Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларининг биттасидан ривоят қилинади:
У зот қизларига тонг отганида:
سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ لاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ مَا شَاءَ اللهُ كَانَ وَمَا لَمْ يَشَأْ لَمْ يَكُنْ، أَعْلَمُ أَنَّ اللهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ وَأَنَّ اللهَ أَحَاطَ بِكُلِّ شَيْءٍ عِلْمًا
«Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, лаа қуввата илла биллаҳи маша`аллоҳу кана ва ма лам йаша` лам йакун. Аъламу анналлоҳа ъала кулли шай`ин қодийр. Ва анналлоҳа қод аҳато бикулли шай`ин ъилма», деб айтишни ўргатар эдилар. Чунки бу калималарни тонг отганида айтган киши кеч киргунича муҳофаза қилинади. Кеч кирганида айтса, тонг отгунича муҳофаза этилади.
Маъноси: Аллоҳга ҳамд айтиш билан Уни поклаб ёд этаман. Аллоҳдан бошқада қувват йўқ. Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлади. Хоҳламаган нарса бўлмайди. Биламанки, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. Ва, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани илми билан иҳота қилгандир.
Абу Довуд ривоятлари.
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Жаҳон тиббиёт журналларида (Annals of Internal Medicine, The British Medical Journal) чоп этилган йирик илмий тадқиқотларда суррогат оналикнинг соғлиқ учун бир қанча салбий томонлари исботланган.
Илмий кузатувлар шуни кўрсатадики, суррогат оналарда ҳомиладорлик ва туғруқ асоратлари оддий аёлларга нисбатан 3 баравар юқори бўлади. Қолаверса, туғруқдан кейин бачадондан кучли қон кетиши ва инфекция тушиш хавфи сезиларли даражада ортади.
Суррогат онанинг организми ўзига мутлақо бегона бўлган (генетик алоқаси йўқ) эмбрионни қабул қилгани сабабли, иммун тизими реакция беради. Бунинг натижасида қон босимининг хавфли даражада кўтарилиши кўп кузатилади.
Суррогат ҳомиладорликда жарроҳлик амалиёти орқали туғруқ кўп ҳолларда олдиндан режалаштирилади, бу эса ички аъзоларнинг чандиқланишига ва бачадон йиртилиши хавфига олиб келади.
Эмбрион бачадонга ўрнашиши учун суррогат онага жуда кўп миқдорда сунъий гормонлар юборилади. Бу жигар, буйрак фаолиятига зарар етказади.
Суррогат оналикда болалар кўпинча 37-ҳафтага етмай, вақтидан олдин туғилади. Чала туғилиш оқибатида гўдакларнинг вазни нормадан паст бўлади ва уларнинг ўпка ҳамда бошқа аъзолари тўлиқ ривожланмайди.
Илмий жиҳатдан бола суррогат онанинг генини олмаса ҳам, ҳомиладорлик даврида суррогат онанинг турмуш тарзи, стресслари ва соғлиғи болага бевосита таъсир қилади.
Бола туғилган заҳоти уни 9 ой давомида кўтариб юрган, юрак уришини эшитиб ўсган онасидан (суррогат онадан) ажратиб олинади. Бу чақалоқ учун ҳам, туққан аёл учун ҳам кучли руҳий стресс (психологик жароҳат, траума) келтириб чиқаради.
Германия, Франция, Италия, Швеция, Норвегия, Австрия, Швейцария, Финляндия, Эстония, Словакия, Хитой, Япония каби давлатларда бу амалиёт қонунан тақиқланган. Испанияда ҳатто хорижга бориб суррогат она хизматидан фойдаланиш ҳам жиноят саналади.
Ислом шариатида суррогат оналик (хоҳ у пул эвазига бўлсин, хоҳ бепул) қатъиян тақиқланган ва ҳаром саналади. Бу бўйича Бутунжаҳон Ислом Фиқҳи Академияси ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатволари мавжуд.
Даврон НУРМУҲАММАД