Муҳтожлар сонини камайтириш бўйича иш олиб борган Оксфорддаги масжид янги озиқ-овқат банкини очди. Бу ҳақда islam.ruга асосланиб islom.uz манбаси хабар берди. Бу эса ўз навбатида муҳтожларни иссиқ овқат ва энг зарур нарсалар билан таъминлашга ёрдам беради.
Марказий Оксфорд масжидининг хабар беришича, банк 25 февраль пайшанба куни ўз фаолиятини бошлайди.
«Бепул мактаб таомлари ташаббусимиздан буён бошқарув қўмитаси севимли шаҳримизга ёрдам бериш учун мунтазам равишда иш олиб бормоқда», дейилади масжиднинг facebook саҳифасида.
Озиқ-овқат банки эҳтиёжмандларни шампунь, совун, сочиқлар, болалар салфеткалари, тагликлар, ёрмалар, гуруч, сариёғ, консервалар, қуритилган мевалар ва шарбатлар билан таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойида масжид юзлаб мактаб ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш ташаббусини илгари сурган эди.
Бу йил масжид ўз автотураргоҳини яна очди.
Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари иштирокида “Ўзбекистонда бағрикенглик: дин ва давлат муносабатлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда имом-хатиблар, имом-ноиблар ҳамда отинойилар иштирок этдилар. Суҳбат давомида юртимиздаги динлараро ва миллатлараро тотувлик сиёсати, шунингдек, бугунги глобал жараёнларда диний соҳа ходимларининг ўрни ва масъулияти ҳақида атрофлича фикр алмашилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессорлари Фарҳоджон Каримов ва Бектош Бердиевлар маъруза билан чиқиш қилдилар. Улар ўз нутқида бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни жамият барқарорлиги, давлат сиёсатининг асосий устуни сифатида таъкидлаб ўтди.
Янги Ўзбекистонда дин ва давлат муносабатлари бир-бирини тўлдирувчи, халқ манфаатига хизмат қилувчи тизим сифатида шаклланмоқда. Бағрикенглик – бу шунчаки шиор эмас, балки ҳар бир фуқаронинг қалбида жой олиши керак бўлган қадрият экани, таъкидланди.
Шунингдек, бугун жаҳондаги зиддиятлар, айниқса, диний ниқоб остидаги низолар барча жамиятларни огоҳ бўлишга чорламоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда турли миллат ва дин вакилларининг тинч-тотув, ўзаро ҳурмат муҳитида яшаб келаётгани қайд этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар давлат ва дин муносабатлари ҳақидаги қонунчилик асослари, диний эркинликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар, шунингдек, жаҳолатга қарши маърифат орқали курашишдаги янги йўналишлар ҳақида ҳам фикр алмашдилар.
Суҳбат сўнгида мамлакатимиздаги тинчлик ва тотувлик муҳитини сақлаб қолишда ҳар бир имом, ҳар бир маърифат фидоийси ўз ҳиссасини қўшиши лозимлигини таъкидлаб ўтилди.
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати