Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2026   |   16 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:19
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:16
Bismillah
26 Ноябр, 2026, 16 Жумадул сони, 1448

09.11.2023   416   1 min.
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон делегацияси Истанбулдаги Фатво кенгашлари халқаро йиғилишида қатнашди

26.11.2026   12006   2 min.
Ўзбекистон делегацияси Истанбулдаги Фатво кенгашлари халқаро йиғилишида қатнашди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар бошчилигидаги делегация Истанбулда бўлиб ўтган Фатво кенгашларининг халқаро маслаҳат йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Туркия Диёнат ишлари бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Қатар, Афғонистон, Болгария, Сомали, Мавритания, Яман, Фаластин, Сурия, Ироқ, БАА, Қозоғистон, Россия, Индонезия, АҚШ, Ўзбекистон ва бошқа кўплаб давлатлардан фатво марказлари вакиллари қатнашди.

Учрашувда Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Сомали вақфлар вазири, Мавритания таълим ва ислом ишлари вазири, Яман вақфлар ва иршод вазири, Фаластин олий шаръий қозиси, Сурия бош муфтийси ҳамда бошқа диний уламолар нутқ сўзлади.

Тадбир фатво кенгашларининг уммат бирлигини мустаҳкамлашдаги ролига бағишланди. Фатволарни жамоавий ишлаб чиқиш, айни бир диний масала бўйича зид талқинлар тарқалишининг олдини олиш ва ёшларни қизиқтирган эътиқод масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Оила институти муаммолари, фатво кенгашларининг зўравонлик ва терроризмга муносабати, миграция билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам фикр-мулоҳаза алмашилди.

Шайх Нуриддин Холиқназар араб тилида Ўзбекистонда диний соҳада амалга оширилаётган давлат сиёсати ва ислоҳотлар ҳақида сўз юритиб, бу борадаги асосий йўналишлар ва режалар ҳақида маъруза қилди.

Муфтийнинг таъкидлашича, таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги даврда уммат ҳамжиҳатлиги тинчлик ва тараққиётнинг муҳим омилидир. Фатво кенгашлари замонавий муаммоларга шариат мезонлари ва мўътадиллик тамойили асосида ечим топиши лозим. Интернет орқали тарқатилаётган асоссиз фатволарнинг олдини олиш зарур.

Шу билан бирга, Миср Фатво уйининг “Имом Қарофий” мукофотига сазовор бўлган Ўзбекистон Фатво марказининг фаолияти ва тажрибаси ҳақида ҳам алоҳида маълумот берилди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбарининг фатво ҳайъатлари томонидан тасдиқланган фатволар учун ягона рақамли платформа ташкил этиш, интернетда фатво эълон қилиш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича мезонларни ишлаб чиқиш, малакали фақиҳларни тайёрлаш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш юзасидан илгари сурган таклифлари иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди.

Ўзбекистон ва Туркия диний идоралари вакиллари ўртасида ўтказилган учрашувда икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Томонлар зиёрат туризми, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик ҳамда бошқа шериклик йўналишлари бўйича келишувга эришди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари