Сизлар хоҳлаганча илм ўрганаверинглар. Аллоҳга қасамки, амал қилмагунингизча Аллоҳ сизларга унинг учун ажр бермайди. Аҳмоқлар ҳиммати ривоят қилиш, уламолар ҳиммати риоя қилишдир.
* * *
Олимларнинг жазоси қалбларининг ўлганидир. Қалбнинг ўлиши эса илми ва амаллари бўла туриб, дунёга ҳарис бўлиб юрганидир.
* * *
Илм талаб қилинглар, фақат илмни ҳилм (мулойимлик) ва виқор билан яширинглар.
* * *
Олимларнинг илмини, файласуфлар назариясини тўплаб, амалда нодонлар даражасида иш кўрувчилардан бўлма!
* * *
Олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади. Олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қонидан оғир келади.
* * *
Олимлар бўлмаганида инсонлар чорва моллари каби бўлиб қолардилар.
Олимлар юлдузларга ўхшайди. Агар кўриниб турса, одамлар улар билан йўл топишади. Агар кўздан йўқолиб, зулматда қолсалар, қаёққа юришни билмай ҳайрон қолишади.
* * *
Аллоҳга қасамки, қай бир банда дўзахга аниқ ишонса, унга кенг дунё тор бўлиб қолади. Мунофиқ эса дўзах гарчи мана шу деворнинг ортида турган бўлса ҳам, унга тушмагунича шубҳа қилаверади.
* * *
Эй Одам боласи, сенинг саҳифанг очилди, икки ҳурматли фаришта сенга вакил қилинди. Биттаси ўнг тарафингда туриб яхшиликларингни ёзади, иккинчиси чап томонингда ёмонликларингни битади. Нимани хоҳласанг, қилавер. Вафот этганингда саҳифанг беркитилади ва қабрингда бўйнингга осиб қўйилади. Қиёмат куни шундай ҳолда қабрингдан чиқасан.
Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига янги қабул қилинган 1-курс талабалари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари устоз Зайниддин домла ҳамроҳлигида идора фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Танишув давомида талабаларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тарихи, тузилмаси, асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, таълим ва маърифат йўналишидаги лойиҳалар хусусида сўз юритилди.
Талабалар идора фаолиятига оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, келгусидаги таълим ва касбий фаолиятлари учун муҳим маълумотларга эга бўлдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати