Унда Марказ тадқиқотчилари, юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва муассасаларнинг ёш олимлари иштирок этди.
Семинарда туркиялик адабиётшунос олим – Анқара Йилдирим Боязид университети доценти Ўғузхон Айдиннинг мазкур мавзудаги маърузаси тингланди.

Олим Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан машҳур мутафаккир ижодкорлар, уларнинг машҳур асарлари, ўтмишда ва замонамизда адибларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз юритди. Ислом цивилизацияси равнақида уларнинг ижоди ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлганини, ҳали-ҳануз ўзининг маънавий-маърифий қимматини сақлаб келаётганини алоҳида қайд этди.
Ўғузхон Айдин Аҳмад Яссавийнинг “Девони ҳикмат”идан парчалар ўқиб, халқчил услубда битилган бу мисраларнинг ўзи исломнинг асл моҳияти тинчлик, эзгулик ва тараққиёт эканидан далолат беришини, мовароуннаҳрлик барча ижодкорлар асарларида бу жиҳатлар ёрқин акс этишини таъкидлади.
– Бутун ер юзида қуёш фалакдан ерга қараб нур сочади, Мовароуннаҳр диёрида эса, нур ердан фалакка қараб сочилади, – деди туркиялик олим. – Самарқанднинг “Рўйи замин сайқали”, уч қуббатул исломнинг бири бўлган Бухоронинг “Рўйи замин қуввати” деб эъзозланишида, аввало, мумтоз адибларнинг хизмати катта бўлган эса, ажабмас. Исломнинг етти пири ҳам мана шу диёрда таваллуд топган. Буларнинг барчаси муқаддас динимизнинг Маккада пайдо бўлиб, Мовароуннаҳрда тараққий топгани тўғрисидаги фикрларни яққол тасдиқлайди.
Туркиялик олим Соҳибқирон Амир Темурнинг буюк давлат арбоби ва етук саркарда бўлиб етишишида ҳам айнан адибларнинг таъсири муҳим ўрин тутганини алоҳида қайд этди.
Семинар сўнгида туркиялик олим тадқиқотчиларни қизиқтирган саволларга Навоийнинг “Муҳокаматул луғатайни”, Лутфийнинг “Наврўзи”, Румийнинг “Маснавийси”, Бобурнинг “Бобурномаси”, Шошийнинг “Баҳристони” каби асарлар асосидаги намуналар билан атрофлича жавоб қайтарди.
Ғ.ҲАСАНОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугун, 13 март куни жума намозини Тошкент вилояти Қибрай тумани “Байтқўрғон” жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга муборак ойнинг охирги даҳасини ғанимат билиш, бу дамлардан унумли фойдаланиб қолиш борасида гўзал суҳбат қилиб бердилар.
Аллоҳ таоло охирги ўн кунликни ўзига хос фазилат ва лутфу эҳсони билан шарафли қилганки, бунга бошқа кун ва ойларда етишишнинг иложи йўқ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бошқа ойларда қилмаган баъзи амалларни шу ойда қилганлар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу охирги ўн кунликда ибодатларга янада жидду жаҳд билан киришиш, вақтни ғанимат билиш, Қадр кечасини излаш каби амалларни санаб ўтар экан, айниқса, Қадр кечасида қилинган солиҳ амал бошқа минг ойда қилинган амалдан яхшироқ бўлишини ояти карима билан келтириб ўтдилар. Зеро, Аллоҳ таоло Қадр сурасининг 3-оятида “Қадр кечаси минг ойдан ҳам яхшироқдир” деб марҳамат қилган.
Маърузада жамиятдаги бирлик, иноқлик, ўзаро ёрдам ва муҳаббат асосида қариндошларга яхшилик қилиш ётиши таъкидланди. Ўзаро аразлашганлар бўлса ярашишга чақирилди.
Шунингдек, бу йилги Рамазон ойи ўзгача шукуҳ ва кўтаринки руҳда ўтаётгани, бунинг асосий сабаби – Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан кенг кўламли хайрия ва ижтимоий кўмак тадбирларининг амалга оширилаётгани экани эътироф этилди.
Манфаатли суҳбат сўнгида Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ғанимат дамлардан унумли фойдаланиб, Ўзининг розилигига эришадиган бандаларидан қилишини сўраб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати