2022 йилнинг март ойида Қорачой-Черкасияда 5 минг кишига мўлжалланган жомеъ масжиднинг тантанали очилиши режалаштирилган. Бу ҳақда республика раҳбари Рашид Темрезов вилоят аҳолиси билан жонли эфир вақтида маълум қилди.
"Биз айнан бир йилдан кейин – 2022 йилнинг 1 мартида – Черкесск шаҳрида республика масжидининг очилишини режалаштирганмиз", - дея губернаторнинг сўзларини келтиради Интерфакс.
Бўлажак мусулмон иншоотининг пойдевори 2007 йилнинг ноябрь ойида қўйилган бўлиб, бинонинг фаол қурилиши 2011 йилнинг апрель ойида бошланган эди. Масжид Византия услубида қурилган бўлиб, ҳар бири 52 метр баландликдаги тўртта миноралар билан безатилган.
Islam-today хабарига кўра, бугунги кунда республика жомеъ масжидининг майдони 4,2 минг квадрат метрни ташкил этади. Бино 5 минг кишига мўлжалланган бўлиб, масжид ҳовлисида ҳам адо этиладиган байрам намозларида 10 мингдан ортиқ намозхонларни ўз бағрига сиғдира олади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳар «Абу Бакр ас-Сиддиқ» жомеъ масжидида гапириш ва эшитиш имконияти чекланган фуқаролар учун навбатдаги маънавий-маърифий суҳбат ташкил этилди. Ушбу суҳбатда имом-ноиб Дилшод домла Ходиев маъруза қилиб, «Мусулмоннинг мусулмонга нисбатан эҳтироми» мавзусида батафсил тушунчалар берди.
Тадбир давомида иштирокчиларнинг ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларига жавоб берилди. Жараён малакали сурдо таржимон орқали иштирокчиларга етказилиб, уларнинг тўлиқ фаол иштирокини таъминлади.
Суҳбат якунлангач, ҳомийлар кўмагида иштирокчиларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди.
Яратган Ҳақ таоло бу хайрли ишларни бардавом ва самарали айласин!
ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати