Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

(2 март 1992 йилдан бери байроғимиз БМТда)
“Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга
киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз!
Албатта у сизларга аниқ душмандир”.
Қуръони Карим, Бақара сураси 208 оят
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (инглиз. United Nations) БМТ – Ер юзида тинчликни ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ва миллатларнинг ўзаро хамкорлигини ривожлантириш мақсадида 1945 йил 24 октябрда фашизм устидан ғалаба қозонган мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашиш асосида тузилган энг йирик халқаро ташкилот.
БМТ Уставида кўрсатилгандек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенгхуқуқлили бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни хал этишда халқлар ўртасида хамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар харакатини уйғунлаштириб турадиган маркази хисобланади.

БМТ Устави – барча давлатлар риоя этилиши шарт бўлган ягона халқаро хужжатдир.
Бугунги кунда ер юзида 270 дан ортиқ мамлакат мавжуд бўлиб, улардан 193 таси БМТга аъзо бўлган.
Ўзбекистон Республикаси 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди. Дунёдаги энг нуфузли ташкилот бўлмиш БМТнинг Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи шу куни 2 март 1992 йилдан бери йуқорига самога кўтарилган. 1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ва Бирлашган Миллатлар Ташкилот тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили хамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига биноан Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (Нью-Йорк шаҳри) даги доимий вакили фаолият юритадилар.
Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенг хуқуқли аъзоси сифатида бу энг нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилиб келмоқда.
1948 йил 10 декабрда Бош Ассамблеяси Инсон хуқуқлари Умумжахон Декларациясини эълон қилди ва қабул қилди. “Ҳар бир одам учун инсоннинг умумий хуқуқлари илк бор ўз ифодасини топган ушбу хужжат бугунги кунда 360 дан ортиқ тилда чоп этилган ва жахондаги энг кўп таржима қилинадиган хужжат хисобланади. Бу унинг универсал хусусиятга эга эканлиги ва кенг тарқалишидан далолатдир. Мазкур хужжат кўплаб янги, мустақил давлатлар конституциялари ва янги демократиялар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда, онгимизда эзгулик ва ёвузлик хақида фикр юритиш имконини берадиган мезонга айланди,” – деб тарифлади БМТнинг Бош котиби.
Ушбу декларация мустақил Ўзбекистон Республикаси имзолаган энг биринчи халқаро хужжатдир. 1991 йил 30 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий хуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб аталган икки бўлими мазкур декларация талабларига тўла мос бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси барча фуқаролари тенг хуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқесидан қатий назар, қонун олдида тенглиги таъминланган. Республикамизда инсон хуқуқларига оид юздан ортиқ қонунлар қабул қилинган ва улар халқаро меъёрлар ва андозаларга мувофиқлаштирилган.
БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти мухтарам Президентимиз томонларидан минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик муаммоларини ҳал этиш йўл-йўриғи дунё миқёсидаги муаммолар билан бирга қўшиб очиб берилди. Ҳамда Ўзбекистоннинг кенг кўламли ҳамкорликка оид ҳамма таклифларида уни БМТ фаолияти ва бу ташкилотнинг ихтисослашган муассасалари орқали амалга ошириш тамойиллари илова қилинди.

Ҳаммамизнинг хабаримиз бор, Муҳтарам Президентимиз ўз нутқларида муборак Ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш олдимизда турган муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этдилар.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида жахоннинг энг юқори минбаридан туриб, мустақил Ўзбекистон ташқи сиёсатининг маънавий йўналиши инсонпарварлик, инсонийлик, ошкоралик, хуррият, ўз имкониятларига таяниш ва инсониятнинг ягона оиласида ўз тараққиёт йўлига эга бўлишлигини таъкидлаб, баён қилдилар.
Шунингдек, давлатимиз Раҳбари аслида Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларга риоя этишга даъват этишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Жумладан, Муҳтарам Президентимиз шундай дедилар: «Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – тинчликни ва халқаро хавфсизликни қўллаб қувватлаш, давлатлараро хамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган универсал ташкилотдир.
БМТ ҳар бир инсонни хуқуқларини қўллаб қувватлаш, кенгайтириш ва химоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган дунёдаги ягона ташкилот сифатида дунёнинг “умужахон парламенти” сифатида календарнинг маълум бир кунини инсоният учун, халқ учун, умумжамият учун зарур бўлган масалаларга бағишлаб қўйган.
“Динлараро бағрикенглик хафтаси”, “Саратон билан курашиш халқаро куни”, “Халқаро ижтимоий адолат куни”, “Халқаро она тили куни” февраль ойида. Март ойида “Камситишга ноль куни”, “Халқаро ёввойи табиат”, “Халқаро ирқий камситилишни бартараф этиш куни”, “Ирқчилик ва ирқий камситилишларга қарши курашаётган халқлар билан бирдамлик хафтаси”, “Халқаро сил касаллигига қарши курашиш куни”, “Халқаро инсон хуқуқлари поймол бўлишида хақиқатни ўрнатиш куни”. Апрель ойида “халқаро спорт, тинчлик ва тараққиёт йўлида куни”, “Йўл ҳаракатларида содир этилган ходисаларда халок ўлганларни хотиралаш куни”, июнь ойида “Халқаро атроф мухитни мухофаза қилиш куни”, “Халқаро қочоқлар куни”, “Гиёҳвандликка қарши курашиш куни”, “Халқаро мурувват куни”, сентябрь ойида “Халқаро тинчлик куни” бўлиб деярли 365 кун инсонларнинг турли муаммоларини енгиллаштиришда, баъзи муаммоларни ечилишида ўз самарасини бермоқда.
БМТ ўз тараққиёт дастурини амалга оширишда дунёнинг турли чеккаларида ва ер юзининг барча минтақаларида БМТнинг кўплаб ихтисослашган ташкилотлари ва муассасалари орқали ҳам тинчликни сақлашда, инсонлар ҳаётидаги муаммоларни бартараф этишда салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Зеро Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг XIX та бобларидаги 111 та моддаларининг барчалари ҳам ер юзида халқлараро тинчлик ва хавфсизликни барпо этиш билан йўғирилган.
БМТ Уставида таъкидланган халқаро тинчлик ва хавфсизликни барпо этишда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси беқиёс ва бетакрор. Жаннатмакон юртимизни тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги, муборак динимиз камоли ва масжиду мадрасаларимиз ободлиги учун муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев рахнамоликларида хукуматимиз, Диний идорамиз раҳбарияти томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз рахбарлари ҳамда шаҳар, туман раҳбарларининг бошчиликларида истиқлолимиз шарофати билан меҳнаткаш халқимиз кўп ишларни амалга оширди ва шу олижаноб ислоҳотлар хали хамон бажарилиб келинмоқда. Бунга дунё тан бермоқда...
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ