Жорий йилнинг 1-2 март кунлари Вақф хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё қори Абдураҳмонов, Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюриб, бир қанча хайрия тадбирларини амалга оширди.
Жумладан, Қўнғирот тумани “Ҳаким Сулаймон” жоме масжиди имом-ноиби бўлиб ислом маърифатини ёйишда жонбозлик ила меҳнат қилган, пандемия даврида “Covid” сабаб вафот этган Маҳаммад-Али қори Мамутовнинг оила аъзолари – аёли ва уч нафар вояга етмаган гўдак фарзандларига, Нукус шаҳрида қуриб битказилган барча қулайликларга эга кўп қаватли уйлардан, 3 хонали янги хонадон, ҳомийларни жалб қилган ҳолда ҳадя қилинди.
Зотан, мамлакатимиздаги масжид ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, фонднинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
“Аллоҳ таоло бизни оғир мусибат билан синади. Учта гўдак етимларим билан ижарада, нима қилишга ҳайрон бўлиб маҳзунликда яшардим. Аммо, Аллоҳдан такрор ва такрор ёлвориб сўрадим, умид қилдим. Шукрлар бўлсинки, ўзим кутмаган вақтда, Вақф фонди томонидан бугун бизга, Нукус шаҳри марказидан, тайёр, уй-рўзғор буюмлари ва мебеллари билан 3 хонали янги хонадон ҳадя қилинди. Бунинг учун фонд раҳбар-ходимларига, хайрия қилган инсонларга раҳмат дейман. Инша аллоҳ фарзандларимни ҳам ҳудди отаси каби динга, халққа, ватанга хизмат қиладиган инсон бўлиб улғайишига ҳаракат қиламан”, деди, марҳум имом-ноибнинг аёли.
Умму Саъийд бинти Мурра Фиҳрийдан, у отасидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўз етимини ёки бегонанинг етимни кафолатига олган, агар Аллоҳга тақво қилса, мен билан жаннатда мана бундай бўлади», деб икки бармоқларига ишора қилдилар».
Мазкур хайрли тадбирда хизмати ва саховати билан иштирок этган барча сахий инсонларни Аллоҳ таолонинг Ўзи мукофотласин!
“Яхшиликнинг мукофоти, фақат яхшиликдир”!
Вақф хайрия жамоат фонди матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Баъзан биргина нотўғри қадам инсоннинг бутун ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин. Афсуски, шундай хатолар борки, уларнинг оғир оқибатлари нафақат инсоннинг ўзига, балки унинг оиласи, фарзандлари ва яқинларига ҳам таъсир қилади. Гиёҳвандлик ана шундай иллатлардан бири бўлиб, у инсонни жисмонан ва маънан емириб, жамият тараққиётига жиддий хавф солади.
Бугун дунё миқёсида гиёҳвандликка қарши кураш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Чунки бу иллат сабаб минглаб инсонлар ўз соғлиғини йўқотмоқда, оилалар пароканда бўлмоқда, ёшларнинг орзу ва мақсадлари барбод бўлмоқда. Бир қарашда шахсий муаммодек кўринган гиёҳвандлик аслида бутун жамиятнинг дарди ҳисобланади.
Динимиз Ислом инсон ҳаёти, соғлиғи ва ақлини муҳофаза қилишга алоҳида аҳамият қаратади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонни ҳалокатга олиб борувчи ишлардан қайтарган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса ҳар қандай маст қилувчи нарса ман этилганини таъкидлаганлар. Зеро, ақл инсонга берилган энг буюк неъматлардан бири бўлиб, уни заифлаштирувчи ёки йўқ қилувчи ҳар қандай восита инсоннинг ўзига ҳам, жамиятга ҳам зарар келтиради.
Гиёҳвандликнинг энг оғир зарбаси инсон саломатлигига тушади. Бу иллат асаб тизимини издан чиқаради, ички аъзолар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади, руҳий муаммоларни келтириб чиқаради. Вақт ўтиши билан инсон меҳнат қилиш қобилиятини йўқотади, ҳаётга бўлган қизиқиши сўнади, ўзининг оилавий ва ижтимоий масъулиятини англашдан узоқлаша бошлайди.
Бироқ масаланинг янада хавотирли томони шундаки, гиёҳвандлик фақат бир инсоннинг эмас, бутун оиланинг фожиасига айланади. Ота-оналар фарзанд доғида қолиши, турмуш ўртоқлари орасида меҳр-оқибат сўниши, фарзандлар эътибор ва тарбиядан маҳрум бўлиши мумкин. Бундай муҳитда вояга етаётган болаларнинг келажаги ҳам хавф остида қолади.
Мутахассислар таъкидлашича, гиёҳванд моддалар инсон насли ва соғлиғига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Бу эса келажак авлоднинг жисмоний ва руҳий камолотига салбий таъсир ўтказиши мумкин. Шу маънода гиёҳвандлик нафақат инсон ҳаётини, балки миллат келажагини ҳам таҳдид остига қўяди. Зеро, соғлом авлод ҳар қандай мамлакатнинг энг катта бойлиги ҳисобланади.
Бугунги кунда ёшларни бу иллатдан асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Аввало, оилада фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратиш лозим. Ота-она фарзандининг дўстлари, қизиқишлари ва бўш вақтини қандай ўтказаётганидан доимо хабардор бўлиши керак. Шунингдек, таълим муассасалари, маҳалла ва кенг жамоатчилик ҳам ёшлар тарбиясида фаол иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга.
Ёшлар қалбида эзгулик, Ватанга муҳаббат, ҳалол меҳнатга ҳурмат ва маънавий қадриятларга садоқат туйғусини шакллантириш гиёҳвандликка қарши энг самарали чоралардан биридир. Чунки маънавий бўшлиқ пайдо бўлган жойда турли ёт ғоялар ва зарарли одатлар илдиз отиши осон кечади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, гиёҳвандлик инсон ҳаёти, оила фаровонлиги ва жамият тараққиёти учун жиддий хавф туғдирувчи оғир ижтимоий иллатдир. Унинг оқибатлари бир инсон тақдири билан чекланиб қолмайди, балки бутун миллат келажагига таъсир кўрсатади. Шу боис ҳар биримиз бу балога қарши муросасиз муносабатда бўлишимиз, фарзандларимизни огоҳлик ва соғлом турмуш тарзи руҳида тарбиялашимиз зарур. Зеро, соғлом авлод юртнинг таянчи, миллатнинг келажаги ва Ватан тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.
Нуруллоҳ МАҲКАМОВ,
Чуст тумани бош имом-хатиби.