Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Июл, 2025   |   10 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:12
Қуёш
04:56
Пешин
12:33
Аср
17:42
Шом
20:03
Хуфтон
21:39
Bismillah
05 Июл, 2025, 10 Муҳаррам, 1447

Islom.uz порталининг мобил иловалари тақдимоти бўлиб ўтди

29.03.2021   3133   4 min.
Islom.uz порталининг мобил иловалари тақдимоти бўлиб ўтди

Бугун ахборот технологиялари кириб бормаган соҳа қолмади. Қайси бир жабҳани олмайлик, қулайлик ва тезкорлик бобида замонавий ахборот технологиялари катта аҳамият касб этмоқда. Ушбу технологиялар нафақат илм соҳасида, балки соф Ислом таълимотларини тарғиб этишда, уни кенг оммага етказишда ҳам муҳим рол ўнамоқда. 2021 йил 27 март куни «Ҳилол-нашр» нашриётининг мажлислар залида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган, Ислом таълимотларини, шайх ҳазратларининг бой илмий меросини халқимизга тақдим этиб келаётган islom.uz порталининг мобил иловалари тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир Қуръони Каримнинг «Алақ» сураси ва юртимизнинг мўътабар гўшалари, шайх ҳазратларининг илмий меросларини ифода этувчи видеоролик билан бошланди.

Тақдимотга шайх ҳазратларининг шогирдлари, мухлислари бир қатор азиз меҳмонлар, журналист ва блогерлар ташриф буюришди.

Ушбу тақдимотни Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов очиб берди. «Islom.uz» портали бугунги кунда мўмин мусулмонларга мўътадил Исломни, соф ақийдани, иймон тушунчаларини ўргатадиган манба сифатида хизмат қилиб келмоқда», дея таъкидлади Муҳаммад Айюб домла.

Сўнгра islom.uz порталининг мобил иловалари тақдимоти бошланди. Ўз соҳасанинг мутахассиси бўлган ёш дастурчиларимиз аввал яратилган ва давом этиб турган мобил дастурлар, шунингдек, иловаларга киритилган янгиликлар, ундан қандай фойдаланиш кераклиги, қулайликлари, келгуси режалар ҳақида маълумотлар бериб ўтдилар.

Тадбирда «Islom.uz», «Hilol e-Book», «Oлтин силсила», «Қуръони Карим», «Тафсири Ҳилол», «Зикр аҳлидан сўранг», «Абдураҳмон Қуръон», Абдулмалик Қуръон», «Қуръон тартили», «Намоз», «Зикр ва дуолар», «Жавоҳир (арабча-ўзбекча луғат)» каби иловалар тақдим қилинди.

Порталнинг ҳар бир иловаси ҳақида видеоролик тайёрланиб, меҳмонларга намойиш этиб борилди.

Тақдим этилган иловалар ҳақида журналист ва блогерлар ҳамда меҳмонлардан йўлланган саволларга дастурчиларимиз томонидан етарлича жавоблар бериб борилди. Шунингдек, қатнашувчилар таклиф ва мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтдилар.

Ёш дастурчиларимиз халқимизнинг диний саводхонлигини ошириш, Ислом зиёсини кенг оммага тарқатиш, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, асарларидаги юксак инсоний ғояларни ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган жиҳатларни тадқиқ этиш, маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларимизни зарарли таъсирлардан ҳимоялаш, замонавий ахборот воситалари, илмий инновациялар соҳасидаги ютуқларни ўрганиш ва фойдаланишни тарғиб қилишга қўшган ҳиссалари учун islom.uz портали томонидан ташаккурнома билан тақдирландилар. Ташаккурномаларни «Ҳилол нашр» нашриёти ва islom.uz портали раҳбари, устоз Исмоил Муҳаммад Содиқ ўз эгаларига топширдилар.

Islom.uz портали раҳбари, устоз Исмоил Муҳаммад Содиқ  журналист ва мухлислар томонидан иловалар ҳақида берилган таклиф ва мулоҳазаларга ташаккур билдириб, келгусида бўладиган режалар ҳақида айтиб ўтди.

Шунингдек, тақдимотда Муҳаммад қори Айюб яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойининг фазилатига оид нашидлар айтиб берди.

Тадбирда «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид сўзга чиқиб, islom.uz портали яратилиш тарихи, ижодкорлари ҳақида маълумотларни айтиб ўтди. Шу билан бир қаторда Ҳасанхон Яҳё қори илм учун қўлдан келганча ёрдам беришга ҳамда илм ўрганаётган ва ўргатаётган инсонларни имкон бўлса моддий томонлама қўллаб туришга, илм ривожи учун Аллоҳ йўлида доимо камарбаста бўлиб хизмат қилишга, яхшилик йўлида ҳамкор бўлишни таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, islom.uz сайтида янги «minbar.islom.uz» деб номланувчи бўлим ишга тушиши ҳақида айтиб ўтилди. Ушбу бўлим юртимиз уламоларини бир майдонда бирлаштириб, устозлар, домлалар, имомлар ва илм аҳлларининг соф Ислом таълимотларига асосланган илмий-маърифий мақолалари, аудио ҳамда видеороликлари ўзбекзабон диндошларимизга тақдим этиб борилиши айтилди.

Тақдимот маросими islom.uz порталининг ижтимоий саҳифаларида ва онлайн тарзда эфирга узатилди.

Тадбир сўнгида Қуръон тиловати ўқилиб, дуолар қилинди.

 

islom.uz

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Вафот этган ота-онамга қандай яхшилик қилишим мумкин?

30.06.2025   5538   3 min.
Вафот этган ота-онамга қандай яхшилик қилишим мумкин?

Фарзанд учун ота-онага хизмат қилиб, уларнинг розилигини олишдан ҳам улуғроқ саодат йўқ. Боиси Аллоҳ таоло ризоси ота-она розилигига боғланган.

Меҳрибон Роббимиз ота-она розилигини топиш учун бизларга унинг йўллари ва воситаларини осон қилиб қўйган. Нафақат ҳаётликларида, балки дунёдан кўз юмганларидан кейин ҳам уларга яхшилик қилиш шулардан биридир.

Шариатимизда ота-она нафақат ҳаётлик чоғларида, балки улар бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин ҳам ҳақларини адо этмоқлик фарзанд зиммасидаги вазифалардан саналади. Ана шулардан бири ота-она яқинлари ва дўстларига яхшилик қилишдир.

Ибн Динордан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умарнинг эшаги ва салласи бўлар эди. Бир куни ўша эшагини миниб кетаётган эди, олдидан бир аъробий ўтиб қолди. Шунда  “Сен фалончининг ўғли эмасмисан?” деди. У: “Ҳа, шундай”, деди. Ибн Умар унга эшакни бериб, “Бунга миниб ол”, деди ва салласини бериб: “Буни бошингга ўраб ол”, деди.

Шерикларидан бири унга: “Аллоҳ сизни мағфират қилсин! Чарчаганда миниб турадиган эшагингизни, бошингизга ўрайдиган саллангизни мана шу аъробийга бердингиз-а?” деди. Ибн Умар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Яхшиликларнинг энг яхшиси – киши отаси кетганидан (вафот этганидан) сўнг унинг яхши кўрганларига яхшилик қилишидир”, деганларини эшитганман. Унинг отаси (отам) Умарнинг дўсти эди”, деди” (Имом Муслим ривояти).

Абу Усайд Молик ибн Рабиъа Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, Бани Салималик бир киши келиб, “Ё Аллоҳнинг Расули, ота-онамнинг вафотидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган яхшиликлардан бирор нарса қолдими?” деди. У зот: “Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар орқалигина боғланадиган силаи раҳмни боғлаш ва уларнинг дўстларини икром қилиш”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳадиси шарифда фарзанд ўз ота-онасига қиладиган яхшилик уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Яъни, фарзанд ота-онаси ҳаққига уларнинг вафотидан кейин ҳам мағфират сўраб дуо қилиб турса, улар учун Аллоҳ таолога истиғфор айтишни канда қилмаса, иншоАллоҳ ота-онасининг савобига савоб қўшилиб бораверади, даражаси эса кўтарилади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, фарзандлар ота-онасининг яқинларига ҳамиша сила раҳм қилиши, уларнинг ҳолларидан хабар олиб туришлари лозим.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отангнинг дўстлигига риоя қил, шунда Аллоҳ таоло нурингни сўндирмайди”, деганлар.

Демак, ота билан дўстлашган ҳар қандай одамлардан алоқани узмаслик керак.

 

Илёсхон АҲМЕДОВ