Саудия Aрабистонида “Исломда аёллар: мақоми ва таъсирини кучайтириш” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Анжуман подшоҳ Салмон бин Aбдулазиз ҳомийлигида Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари, вазирлари ва бошқа расмийлари иштирокида ўтказиляпти.
Унда Саудия Aрабистони ташқи ишлар вазири, шаҳзода Файсал бин Фархон Саудия аёллари Подшоҳликнинг ривожланиш ва тараққиёт йўлида тутган роли ҳақида гапирди. Жумладан, вазир ижтимоий ва меҳнат бозоридаги ислоҳотлар натижасида сўнгги 7 йилда хотин-қизларнинг меҳнат ресурсларидаги иштироки 19,3 фоиздан 37 фоизга, раҳбарлик лавозимларида эса аёллар улуши 17 фоиздан 39 фоизга ошди, дея таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Масжиддаги жамоатда баъзан олдинги сафдаги одамнинг кийими калта бўлгани учун саждада орқаси қисман очилиб қолади ва бехосдан унга кўзимиз тушиб қолади. Шу ҳолатда таҳорат ёки намозимиз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар таҳорат ва намозни бузувчи омилларни бирма-бир санаганлар. Улар ичида бировнинг авратига кўз тушиб қолиш сабабли бузилади, деган гап йўқ. Бировнинг, хоҳ аёлнинг, хоҳ эркакнинг авратига қараш сабабли бавл ёки бирор суюқлик чиқмаса, таҳорат синмайди. Аммо бу дегани қараш, назар солиш мумкин экан, деб тушунмаслик керак. Чунки бундай ишлар асло мумкин эмас.
Бир нарсани ёдда тутиш лозимки, намоз ўқиш учун тайёрланаётган инсон намоз ўқиш асносида авратлари очилиб қолмаслигининг чорасини кўриши керак бўлади. Чунки бир рукн (фарз амали) миқдорича авратининг тўртдан бири очилиб турса, унинг намози бузилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази