Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларининг биттасидан ривоят қилинади:
У зот қизларига тонг отганида:
سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ لاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ مَا شَاءَ اللهُ كَانَ وَمَا لَمْ يَشَأْ لَمْ يَكُنْ، أَعْلَمُ أَنَّ اللهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ وَأَنَّ اللهَ أَحَاطَ بِكُلِّ شَيْءٍ عِلْمًا
«Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, лаа қуввата илла биллаҳи маша`аллоҳу кана ва ма лам йаша` лам йакун. Аъламу анналлоҳа ъала кулли шай`ин қодийр. Ва анналлоҳа қод аҳато бикулли шай`ин ъилма», деб айтишни ўргатар эдилар. Чунки бу калималарни тонг отганида айтган киши кеч киргунича муҳофаза қилинади. Кеч кирганида айтса, тонг отгунича муҳофаза этилади.
Маъноси: Аллоҳга ҳамд айтиш билан Уни поклаб ёд этаман. Аллоҳдан бошқада қувват йўқ. Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлади. Хоҳламаган нарса бўлмайди. Биламанки, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. Ва, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани илми билан иҳота қилгандир.
Абу Довуд ривоятлари.
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Чап қўлни орқага қилган ҳолда, унга суяниб ўтириш жоизми? Ёши катталар бу ишни “ёмон” деб, қайтаришади.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу иш жоиз эмас. Ёши катталар бу ишни бежизга “ёмон” деб, қайтаришмаган. Зеро, бу макруҳ амал саналади. Бу ҳақда Шарид ибн Сувайд исмли саҳобий розияллоҳу анҳу шундай деганлар:
مَرَّ بي رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم وأنا جالسٌ هكذا وقد وَضَعْتُ يَدِي اليُسْرَى خلفَ ظهري واتَّكَأْتُ على أَلْيَةِ يَدِي فقال أَتَقْعُدُ قَعْدَةَ المغضوبِ عليهم
“Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимдан ўтиб қолдилар. Мен чап қўлимни орқамга қўйиб, қўлимнинг кафтига суяниб ўтирган эдим. Шунда У Зот “Ғазаб қилинганларни ўтириши каби ўтирасанми?”, деб танбеҳ бердилар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Шунга кўра фақиҳлар “Киши хоҳ бир қўлига суянсин, хоҳ икки қўлига суянсин, фарқи йўқдир. Яъни, ҳар иккала ҳолатда ҳам макруҳ бўлади”, деганлар (“Мирқотул-мафотиҳ” китоби асосида). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.