Совуқ қиш кунларида, кўп одамлар бино ичида қолгани маъқул. Бироқ, қаттиқ совуқ пайтида баъзилар уйда шунчаки қўл қовуштириб ўтиришни ўзига эп кўрмайди.
Қўшма Штатлардан икки фарзанднинг ёлғиз онаси Алия Музамил ўтган ҳафта Техасдаги қаттиқ совуқ пайтида уч куну тун электрсиз қолди.
"Болаларимни қўшниларим билан қолдириб, у ерда тарқатилаётган иссиқ овқатни олиш учун масжидга бордим", – деди муслима аёл. – "Ҳаддан ташқари совуқ туфайли кўпчилик уйдан чиқмайди деб ўйлагандим".
Ирвинг Ислом марказига борганида, у ерга ёрдам олиш илинжида келган 150 нафардан ортиқ одамларнинг автомобилларини кўрган.
Ўтган ҳафта қиш бўрони Техаснинг бутун штатига таъсир қилиб, натижада камида 29 киши ўлган ва қаттиқ совуқда миллионлаб одамлар бир неча кун давомида электр энергиясиз қолди.
Муздек об-ҳавода одамларга ёрдам бериш ҳаракатлари Ирвингнинг мусулмонлар жамоаси билан чекланиб қолмади.
Ист-Плано Ислом марказида (EPIC) кўнгиллилар муҳтожларга 1500 дан тушликларни тайёрлаш учун ишлашди.
Марказ раҳбари Надим Башир: "Ўз яқинингни яхши кўрмасанг, мўмин бўлолмайсан", - деди.
Islam.ru маълумотларга кўра, эҳтиёжманд қочқинларга ёрдам берувчи Ma'ruf Dallas нотижорат ташкилоти ҳам 50 000 дан ортиқ сув билан идишлар, юзлаб адёл, пайпоқ ва 1000 та иссиқ тушлик тарқатди.
"Ташкилотимизнинг асосий тамойили - "ҳаракат орқали иймонни мустаҳкамлашдир", - дейди Ma'ruf Dallas Ижрочи директори Фуад М. Дадабхой.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.
Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).
Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра имом домла “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.