ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...
* * *
Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари
* * *
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ
* * *
ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ
* * *
НАЗМ
Даража жаннат ичрадур секкиз,
Тенгри гар лутф қилса, еткайсиз.
Тенгри жаннатқа кимниким тергай,
Амалиға яраша ер бергай.
Анда ҳуру қусуру ғилмондур,
Неча лаззатки, ақл ҳайрондур.
Ҳар фароғатки эл хаёл этар,
Андин ортиқ биҳишт элига етар.
Жовидон ерларида бўлғайлар,
Ғам била ғуссадин қутулғайлар.
Барчадин яхши лаззати дийдор,
Бизга қилғай насиб, ё Ғаффор!
НАСРИЙ БАЁН
Жаннат (ҳақлиги) баёни
Жаннат ичида саккизта даража бор, агар Аллоҳ лутфу карам қилса, унга етгайсизлар. Аллоҳ жаннат учун кимни танласа, унга амалига яраша (жаннатдан) жой беради. У ерда ҳурлар, қасрлар, ғилмонлар бор, яна ақл ҳайрон қоладиган неча лаззатлар бор.
Одамлар хаёл қилган ҳар неки фароғат – роҳат-ҳаловат бор бўлса, жаннат аҳлига ундан ортиқроғи тегади. (У мўъминлар) жаннат ерларида абадий қоладилар, ғам ва ғуссадан (мангу) қутуладилар.
Ҳаммасидан яхшиси Аллоҳнинг дийдори лаззатидир. Эй Ғаффор – мағфирати чексиз бўлмиш кечиримли Зот! Бизга ҳам у неъматни насиб айла!
ИЗОҲ. Аҳли суннат эътиқодига кўра, мўъминлар охиратда Аллоҳни кўрадилар, кофирлар кўрмайдилар (Байзовий). “Барчадин яхши лаззати дийдор” сатрига далил ушбу ояти карималардир:
Қиёмат сураси, 22-23-оятлар Маъноси: «Бир қанча юзлар у кун Раббилари (жамоли)га боқиб, ял-ял яшнаб тургувчидир».
Юнус сураси, 26-оят маъноси: «Яхшилик қилувчилар ва гўзал ҳаракат этувчилар учун янада гўзалроғи ва зиёдаси (Аллоҳнинг жамоли) бордир».
“Бу ояти каримадаги «зиёда» сўзи Аллоҳни (охиратда) кўз билан кўрмоқ деган маънода тафсир қилинган” (Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавий: «Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди», 1-китоб, с. 39).
Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Дунёнинг қатор университетларининг олимлари ёлғон гапириш соғлиққа зарар қилиши борасида тадқиқотлар олиб борганлар. Масалан, АҚШдаги энг нуфузли университетлардан бири сифатида тан олинган Нотр-Дам университети физиологлари томонидан 18 ёшдан 71 ёшгача бўлган 110 киши иштирокида тадқиқот ўтказилди.
Кўнгилли иштирокчиларнинг ярми (55 нафари)га 10 ҳафта давомида ёлғон гапирмаслик “вазифаси” топширилди, қолган ярмига эса ёлғон гапириш ёки ҳақиқатни айтиш ҳақида ҳеч қандай кўрсатма берилмади.
Тажрибадан 10 ҳафта ўтгач, “ёлғон гапиришдан қочган” биринчи гуруҳ иккинчисига қараганда жисмоний саломатлик кўрсаткичлари юқори бўлган. Шунингдек, фақат ҳақиқатни айтган иштирокчилар бу вақт ичида яқинлари билан муносабатлари сезиларли даражада яхшиланган ва ўзларини бахтли ҳис қилишган.
Стресс – асаб тизими
Аризона университети олимлари, ёлғон гапириш мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатишини аниқлашди. Чунки ёлғон гапирганда одам стрессни бошдан кечиради.
Юрак хуружи – инсульт
Мунтазам равишда бундай ҳолатнинг содир бўлиши натижасида юрак-қон томир тизими зарар кўради. Натижада, юрак хуружи ва инсульт эҳтимоли сезиларли даражада ошади.
Уйқусизлик
Ёлғон натижасида инсон “катта энергия” сарфлайди. Ёлғоннинг сезилмаслигини таъминлаш учун “катта ақлий энергия” сарфланади. Бу асаб тизимининг фаоллашишига олиб келади. Натижада уйқусизлик келиб чиқади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ёлғон гапирадиган одамлар уйқу муаммоларидан кўп шикоят қиладилар.
Иммунитет тизимининг заифлашиши
Ёлғон сурункали ҳолатга келганда, у иммунитет тизимига жиддий зарар этказади. Стресс гормонларининг мунтазам ишлаб чиқарилиши танани заифлаштиради, бу эса одамни вируслар ва инфекцияларга мойил қилади. Тадқиқотларда ушбу ҳақиқат тасдиқланган: ёлғон гапиришни одат қилган одамларда бош оғриғи, шамоллаш ва ошқозон муаммолари кўпроқ учрайди.
Ошқозон муаммолари
Ёлғон сўзлаш – овқат ҳазм қилиш тизимини ҳам ишдан чиқаради. Одамнинг оғзидан ёлғон чиқиши биланоқ организм миядаги кортизол гормонини чиқаради.
Кортизол ички органларнинг ишини мураккаблаштиради, уларни стресс ҳолатига олиб келади, бу эса қорин оғриғи, диарея, кўнгил айниши ва ошқозон касаллигига олиб келади. Натижада овқат ҳазм қилиш функцияси бузилади, кислоталик ошиб кетади ва ичакдаги фойдали бактериялар йўқолади.
Яна бошқа касалликлар...
Шунингдек, ёлғон гапириш – бодомсимон безга, саратон, семизлик, руҳий тушкунлик, ўз ишидан қониқмаслик ва одамлар билан ёмон муносабатда бўлиш хавфини ошириши аниқланган.
Энг катта ва оғир гуноҳ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттаси ҳақида хабар берайми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, дедилар ва ёнбошлаган ҳолларидан ўтириб олдиларда: “Ёлғон гувоҳлик бериш ёки ёлғон гапириш”, деб қайта-қайта такрорладилар.
Шундай экан, ёлғон сўзлашни тарк қилишга ҳаракат қилинг. Энг аввало гуноҳдан тийилган, қолаверса, соғлиқингизни сақлаган бўласиз.
Даврон НУРМУҲАММАД