халифанинг шаҳид бўлиши
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ижтимоий-маданий соҳада қилган буюк ишлари
[1] Истисқо – қурғоқчиликда Аллоҳ таолодан сероблик, ёмғир сўраш. Бунда махсус истисқо намозини ўқиб сўраш ҳам, фақат дуо қилиб сўраш ҳам мумкин. Ҳанафий мазҳаби иккинчи фикрни қабул қилган.
[2] Бир зироъ - 46,2 см.
[3] Бир фарсах - 5,544 км.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.
Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси
Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.
Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.
Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.
Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.
Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.
Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.
Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.
Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.
Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.
Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.
Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.
Диний соҳа ходимларига бугунгидек эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.
Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.
Буюк саодатнинг ифодаси
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.
Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.
Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:
“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби