Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Октябр, 2025   |   1 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:25
Қуёш
06:44
Пешин
12:12
Аср
15:48
Шом
17:34
Хуфтон
18:47
Bismillah
23 Октябр, 2025, 1 Жумадул аввал, 1447

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат биҳиштға (Қирқ учинчи мавзу)

26.02.2021   1827   2 min.
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат биҳиштға (Қирқ учинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

     

Даража жаннат ичрадур секкиз,

Тенгри гар лутф қилса, еткайсиз.

Тенгри жаннатқа кимниким тергай,

Амалиға яраша ер бергай.

Анда ҳуру қусуру ғилмондур,

Неча лаззатки, ақл ҳайрондур.

Ҳар фароғатки эл хаёл этар,

Андин ортиқ биҳишт элига етар.

Жовидон ерларида бўлғайлар,

Ғам била ғуссадин қутулғайлар.

Барчадин яхши лаззати дийдор,

Бизга қилғай насиб, ё Ғаффор!

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Жаннат (ҳақлиги) баёни

 

Жаннат ичида саккизта даража бор, агар Аллоҳ лутфу карам қилса, унга етгайсизлар. Аллоҳ жаннат учун кимни танласа, унга амалига яраша (жаннатдан) жой беради. У ерда ҳурлар, қасрлар, ғилмонлар бор, яна ақл ҳайрон қоладиган неча лаззатлар бор.

 

Одамлар хаёл қилган ҳар неки фароғат – роҳат-ҳаловат бор бўлса, жаннат аҳлига ундан ортиқроғи тегади. (У мўъминлар) жаннат ерларида абадий қоладилар, ғам ва ғуссадан (мангу) қутуладилар.

 

Ҳаммасидан яхшиси Аллоҳнинг дийдори лаззатидир. Эй Ғаффор – мағфирати чексиз бўлмиш кечиримли Зот! Бизга ҳам у неъматни насиб айла!

 

ИЗОҲ. Аҳли суннат эътиқодига кўра, мўъминлар охиратда Аллоҳни кўрадилар, кофирлар кўрмайдилар (Байзовий). “Барчадин яхши лаззати дийдор” сатрига далил ушбу ояти карималардир:

 

Қиёмат сураси, 22-23-оятлар Маъноси: «Бир қанча юзлар у кун Раббилари (жамоли)га боқиб, ял-ял яшнаб тургувчидир».

 

Юнус сураси, 26-оят маъноси: «Яхшилик қилувчилар ва гўзал ҳаракат этувчилар учун янада гўзалроғи ва зиёдаси (Аллоҳнинг жамоли) бордир». 

 

“Бу ояти каримадаги «зиёда» сўзи Аллоҳни (охиратда) кўз билан кўрмоқ деган маънода тафсир қилинган” (Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавий: «Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди», 1-китоб, с. 39).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ихчам тўй саодат ва барқарорлик пойдевори

22.10.2025   2392   2 min.
Ихчам тўй саодат ва барқарорлик пойдевори

Динимиз инсон ҳаётининг барча жабҳаларида мувозанатни таъминлаб, юксак маданият ва эзгу қадриятлар асосида яшашни устувор вазифа сифатида тарғиб қилади. Тўй ва бошқа маросимлар ҳам шундай меъёрлар доирасида бўлиши лозим. Айниқса, ҳозирги кунда ортиқча дабдабабозлик ва исрофгарчилик кенг тарқалганлиги сабабли, инсонларнинг бурч ва ахлоқий талабларига зид ҳолатлар кўпаяётгани кузатилмоқда.

Ислом динида тўй маънавий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бирлаштирувчи тадбир саналади. Ундаги энг асосий мақсад аёл ва эркакни никоҳ орқали оила қуриши ва жамоат олдида бу риштанинг тасдиқланишидир. Шундай экан, тўй зиёфатлари ортиқча харажатлар ва дабдабабозликка айланиб кетса, асосий мақсаддан четланиш вужудга келади.

Исроф ва дабдабабозлик нафақат молиявий зарар келтиради, балки диний-ахлоқий нуқтаи назардан ҳам қораланади. Қуръони Каримда бу ҳақда шундай дейилган:

“У зот исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф, 31).

Тўйларда ихчамлик ва оддийликни сақлаш, исрофга йўл қўймаслик керак. Ортиқча исроф ва дабдабабозликнинг зарарлари қуйидагилар:

  1. Молиявий қийинчиликлар пайдо бўлади. Ортиқча харажатлар оиланинг келажаги учун машаққат туғдиради.
  2. Жамиятда ноўрин рақобат юзага келади. Тўй-ҳашамлар орқали ким ўзарга ҳаракат қилишга уриниш, нафснинг йўриғига юриш ҳолатлари кўпаяди.
  3. Гуноҳкор бўлиши мумкин. Чунки, исроф қилиш Аллоҳ таоло ёқтирмайдиган ишдир.
  4. Тўйнинг маънавий жиҳатдан қадри тушади. Асосий мақсад никоҳ ва яқинларнинг дийдорлашуви экан, дабдабабозлик унинг аҳамиятини камайтиради.

Яқин қариндошлар, дўсту қадрдонлар ва қўшниларни таклиф қилиш, камтарона дастурхон тузатиш, бир неча турли таомларни ўрнига оддий таомларни тайёрлаш, қўша-қўша машиналар ва қатор-қатор санъаткорларсиз маросимларни ўтказиш, тўйхона, уйларни ортиқча безамаслик, сарпо қилишда кераксиз ва қиммат буюмлардан воз кечиш, тўй учун сарф-харажатларни олдиндан режалаштириш, бошқа харажатларга йўл қўймаслик, динимиз кўрсатмаларига амал қилиш тўйларда дабдаба ва исрофни олдини олади.

Исроф ва дабдабабозликдан четлашиш, оддийлик ва ихчамликка эътибор бериш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ва масъулиятидир. Тўй ҳамжиҳатлик ва оила қуриш учун муҳим маросим эканлигини эътиборга олсак, унинг мазмунини йўқотиб, ортиқча сарф-харажатларга айлантиришдан сақланиш лозим.

Тўйларни ихчам қилишга ҳаракат қилсак, нафақат ўзимиз, балки жамиятимиз ҳам барқарор ва ислоҳ бўлади.

Шермуҳаммад Болтаев,

Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо жоме

масжиди имом-хатиби

Мақолалар