frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Эътиқод дурдонлари: ПАЙҒАМБАРЛАР ВА ФАРИШТАЛАРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ БАЁНИ

13.03.2021   12913   18 min.
Эътиқод дурдонлари: ПАЙҒАМБАРЛАР ВА ФАРИШТАЛАРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ БАЁНИ

23 - وَفَرْضٌ لاَزِمٌ تَصْدِيقُ رُسْلٍ     وَأَمْلاَكٍ كِرَامٍ بِالنَّوَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Расулларни ва инъомлар билан улуғланган фаришталарни тасдиқлаш лозим фарздир.

 

Назмий баёни:

Фарзу лозим эрур тасдиқлаш расулларни,

Ҳам инъомлар-ла шарафланган малакларни.

 

Луғатлар изоҳи:

فَرْضٌ – мубтадосидан олдин келтирилган хабар. Фарз калимаси луғатда “вазифа қилиб белгилаш” маъносига тўғри келади. Истилоҳда эса шак-шубҳасиз қатъи далил билан собит бўлган ҳукм фарз дейилади. Фарз икки хил бўлади:

  1. Фарзи айн. Ҳар бир ақли расо балоғатга етган мусулмонга бажариш вазифа қилиб белгиланган ҳукм фарзи айн дейилади. Масалан, иймон келтириш;
  2. Фарзи кифоя. Мусулмонларнинг умумий жамоасига вазифа қилиб белгиланган ҳукм фарзи кифоя дейилади. Масалан, жаноза намози ўқиш.

لاَزِمٌ – лозим луғатда “зарур”, “керакли” маъноларига тўғри келади. Истилоҳда “маълум бир нарсадан ажралиши мумкин бўлмаган нарса  лозим дейилади”. Масалан, 4 сонининг тенг 2 га бўлинишдан ажралиши ақлан мумкин эмас. Шунга кўра 4 сонининг тенг 2 га бўлиниши лозим ҳисобланади. 

تَصْدِيقُ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Луғатда рост деб билиш, қалбан ишониш маъноларини англатади.

رُسْلٍ – музофун илайҳ. Назм зарурати учун ўртаси сукунли қилиб келтирилган. Аслида, رُسُلٍ дир.

وَ – мутлақ жамлаш учун келтирилган атф ҳарфи.

اَمْلاَكٍ – бу калима аслида,   مَلَكٌ нинг эмас, балки مَلِكٌ нинг кўплик шаклидир. Лекин Нозим назм зарурати учун ушбу шаклда келтирган.

كِرَامٍ – бу калима كَرِيمٌ нинг кўплик шакли бўлиб,  اَمْلاَكٍ га сифат бўлиб келган. كَرِيمٌ калимаси ҳар бир нарсанинг энг яхшисига ва рози бўлинадиган ва мақталадиган нарсаларга нисбатан ишлатилади. 

بِ – “табъийз” (бўлакларга ажратиш) маъносида келган жор ҳарфи.

النَّوَالِ – жор ва мажрур كِرَامٍ га мутааллиқдир. Луғатда “тортиқ”, “ҳадя” каби маъноларни англатади.

 

Матн шарҳи:

Пайғамбарлар ва Фаришталарни тасдиқлаш ҳар бир мўмин кишига фарзи айн бўлганидан “фарзу лозим эрур” дея таъкидланди.

Аллоҳ таоло башариятга огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчи пайғамбарлар юборганига шак-шубҳасиз ишониш, иймон рукнларидан бири ҳисобланади. Пайғамбар сўзи араб тилида “расул” ёки “набий” деб ифодаланади. Бу икки исм ўртасида қуйидагича фарқ бор: Расул луғатда “элчи” “вакил” каби маъноларни англатади.

 Истилоҳда эса “Аллоҳ таолодан шариат ваҳий қилинган ва уни етказишга буюрилган инсон, расул деб аталади”.

Расулларнинг рисолатни етказишга буюрилганларига ушбу оятлар далилдир:

﴿ٱلَّذِينَ يُبَلِّغُونَ رِسَٰلَٰتِ ٱللَّهِ وَيَخۡشَوۡنَهُۥ وَلَا يَخۡشَوۡنَ أَحَدًا إِلَّا ٱللَّهَۗ وَكَفَىٰ بِٱللَّهِ حَسِيبٗا٣٩

“Улар Аллоҳнинг элчилигини етказадиган, Ундан қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг ўзи ҳисоб қилгувчиликка кифоядир”[1].

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай хитоб қилинган:

﴿۞يَٰٓأَيُّهَا ٱلرَّسُولُ بَلِّغۡ مَآ أُنزِلَ إِلَيۡكَ مِن رَّبِّكَۖ وَإِن لَّمۡ تَفۡعَلۡ فَمَا بَلَّغۡتَ رِسَالَتَهُۥۚ وَٱللَّهُ يَعۡصِمُكَ مِنَ ٱلنَّاسِۗ إِنَّ ٱللَّهَ لَا يَهۡدِي ٱلۡقَوۡمَ ٱلۡكَٰفِرِينَ٦٧

“Эй Пайғамбар! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлар (зарари)дан сақлар. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас”[2]

Набий сўзи луғатда, “баланд бўлмоқ”, “маълумот”, “хабар”, “янгилик” каби маъноларни англатади.

Истилоҳда эса “Аллоҳ таолодан шариат ваҳий қилинган, лекин уни етказишга масъул қилинмаган инсон, набий деб аталади”.

“Расуллик мартабаси набийлик мартабасидан олий ҳисобланади. Чунки барча расуллар набий ҳам саналади, аммо набийлар расул саналмайди. Пайғамбарларнинг адади аниқ маълум эмас. Аммо баъзи асарларда уларнинг ададлари 120 мингдан ортиқ экани хабар берилган. Расулларнинг адади оздир. Қуръони каримда зикр қилинганларига батафсил иймон келтириш вожиб бўлади, улар 25 та бўлиб, барчалари расулдирлар” [3]

 

Қуръонда зикр қилинган пайғамбарлар

Қуръони каримда 25  нафар пайғамбарларнинг номлари зикр қилинган:

  1. Одам; 2. Идрис; 3. Нуҳ; 4. Ҳуд; 5. Солиҳ; 6. Иброҳим; 7. Лут; 8. Исмоил; 9. Исҳоқ; 10. Яъқуб; 11. Юсуф; 12. Айюб; 13. Шуайб; 14. Мусо; 15. Ҳорун; 16. Юнус; 17. Довуд; 18. Сулаймон; 19. Илёс; 20. Ал-Ясаъ; 21. Закариё; 22. Яҳё; 23. Зул-кифл; 24. Исо ва 25. Муҳаммад алайҳиссаломлар.

Анъом сурасида 18 нафар пайғамбар алайҳиссаломларнинг номлари кетма-кет  зикр қилинган: 

﴿وَتِلۡكَ حُجَّتُنَآ ءَاتَيۡنَٰهَآ إِبۡرَٰهِيمَ عَلَىٰ قَوۡمِهِۦۚ نَرۡفَعُ دَرَجَٰتٖ مَّن نَّشَآءُۗ إِنَّ رَبَّكَ حَكِيمٌ عَلِيمٞ٨٣ وَوَهَبۡنَا لَهُۥٓ إِسۡحَٰقَ وَيَعۡقُوبَۚ كُلًّا هَدَيۡنَاۚ وَنُوحًا هَدَيۡنَا مِن قَبۡلُۖ وَمِن ذُرِّيَّتِهِۦ دَاوُۥدَ وَسُلَيۡمَٰنَ وَأَيُّوبَ وَيُوسُفَ وَمُوسَىٰ وَهَٰرُونَۚ وَكَذَٰلِكَ نَجۡزِي ٱلۡمُحۡسِنِينَ٨٤ وَزَكَرِيَّا وَيَحۡيَىٰ وَعِيسَىٰ وَإِلۡيَاسَۖ كُلّٞ مِّنَ ٱلصَّٰلِحِينَ٨٥ وَإِسۡمَٰعِيلَ وَٱلۡيَسَعَ وَيُونُسَ وَلُوطٗاۚ وَكُلّٗا فَضَّلۡنَا عَلَى ٱلۡعَٰلَمِينَ٨٦

“Ана ўшалар, Иброҳимга қавмига қарши (тортишувда) берган ҳужжатларимиздир. Кимни хоҳласак, даражасини кўтарамиз. Албатта, Роббинг ҳикматли ва яхши билувчи Зотдир. Ва Биз унга (Иброҳимга) Исҳоқ ва Яъқубни бердик. Барчаларини ҳидоят қилдик. Бундан олдин Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни ҳам (ҳидоят қилдик). Чиройли иш қилувчиларни ана шундай мукофотлармиз. Ва Закариё, Яҳё, Исо ва Илёсни ҳам. Ҳаммалари аҳли солиҳлардир. Ва Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам. Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик”[4].     

Қолганларининг номлари эса Қуръонда турли ўринларда зикр қилинган:

﴿وَإِلَىٰ عَادٍ أَخَاهُمۡ هُودٗاۚ

“Од (қабиласи)га биродарлари Ҳудни (пайғамбар этиб юбордик)”[5].

﴿۞وَإِلَىٰ مَدۡيَنَ أَخَاهُمۡ شُعَيۡبٗاۚ

“Мадян (қавми)га биродари Шуайбни (элчи – пайғамбар этиб юбордик)”[6].

﴿۞إِنَّ ٱللَّهَ ٱصۡطَفَىٰٓ ءَادَمَ وَنُوحٗا وَءَالَ إِبۡرَٰهِيمَ وَءَالَ عِمۡرَٰنَ عَلَى ٱلۡعَٰلَمِينَ٣٣

“Албатта, Аллоҳ Одам ва Нуҳни ҳамда Иброҳим ва Имрон авлодларини оламлар узра (пайғамбарлик учун) танлади”[7].   

﴿وَإِسۡمَٰعِيلَ وَإِدۡرِيسَ وَذَا ٱلۡكِفۡلِۖ كُلّٞ مِّنَ ٱلصَّٰبِرِينَ٨٥

“Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни (эсланг). Барчалари сабр қилувчилардандир”[8]

﴿مُّحَمَّدٞ رَّسُولُ ٱللَّهِۚ

“Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир”[9].  

Муҳаммад Али Собуний “Нубувват вал анбия” (Пайғамбарлик ва пайғамбарлар) китобида Қуръони каримда зикр қилинган пайғамбарлар ҳамда уларларнинг хусусиятлари ҳақида батафсил баён қилган.  

 

Пайғамбарларга иймон келтириш тушунчаси

Пайғамбарларга иймон келтириш ҳамда уларни тасдиқлаш қуйидаги тушунчаларни ўз ичига олади:

– Барча пайғамбарлар башариятни Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақириш учун юборилган;

– Барча пайғамбарлар ўзларига топширилган вазифаларни тўла-тўкис адо этган;

– Барча пайғамбарларга итоат этиш ва бирортасига ҳам қарши чиқмаслик вожибдир. Чунки уларга итоат этиш Аллоҳга итоат этиш  ҳисобланади;

– Барча пайғамбарлар инсониятнинг энг ростгўйлари, энг хулқи гўзаллари, илм жиҳатидан ҳам, амал жиҳатидан ҳам энг афзали бўлганлар;

– Барча пайғамбарлар эркак жинсидан бўлганлар, фаришталардан ҳам, аёллардан ҳам бўлмаганлар;.

– Аллоҳ таоло бирор пайғамбарни инсоният табиатидан бошқа табиат билан хосламаган. Уларнинг барчалари оддий инсонлар каби еб-ичадиган, бозорда юрадиган, ухлайдиган, куладиган ва азиятларга учрайдиган кишилар бўлганлар.Улар касал ҳам бўлган, ҳатто баъзилари ноҳақ қатл ҳам этилган. Инсонга етиши мумкин бўлган азиятлар уларга ҳам етган, бироқ бу нарсаларнинг бирортаси уларнинг олий мартабаларига нуқсон етказмаган;

– Аллоҳ таоло пайғамбарларни Ўзининг ҳақиқий элчилари эканларини тасдиқлаб, уларни мўъжиза билан қўллаб-қувватлаган;

– Пайғамбарларнинг энг афзали Муҳаммад алайҳиссаломдир. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:

فُضِّلْتُ عَلَى الاَنْبِيَاءِ بِسِتٍّ اُعْطِيَتُ جَوَامِعَ الْكَلِمِ وَ نُصِرْتُ بِالرُّعْبِ وَ اُحِلَّتْ لِى الْغَنَائِمُ وَ جُعِلَتْ لِى الاَرْضُ مَسْجِدًا وَ طَهُورًا وَ اُرْسِلْتُ اِلَى الْخَلْقِ كَافَّةً وَ خُتِمَ بِى النَّبِيُّونَ.  رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِرْمِذِىُّ

“Пайғамбарлардан олти нарсада афзал кўрилдим:

  1. Менга сермазмун нутқ ато қилинди;
  2. Қўрқинч билан ёрдам берилдим;
  3. Менга ўлжалар ҳалол қилинди;
  4. Менга ер масжид ва покловчи қилинди;
  5. Барча халойиққа (пайғамбар этиб) юборилдим;
  6. Мен билан пайғамбарлар ниҳояланди”. Муслим ва Термизий ривоят қилган.

 

Пайғамбарларнинг умумий адади ҳақида эътиқодимиз

Мотуридия мазҳабининг мўътабар уламоларидан бўлган Нажмиддин Умар Насафий “Ақоидун Насафия” асарида  пайғамбарларнинг умумий адади ҳақида шундай деган:  

وَقَدْ رُوِيَ بَيَانُ عَدَدِهِمْ فِى بَعْضِ الْاَحَادِيثِ وَالْاَوْلَى اَنْ لاَ يُقْتَصَرَ عَلَى عَدَدٍ فِى التَّسْمِيَةِ فَقَدْ قَالَ اللَّهُ تَعَالَى ﮋ ﭖ  ﭗ  ﭘ  ﭙ   ﭚ  ﭛ  ﭜ  ﭝ  ﭞﮊ وَلَا يُؤْمَنُ فِى ذِكْرِ الْعَدَدِ أَنْ يُدْخِلَ فِيهِمْ مَنْ لَيْسَ مِنْهَمْ اَوْ يُخْرِجَ مِنْهُمْ مَنْ هُوَ فِيهِمْ

“Албатта, баъзи ҳадисларда уларнинг ададлари баёни ривоят қилинган. Афзалроғи уларни маълум ададга чекламасликдир. Чунки Аллоҳ таоло: “Улардан кимнингдир қиссасини сенга айтдик ва улардан кимнингдир қиссасини сенга айтмадик”[10], – деган. (Шунга кўра) адад зикр қилинса, улардан бўлмаганни улар сафига киритиб қўйиш ёки улардан бирини улар сафидан чиқариб юбориш (эҳтимоли)дан омонда бўлинмайди”.

Ушбу ўринда пайғамбарларнинг адади ҳақидаги машҳур саволнинг жавобини билиб қўйиш лозим бўлади. Яъни “пайғамбарларнинг адади ҳақида ҳадиси шарифда хабар берилган бўлса, ўша ҳадисда айтилган ададни тайин қилиш вожиб бўлмайдими? Агар вожиб бўлмайди, дейилса, ҳадисда баён қилинган нарсага эътиқод қилиш вожиб эмас деган гап бўлиб қолади-ку, буни қандай тушуниш мумкин?

Бу саволга уламолар қуйидагича жавоб берганлар:

– мазкур ҳадис мақбул ҳадис бўлган тақдирда ҳам “хабару воҳид” ҳисобланади. “Хабару воҳид” эса эътиқодий қатъиликни ифодаламайди, балки “зон”ни ифодалайди. “Зон” билан эса қатъи эътиқод собит бўлмайди;

– мазкур ҳадис қатъиликни ифодалаган тақдирда ҳам, пайғамбарларнинг адади ҳақидаги ривоятлар қувватлари бир хил бўлгани учун ўзаро таоруз (қарама-қарши) бўлиб қолган;     

– “Хобарул воҳид”нинг мақбул бўлиш шарти Қуръоннинг зоҳирига зид бўлмаслик керак. Мазкур ҳадис эса “улардан кимнингдир қиссасини сенга айтмадик” маъносидаги оятга зоҳиран зид бўлиб қолган. 

Шунинг учун пайғамбарларнинг адади ҳақида гапирилганда уларни маълум бир ададга чекламасдан Аллоҳ таоло қанча пайғамбар юборган бўлса, барчасига иймон келтирдим, дейилади.   

 

Фаришталарга иймон келтириш тушунчаси

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ сўзларининг давомида “ҳам инъомлар-ла шарафланган малакларни” дея фаришталарни тасдиқлаш ҳам фарзу лозим эканини баён қилган. Фаришталар Аллоҳ таолога исён қилмайдиган, инсонлар нафас олишдан чарчамаганлари сингари улар ҳам тоат-ибодатдан чарчамайдиган зотлардир. Улар эркаклик билан ҳам, аёллик билан ҳам васф қилинмайди. Уларнинг жисмлари нурдан яратилган бўлиб, турли шаклларга кира олиш салоҳиятига эгадирлар. Улар мазкур имтиёзлардан ташқари ҳам кўплаб фазилатлар берилган ҳурматли зотлардир.   

Фаришталарнинг борлигига қатъи ишониш иймон рукнларидан бири ҳисобланади. Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам  фаришталарга иймон келтириш ҳақида жуда кўплаб хабарлар келган:

﴿ءَامَنَ ٱلرَّسُولُ بِمَآ أُنزِلَ إِلَيۡهِ مِن رَّبِّهِۦ وَٱلۡمُؤۡمِنُونَۚ كُلٌّ ءَامَنَ بِٱللَّهِ وَمَلَٰٓئِكَتِهِۦ وَكُتُبِهِۦ وَرُسُلِهِۦ

“Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) иймон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига (ҳаммасига) иймон келтирди”[11].

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَارِزًا يَوْمًا لِلنَّاسِ فَأَتَاهُ رَجُلٌ فَقَالَ مَا الْإِيمَانُ قَالَ الْإِيمَانُ أَنْ تُؤْمِنَ بِاللهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكِتَابِهِ وَلِقَائِهِ وَرُسُلِهِ، وَتُؤْمِنَ بِالْبَعْثِ.  أَخْرَجَهُ الْبُخَارِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни одамларнинг олдиларига чиқиб турган эдилар. Бир киши у зотнинг ёнларига келди ва: “Иймон нима?”, – деб сўради. У зот: “Иймон – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобига, Унга йўлиқишга, Унинг пайғамбарларига ва қайта тирилишга ишонмоғингдир”, – дедилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.

 

Фаришталарга иймон келтиришнинг
мўмин ҳаётидаги таъсири

Фаришталарга иймон келтириш мўмин-мусулмонларнинг ҳаётида улкан таъсирга эга бўлиб, ундан кўплаб манфаатлар ҳосил бўлади:

–  Фаришталарнинг бандалар қилаётган ҳар бир ишини кузатиб, ёзиб бораётганларига аниқ ишонган киши доимий равишда кузатувда эканини ҳис этади ва инсонлар кўрмаётган пайтларда ҳам гуноҳ ишларни қилишдан ҳаё қилиб қолади;

– Қийинчилик пайтларида ҳам сабр қилиши осон бўлади. Чунки у чекаётган машаққатларини ҳар доим ўзи кўрмаётган фариштанинг ёзиб бораётганини, унинг ҳаққига Роббисидан истиғфор сўраб турганини билиб туради.

 

Фаришталар қачон яратилган?

Фаришталар Одам алайҳиссаломдан олдин яратилган ҳисобланади. Бунга  ушбу оят далолат қилади:

﴿وَإِذۡ قَالَ رَبُّكَ لِلۡمَلَٰٓئِكَةِ إِنِّي جَاعِلٞ فِي ٱلۡأَرۡضِ خَلِيفَةٗۖ قَالُوٓاْ أَتَجۡعَلُ فِيهَا مَن يُفۡسِدُ فِيهَا وَيَسۡفِكُ ٱلدِّمَآءَ

Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: “Мен Ер юзида халифа қилмоқчиман”, – деди. Улар: “Унда (Ерда) фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан?”[12].   

Ушбу оят тақозосига кўра ҳали инсон яратилмасидан илгари фаришталар яшаганлар ва Аллоҳ таоло Одамни  яратишини хабар берганида улар таажжубланиб мазкур гапни айтганлар. Инсонларнинг бузғунчилик қиладиган ва ноҳақ қонлар тўкадиган мавжудот бўлишини фаришталар қаердан билганлар, улар ғайбни билмайдилар-ку, деган саволга бир қанча жавоблар берилган:

  1. Аллоҳ таоло билдирган;
  2. Лавҳул маҳфуздаги ёзувни ўқишган;
  3. Фаришталарда фақатгина ўзларининг маъсум бўлишлари қолган махлуқотларнинг бундай сифатга эга бўлмасликлари тўғрисида илм бўлган;
  4. “Сақолайн” (инсонлар ва жинлар)нинг бирини иккинчисига қиёс қилишган. Яъни инсонларни ҳам ерда бузғунчилик қилган жинларга қиёс қилишган.

 

Фаришталарни асл қиёфаларида кўриш мумкинми?

Уламолар инсонларнинг фаришталарни кўришлари мумкинлиги ҳақида шундай деганлар: “Фаришталар нурдан яратилганлари сабабли уларни асл қиёфаларида кўришга башарнинг тоқати етмайди. Шунинг учун асл қиёфаларидан инсон кўринишига ўтганларидан кейингина инсонлар уларни кўришлари мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброил алайҳиссаломни асл кўринишларида икки марта кўрганлари эса у зотнинг ўзларига хос хусусият ҳисобланади”.

 

Фаришталарнинг ададлари қанча?

Фаришталар жуда кўп бўлиб, уларнинг адади қанча эканини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай баён қилинган:

﴿ وَمَا يَعۡلَمُ جُنُودَ رَبِّكَ إِلَّا هُوَۚ

“Роббингнинг аскарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас”[13].

Шунингдек, ҳадиси шарифларда “Байтул маъмур” (Каъбанинг тепасида, еттинчи осмонда фаришталар тавоф қиладиган уй)ни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилиши ва ададлари кўплигидан бир марта тавоф қилганлари қайта тавоф қила олмасликлари хабари берилган.  

 

Фаришталар ухлайдиларми?

Фаришталарда ухлаш ва чарчаш сингари инсонлар ва бошқа жониворларга хос сифатлар бўлмайди. Бунга қуйидаги оят далолат қилади:

﴿يُسَبِّحُونَ ٱلَّيۡلَ وَٱلنَّهَارَ لَا يَفۡتُرُونَ٢٠

“Улар кечаю кундуз тасбиҳ айтарлар. Чарчамаслар”[14].

Яъни фаришталар доимий равишда ибодат билан машғул бўлиб турадилар. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, инсонлар нафас олишдан чарчаб қолиб "бир оз дам олиш"га асло тўхтамаганларидек, фаришталар ҳам ибодат қилишдан асло тўхтамайдилар.

 

Фаришталар гўзал суратда бўладиларми?

Фаришталар ниҳоятда гўзал суратда яратилган махлуқотлар ҳисобланади. Бунга қуйидаги оятда далолат бор:

﴿عَلَّمَهُۥ شَدِيدُ ٱلۡقُوَىٰ٥ ذُو مِرَّةٖ فَٱسۡتَوَىٰ٦

“У (Муҳаммад)га шиддатли қувват эгаси таълим берди. Миррат эгаси кўтарилди”[15].

Ушбу оятдаги “Зу мирротин” сўзини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу “гўзал кўриниш эгаси”, деб тафсир қилган.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Фаришталарнинг вазифалари:

Фаришталар вафот этадиларми?

 

[1] Аҳзоб сураси, 39-оят.

[2] Моида сураси, 67-оят.

[3] Шайх Муҳаммад Али Собуний. Нубувват вал Анбия. – Байрут: “Мактабатул Асрия”, 2005. – Б. 17. 

[4] Анъом сураси, 83, 86-оятлар.

[5] Ҳуд сураси, 50-оят.

[6] Ҳуд сураси, 84-оят. 

[7] Оли Имрон сураси, 33-оят.

[8] Анбиё сураси, 85-оят.

[9] Фатҳ сураси, 29-оят.

[10] Ғофир сураси, 78-оят.

[11] Бақара сураси, 285-оят.

[12] Бақара сураси, 30-оят.

[13] Муддассир сураси, 31-оят.

[14] Анбиё сураси, 20-оят.

[15] Нажм сураси, 5, 6-оятлар.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

18.08.2026   36027   8 min.
Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.

Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.

Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий  математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.

Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.

Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.

Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.

Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.

Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.

Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.

Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.

Нафақат музей, балки интеллектуал платформа

Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.

Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.

Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш

Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.

Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.

Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.

«Маърифат билан жаҳолатга қарши»

Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.

Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.

Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.

Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.

Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси

Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.

Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.

Учинчи Ренессанснинг асосий кучи

Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.

Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.

Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.

Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.

Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.

Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари