Бугун ахборот технологиялари кириб бормаган соҳа қолмади. Қайси бир жабҳани олмайлик, қулайлик ва тезкорлик бобида замонавий ахборот технологиялари катта аҳамият касб этмоқда. Ушбу технологиялар нафақат илм соҳасида, балки соф Ислом таълимотларини тарғиб этишда, уни кенг оммага етказишда ҳам муҳим рол ўнамоқда. 2021 йил 27 март куни «Ҳилол-нашр» нашриётининг мажлислар залида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган, Ислом таълимотларини, шайх ҳазратларининг бой илмий меросини халқимизга тақдим этиб келаётган islom.uz порталининг мобил иловалари тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир Қуръони Каримнинг «Алақ» сураси ва юртимизнинг мўътабар гўшалари, шайх ҳазратларининг илмий меросларини ифода этувчи видеоролик билан бошланди.
Тақдимотга шайх ҳазратларининг шогирдлари, мухлислари бир қатор азиз меҳмонлар, журналист ва блогерлар ташриф буюришди.
Ушбу тақдимотни Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов очиб берди. «Islom.uz» портали бугунги кунда мўмин мусулмонларга мўътадил Исломни, соф ақийдани, иймон тушунчаларини ўргатадиган манба сифатида хизмат қилиб келмоқда», дея таъкидлади Муҳаммад Айюб домла.
Сўнгра islom.uz порталининг мобил иловалари тақдимоти бошланди. Ўз соҳасанинг мутахассиси бўлган ёш дастурчиларимиз аввал яратилган ва давом этиб турган мобил дастурлар, шунингдек, иловаларга киритилган янгиликлар, ундан қандай фойдаланиш кераклиги, қулайликлари, келгуси режалар ҳақида маълумотлар бериб ўтдилар.
Тадбирда «Islom.uz», «Hilol e-Book», «Oлтин силсила», «Қуръони Карим», «Тафсири Ҳилол», «Зикр аҳлидан сўранг», «Абдураҳмон Қуръон», Абдулмалик Қуръон», «Қуръон тартили», «Намоз», «Зикр ва дуолар», «Жавоҳир (арабча-ўзбекча луғат)» каби иловалар тақдим қилинди.
Порталнинг ҳар бир иловаси ҳақида видеоролик тайёрланиб, меҳмонларга намойиш этиб борилди.
Тақдим этилган иловалар ҳақида журналист ва блогерлар ҳамда меҳмонлардан йўлланган саволларга дастурчиларимиз томонидан етарлича жавоблар бериб борилди. Шунингдек, қатнашувчилар таклиф ва мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтдилар.
Ёш дастурчиларимиз халқимизнинг диний саводхонлигини ошириш, Ислом зиёсини кенг оммага тарқатиш, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, асарларидаги юксак инсоний ғояларни ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган жиҳатларни тадқиқ этиш, маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларимизни зарарли таъсирлардан ҳимоялаш, замонавий ахборот воситалари, илмий инновациялар соҳасидаги ютуқларни ўрганиш ва фойдаланишни тарғиб қилишга қўшган ҳиссалари учун islom.uz портали томонидан ташаккурнома билан тақдирландилар. Ташаккурномаларни «Ҳилол нашр» нашриёти ва islom.uz портали раҳбари, устоз Исмоил Муҳаммад Содиқ ўз эгаларига топширдилар.
Islom.uz портали раҳбари, устоз Исмоил Муҳаммад Содиқ журналист ва мухлислар томонидан иловалар ҳақида берилган таклиф ва мулоҳазаларга ташаккур билдириб, келгусида бўладиган режалар ҳақида айтиб ўтди.
Шунингдек, тақдимотда Муҳаммад қори Айюб яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойининг фазилатига оид нашидлар айтиб берди.
Тадбирда «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид сўзга чиқиб, islom.uz портали яратилиш тарихи, ижодкорлари ҳақида маълумотларни айтиб ўтди. Шу билан бир қаторда Ҳасанхон Яҳё қори илм учун қўлдан келганча ёрдам беришга ҳамда илм ўрганаётган ва ўргатаётган инсонларни имкон бўлса моддий томонлама қўллаб туришга, илм ривожи учун Аллоҳ йўлида доимо камарбаста бўлиб хизмат қилишга, яхшилик йўлида ҳамкор бўлишни таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, islom.uz сайтида янги «minbar.islom.uz» деб номланувчи бўлим ишга тушиши ҳақида айтиб ўтилди. Ушбу бўлим юртимиз уламоларини бир майдонда бирлаштириб, устозлар, домлалар, имомлар ва илм аҳлларининг соф Ислом таълимотларига асосланган илмий-маърифий мақолалари, аудио ҳамда видеороликлари ўзбекзабон диндошларимизга тақдим этиб борилиши айтилди.
Тақдимот маросими islom.uz порталининг ижтимоий саҳифаларида ва онлайн тарзда эфирга узатилди.
Тадбир сўнгида Қуръон тиловати ўқилиб, дуолар қилинди.
islom.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!» деди у.
Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига бундай деди:
— Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!
Хотин деди:
— Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.
Эр деди:
Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғида ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.
Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:
— Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди:
«Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).
Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас.
Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.
Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга давлат раҳбари ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!
Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.
Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!
Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!
Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!
Юқорида келтирилган ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.
Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди