"Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай".
Улуғ аждодимиз Имом Бухорий ҳазратларининг бу ҳикматли сўзлари дунё мусулмонлари учун шиорга айланган десак муболаға бўлмас.
Илм талабидаги инсон эса Аллоҳ таолонинг ҳузурида азиз ва мукаррам саналади.
Толиби илмларни эъзозлаш, уларни қўллаб-қувватлаш савоби ва мукофоти улкан амаллардандир.
Вақф хайрия жамоат фонди томонидан диний таълим даргоҳларида таҳсил олаётган талабалар доимий равишда рағбатлантирилиб келинмоқда.
Зеро, фонднинг бош вазифаларидан бири ҳам шу.
Бугун, диний таълим муассасалари талабалари орасидан энг иқтидорлиларига тақдим этиладиган "Имом ал Бухорий" стипендиясининг илк ғолиби Тошкент Ислом институти талабаси Маҳаммадхонова Муҳлиса, Вақф хайрия жамоат фонди томонидан 7 020 000 сўм билан мукофотланди.
Аллоҳ таолодан сўраб қоламизки, ушбу стипендия соҳиблари келажакда аждодларимиз каби етук олим, фақиҳ ва муҳаддис бўлиб етишади.
Сафимизга қўшилинг: @vaqfuz
Германиянинг “Hauptstadtecho” оммабоп электрон нашрида 7–11 июль кунлари юртимизда бўлиб ўтган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми иштирокчиларининг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мурожаатига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Унда форум иштирокчилари мамлакатимизда ислом цивилизациясининг бой илмий, маънавий ва маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамда халқаро миқёсда тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларни юксак баҳолагани таъкидланган.
Мурожаатда 50 дан ортиқ мамлакатнинг халқаро ташкилотлари, илмий ва таълим муассасалари раҳбарлари, вазирлар, муфтийлар, олимлар ва экспертлари номидан Ўзбекистон раҳбарига чуқур ҳурмат ва самимий миннатдорлик билдирилган.
Форум давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилгани, у глобал илмий ва гуманитар ҳамкорлик учун муҳим майдонга айлангани қайд этилган. Президентнинг форум қатнашчиларига йўллаган мурожаатида илгари сурилган ғоя ва тамойиллар анжуман кун тартибини белгилаб, самарали халқаро илмий ҳамкорлик учун мустаҳкам асос яратгани таъкидланган.
Шунингдек, форумнинг Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилиши унинг тарихий ва илмий аҳамиятини янада оширгани, бу заминда асрлар давомида илоҳиёт, фалсафа, тиббиёт, математика ва астрономия каби илмлар ривож топгани алоҳида эътироф этилган.
Форум иштирокчилари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббусини сўнгги ўн йилликдаги энг муҳим халқаро гуманитар ташаббуслардан бири сифатида баҳолаган.
Мурожаат якунида Ўзбекистон заминида қабул қилинган қарорлар тинчлик, маърифат, ўзаро ҳурмат ва халқлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга, ислом цивилизациясининг бой маънавий ва интеллектуал меросини келгуси авлодларга етказишга хизмат қилишига ишонч билдирилган.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати