Испаниянинг етакчи онлайн нашри "Ejecutivos" Мигель Де Сервантес номидаги Испания маданият уюшмаси раҳбари Фернандо Ленс ва иқтисодий масалалар бўйича эксперт, халқаро шарҳловчи Эдуардо Гуайлуполарнинг "Абадий Ўзбекистон: Ипак йўлидаги глобаллашув"мақоласини чоп этди, деб хабар беради "Дунё" ахборот агентлиги.
"Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари: Самарқанд, Бухоро ва Хивадан ўтган Ипак йўли тинчлик, билим ва фаровонлик йўли бўлиб, савдо-сотиқ, маданиятларнинг шаклланиши ва халқларнинг бирлашуви орқали ривожланган. Шунинг учун Ўзбекистоннинг ушбу йўналишининг глобализация маркази сифатида катта аҳамияти бор. Ўзбекистон дунёдаги учинчи йирик олтин ишлаб чиқарувчи ва олтинчи йирик пахта ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи ("оқ олтин"деб ҳам аталади). Газ, мис ва бошқа маҳсулотлар ҳам экспорт қилинади", дея ёзади нашр.
Муаллифлар мақолани мамлакат пойтахти ёши 2 200 йил бўлган 2,5 миллион аҳолиси бор Тошкент шаҳри билан бошлайди. Унда жумладан бундай дейилади:
– 70 гектар майдонни ўз ичига олган Ҳазрат Имом мажмуаси XVI асрда қурилган ва 1997 йилда қайта қурилган Қаффол Шоший, Имом Бухорий Ислом институти XVI аср мақбарасидан иборат. Унинг фасадида мозаика ва Қуръон ёзувларини кўриш мумкин. XVI асрга мансуб Бароқхон мадрасалари ҳам шу ерда жойлашган. Бу ерда меҳмонларга турли хил маҳсулотларни таклиф этадиган бир нечта ҳунармандчилик дўконлари бор.
Мўйи муборак мадрасасида Халифа Усмон ёзган ва мусулмонлар томонидан дунёдаги энг қадимий ҳисобланган Қуръон мавжуд.
Учта масжид бор: Намозгоҳ (1845-1867), Тилла Шайх (1856-1857). Ва ниҳоят, 2007 йилда қурилган ва XVI аср масжидлари услубини сақлаб қолган Ҳазрат Имом масжиди. Баландлиги 53 метр бўлган иккита минорага эга.
Ўз тарихи давомида маданиятга берилган бу аҳамият Тошкентни 2007 йилда ISESCO томонидан Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинишига сабаб бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугун вилоятимизда туризм соҳасидаги асосий мақсадлардан бири сайёҳлар сонини кўпайтириш билан бирга, уларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш ва сифатли хизматлар билан таъминлашдан иборат, дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов.
Унинг айтишича, йилнинг биринчи ярим йиллигида Самарқандга 3,4 миллион нафардан ортиқ хорижий ва 4,7 миллион нафар маҳаллий сайёҳ келди.
“Туристларнинг ташриф давомийлиги ўртача 3 кунга етди. Бу аввалги даврга нисбатан 0,5 кунга кўпдир. Шунингдек, бир нафар сайёҳнинг ўртача харажати 400 долларни ташкил этиб, 70 фоизга ошди. Бунинг натижасида туризм хизматлари экспорти ҳажми 578,1 миллион долларга етди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 144 фоиз ўсиш таъминланди”, - Бўронов сўзидан иқтибос келтиради “Зарафшон” нашри.
Унинг фикрига кўра, Самарқанднинг туристик салоҳиятида зиёрат туризми алоҳида ўрин тутади. “Зеро, буюк алломалар ҳаёти ва илмий мероси билан боғлиқ муқаддас қадамжолар йиллар давомида дунёнинг турли мамлакатларидан келувчи меҳмонларни ўзига жалб этиб келмоқда. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг тўлиқ фойдаланишга топширилиши мазкур йўналишда янги имкониятлар яратди. Мажмуа кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга бўлди. Охирги уч ой давомида зиёратгоҳга 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди”, - ўз сўзини якунлади Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати