Мағрур нафс – касалликка чалинган нафсдир. Бу иллат бир лаҳзалик завқ олиш истагида ва ўз хоҳиш-истакларини қондириш учун бошқаларнинг хоҳишларига зарар етказишда намоён бўлади.
Муолажа услуби
Шуни унутмаслик керакки, Аллоҳ таоло бойлиги билан одамларни камситувчи, уларга пастназар билан қарайдиган инсонларни ёқтирмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Қорун Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавм)ларга кибр қилди. Биз хазиналардан унга калитлари бақувват жамоатга ҳам оғирлик қиладиган нарсаларни ато этган эдик. Ўшанда қавми унга: “Мағрурланмагин! Чунки Аллоҳ мағрурланувчиларни суймас”» (Қасос сураси, 76-оят).
Қорун Мусо алайҳиссаломга амакивачча эди. Тавротни яхши ўқиб, ўрганган бўлса-да, Сомирийга ўхшаб мунофиқ, ҳасадгўй ва мутакаббир эди. Бойлиги шу қадар беҳисоб эдики, хазиналарининг калитлари олтмишта хачирга юк бўларди. Аммо имтиҳон ўлароқ берилган мол-дунёси билан ғурурга кетди. Аллоҳ ва Мусо алайҳиссаломга осийлик ҳамда мутакаббирлик қилгани учун уни ер ютди. Аллоҳ таолонинг лутф ва эҳсонига ношукрлик қилган ва кибрга кетган инсонлар ана шу Қорунга ўхшатилади.
Демак, мўмин киши ўткинчи дунёнинг зеб-зийнатларига муҳаббат қўймаслиги, мол-дунёси билан одамларга мағрурланмаслиги, улардан ўзини устун деб билмаслиги керак экан. Балки ўз нафсини поклаш, ахлоқини сайқаллаш билан машғул бўлиши, қилган гуноҳларига афсус-надомат чекиши ва Аллоҳнинг олдида ҳар бир амали учун жавоб беришини унутмаслиги лозим. Ҳамиша ўз нафсини ҳисоб-китоб қилган, айб-нуқсонларини ёдидан чиқармаган инсоннинг қалби синиқ бўлади. Бундай бандада мағрурланиш, кибрланиш иллати йўқолади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзига хос ахлоқлари – доимо камтар ҳолда юрардилар.
Буюк олим Молик ибн Динор айтади: "Ғамгин бўлмайдиган қалб ҳалок бўлади, худди ҳеч ким яшамайдиган уйга ўхшайди".
Ато Сулаймонийдан: “Нима учун ғамгин кўринасиз?” деб сўрашганида, у киши: “Ахир ўлим – бўйнимдаги (аниқ йўлиқадиган) ҳақ нарса бўлса, қабр – уйим бўлса, Қиёмат куни ҳар бир амалим учун ҳисоб-китоб қилинсам, жаҳаннам кўприги эса ўтишим керак бўлган йўлим бўлсаю, шу ҳолда менинг ҳолим энди нима бўлишини билмай турсам, қандоқ маҳзун бўлмайин?” деб жавоб бердилар.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.
Бугун, 14 сентябрь куни Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ўз ишини бошлади.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров ҳамда бошқа қардош ва хорижий давлатлар уламоларидан иборат нуфузли делегациялар иштирок этмоқда.
Ялпи мажлисда нутқ сўзлаган муфтийлар ўз маърузаларида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратмоқдалар:
– Кенгаш қошидаги Фатво ҳайъати фаолиятини ривожлантириш, уммат учун зарур қўшма фатволар ишлаб чиқиш ва замонавий масалаларга шаръий ечим топиш;
– диний таълим муассасаларида устоз ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий-услубий лойиҳаларни амалга ошириш;
– экстремизм, терроризм, такфирчилик, исломофобия ва мазҳаблараро низо қўзғаш каби таҳдидларга қарши якдил маърифий курашни кучайтириш.
Шунингдек, Уламолар диний-маърифий соҳадаги ана шундай ҳамкорлик бутун Туркий дунё бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Анжуман давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати