بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ وَكَفَى، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْمُصْطَفَى، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ОДОБИ
Муҳтарам жамоат! Инсоният жамияти ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, доимий равишда ривожланиш ва ўзгаришда бўлади... Йигирманчи асрнинг энг катта кашфиётларидан бири бу – халқаро тармоқ, яъни интернет бўлди десак, хато бўлмайди. Бу тармоқ қисқа йилларда телевидение, радио, газета ва журналларни орқада қолдирди. Дунё бўйича сон-саноқсиз одамлар интернет хизматларидан фойдаланадилар, ахборот алмашадилар, турли масалаларни ҳал қиладилар.
Интернет пайдо бўлгандан бери баъзилар уни ижобий баҳолашса, баъзилар салбий томонларини гапиради. Бу мавзудаги мақбул қараш шуки, интернет ҳам телевизор, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатсак – яхши, ёмонликка ишлатсак, ёмон нарсага айланади. Демак, бизнинг энг муҳим вазифамиз – интернетдан ёмон мақсадда фойдаланаётган инсонларга, айниқса ёш авлодга, тўғри йўлни кўрсатиш, зарарли оқибатлардан огоҳлантиришдир. Бошқа томондан эса ижтимоий тармоқларда миллий-диний қадриятларимизга зид нарсаларни тарғиб қилаётган шахслар таъсирига тушмаслик йўлларини ўргатишдир. Зеро Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَذَكِّرْ فَإِنَّ الذِّكْرَى تَنْفَعُ الْمُؤْمِنِينَ
яъни: “Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур” (Зориёт сураси 55-оят).
Ҳар нарсада қонун-қоида бўлгани каби, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ҳам ўзига яраша қоида ва одоблар мавжуд. Жумладан:
﴿ لَا تَزُولُ قَدَمَا ابْنِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ عِنْدِ رَبِّهِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ خَمْسٍ: عَنْ عُمْرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ وَعَنْ شَبَابِهِ فِيمَا أَبْلَاهُ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَا أَنْفَقَهُ وَمَاذَا عَمِلَ فِيمَا عَلِمَ ﴾ (رواه الإمام الترمذي عن ابن مسعود رضي الله عنه)
яъни: “Қиёмат куни беш нарса ҳақида сўралмагунича, Одам боласининг қадами Парвардигори ҳузуридан силжимайди: умрини қандай ўтказгани; ёшлигида қандай ишлар қилгани; бойликни қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва билган нарсаларига қай даражада амал қилгани сўралади” (Имом Термизий ривоятлари).
﴿اتَّقِ اللَّهَ حَيْثُما كُنْتَ، وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَة تَمْحُهَا، وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ﴾ (رَوَاهُ الامَامُ الترمذي)
яъни: “Қаерда бўлсангиз ҳам, Аллоҳдан қўрқинг! Ёмонликка яхшиликни эргаштиринки, ёмонликни ювиб кетади! Одамларга чиройли хулқ билан муомала қилинг!”, – дейилган (Имом Термизий ривоятлари).
Афсуски, ижтимоий тармоқларда мусулмонлар бир-бирини ҳақорат қилиши, туҳмат, ҳаттоки бўҳтон қилиши, обрўйига путур етказиши, ғийбат қилиши, ўзининг она юрти ва жамиятда фитна уруғларини сочиши кузатилиб турибди. Энг ёмони – бундай кишиларда холислик топилмаяпти. Улар баъзи пайтларда “тирноқ ичидан кир қидириш”га тушмоқдалар. Лекин кўз ўнгларида турган яхши ишлар, ислоҳотлар ва ўзгаришларни кўришмаяпти. Гоҳида ўзлари нима исташаётганини ҳам англамай қолишмоқда.
﴿كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ مَا سَمِعَ﴾ (رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ وَالامَامُ أَبُو دَاوُدَ عن أبي هريرة رضي الله عنه.(
яъни: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, – деганлар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоятлари).
Азизлар! Ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Жумладан:
Шариатимизга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш – ҳудди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир. Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар:
﴿لَمَّا عُرِجَ بِي مَرَرْتُ بِقَوْمٍ لَهُمْ أَظْفَارٌ مِنْ نُحَاسٍ، يَخْمُشُونَ وُجُوهَهُمْ وَصُدُورَهُمْ، فَقُلْتُ: مَنْ هَؤُلَاءِ يَا جِبْرِيلُ؟ قَالَ: هَؤُلَاءِ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ لُحُومَ النَّاسِ، وَيَقَعُونَ فِي أَعْرَاضِهِمْ﴾ (رواه الإمام أبو داود عن أنس رضي الله عنه)
яъни: “Жаброил алайҳиссалом мени осмонга олиб чиққанда, бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдалашар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” – деб сўрадим. Шунда: “Улар одамларнинг гўштини еб – уларни ғийбат қилиб, обрўларини тўккан кимсалардир”, – деб жавоб бердилар” (Имом Абу довуд ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шарифдан динимизда инсоннинг шаъни, обрўси қанчалик қадрли эканлиги, уни поймол қилишнинг оқибати аянчли экани маълум бўлмоқда.
Аввало шуни айтиш керакки, ислом уламолари ёш авлодга илмларни тартиб билан ўргатишга алоҳида эътибор берганлар. Илмни ўрганиш – динни ўрганишдир! Қолаверса, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги ҳам, кимдан таълим олгани ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди. Чунки, фатво бу – дин демакдир! Шариатимизга кўра эса, уни ким етказаётгани муҳимдир. Шунинг учун машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи:
إِنَّ هَذَا الْعِلْمَ دِينٌ فَانْظُرُوا عَمَّنْ تَأْخُذُونَ دِينَكُمْ (رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِم)
яъни: “Илм – бу диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар", – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).
Имом Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи: “Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган кишигагина динини ҳам ишониб топшириши лозим”, – деганлар.
Шунингдек, террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.
Бу каби иллатлар жамиятимизда ўзининг салбий таъсирларини кўрсатмай қолмайди. Бу иллат катта ёшдагиларнинг ҳам, ўрта ёшдагиларнинг ҳам ахлоқий бузилишига олиб келмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур сураси 30-оят).
Салмон Форсий разияллоҳу анҳу: “Ўлиб, қайта тирилишим сўнг яна ўлиб, яна қайта тирилишим, сўнг яна ўлиб, яна қайта тирилишим – бир мусулмон кишининг авратига қарашимдан ёки у менинг авратимга қарашидан кўра яхшироқдир”, – деганлар (Имом Аҳмад "Зуҳд" китобида ривоят қилганлар).
﴿ حَرَّمَ اللهُ أنْ يُغْتَابَ الْمُؤْمِنُ بِشَيْءٍ كَمَا حَرَّمَ الْمَيْتَةَ ﴾
яъни: “Аллоҳ таъоло ўлакса гўштини ҳаром қилганидек, бирор нарсада айблаб мўъминни ғийбат қилишни ҳам ҳаром қилди” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Ижтимоий тармоқлар орқали динимизга бўлаётган зарарлардан яна бири – ҳар бир юртнинг пешқадам олимларини таҳқирлаш, туҳмат-буҳтон сўзлари билан обрўсизлантириш, уларни нифоқда, куфрда айблашдир. Уларнинг бундан ўйлаган мақсадлари – мусулмон оммасини илмий раҳбарсиз қолдириб, ўзларига эргаштириш ва бошқаришдир.
Муҳтарам жамоат! Албатта, ижтимоий тармоқни буткул ёмонга чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Ижтимоий тармоқ ҳам телевидение, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатса – яхши, ёмонликка ишлатса – ёмон натижа беради.
Шундай экан, бугунги куннинг талаби – интернетнинг ижобий жиҳатларидан фойдаланиб, дунё-охиратимизни обод қиладиган, халқимизга манфаат келтирадиган ишларни қилишдир. Ҳар бир мусулмон ҳаётда қандай умуминсоний ва диний қоидаларга амал қилиши лозим бўлса, интернетдан фойдаланишда ёки ўзаро алоқада ҳам шу асосларга риоя қилиши шарт. Акс ҳолда, турли ноқулайликлар ва гуноҳ ишларга аралашиб қолинади. Демак, яқинларимиз, айниқса ёшларни ижтимоий тармоқнинг салбий жиҳатлари ва оқибатларидан ҳимоя қилиш, доимий тушунтириш ишларини олиб бориш – ҳар биримизнинг бурчимиздир!
Аллоҳ таоло барчамизга ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланишни насиб қилиб, уни икки дунёмизнинг обод бўлишига сабабчи воситалардан айласин! Омин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асламлик бир кишига одамлар ичида «Ким бирон нарса еган бўлса, куннинг қолганида рўза тутсин, ким емаган бўлса, у ҳам рўза тутсин, чунки бугун Ашуро куни», деб жар солишга буюрдилар».
Икки Шайх ва Насаийлар ривоят қилишган.
Рубаййиъ бинт Муъаввиз ибн Афро розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ашуро куни эрталаб Мадина атрофидаги ансорларнинг қишлоқларига одам юбориб, «Ким рўза тутган ҳолда тонг оттирган бўлса, рўзасини тугал қилсин. Ким оғзи очиқ ҳолда тонг оттирган бўлса, кунининг қолганини (рўза билан) тугал қилсин», дедилар.
Шундан кейин биз унинг рўзасини тутадиган ва ёш болаларимизга ҳам Аллоҳ хоҳлаганича туттирадиган бўлдик. Масжидга бориб, уларга юнгдан ўйинчоқ қилиб берар эдик. Бирортаси овқат деб йиғласа, ифторгача унга ўшани берар эдик».
Муслим ривоят қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кун – Ашуро кунининг ҳамда ушбу ой, яъни Рамазон ойининг рўзасидан ташқари бирор кунни бошқасидан афзал кўриб, рўза тутишга қасд қилганларини кўрмадим».
Икки Шайх ривоят қилган.
Изоҳ: Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Ашуро куни келар экан, рўзасини тутсам, деб, интиқ бўлиб турар эканлар. Бошқа бирор куннинг рўзасини тутиш учун бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар.
Шунингдек, Рамазон ойини ҳам қачон келар экан, рўзасини тутсам, деб, интиқ бўлиб кутар эканлар. Бошқа бирор ойнинг рўзасини тутишни бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар. У кишининг умматлари, яъни бизлар ҳам шундай бўлишимиз лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррамдадир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро кунининг рўзаси ўзидан олдинги йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади», дедилар».
Муслим ривоят қилган.