Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2025   |   25 Рабиъул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:46
Қуёш
06:05
Пешин
12:23
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:46
Bismillah
17 Сентябр, 2025, 25 Рабиъул аввал, 1447

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорате Ҳавзи Кавсарға (Қирқ иккинчи мавзу)

23.02.2021   1944   3 min.
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорате Ҳавзи Кавсарға (Қирқ иккинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

 

Яна билгилки, Ҳавзи Кавсардур,

Анда юлдузча зарфлар бордур.

Пулдин ўтиб, бу суда турғайлар,

Халқни бу суға чўмурғайлар.

То юйулғай томуғ ғуборидин,

Кўнгли тинғай бу лаҳза боридин.

Тинибон кўнгли, борғай учмоққа,

Юз туман шукрлар дегай Ҳаққа.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Ҳавзи кавсар ҳақлиги баёни

 

Яна билгинки, Ҳавзи Кавсар ҳақдир, унда юлдузларча қадаҳлар – сув идишлари бордир. Сирот кўпригидан ўтгандан кейин бу сув ёқасида турадилар.  Халқни –  инсонларни  бу  сувда  чўмдирадилар.  Токи  дўзах ғуборлари ювилиб, шу лаҳза инсоннинг кўнгли барчасидан тинади – таскин топиб, хотиржам бўлади. Кўнгли тиниб – таскин-тасалли топиб, сўнг жаннатга киради, Ҳақ таъолога юз минг шукрлар айтади.

 

ИЗОҲ. Далил – Кавсар сураси, 1-оят маъноси:  “(Эй Расулим!) Шубҳасизки, Биз сизга Кавсарни ато этдик”.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меърожда ўзларига охиратда ато этиладиган Кавсар анҳори кўрсатилганини айтганлар (Забидий, “Саҳиҳи Бухорий” шарҳи, XI, 1761-1762-ҳадислар).

Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ), “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” (“Саҳиҳи Бухорий)дан ҳадислар:

 

4964-ҳадис. Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу айтдилар: «Жаноб Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам осмонга (меърожга) чиқарилганларидан кейин, бундай деб ҳикоя қилдилар: «Бир дарё (сув) олдига келдим. Унинг икки қирғоғи ичи ғовак марвариддан ишланган. Мен ҳазрат Жаброилдан: «Бу нима?» – деб сўраганимда, у киши: «Бу (Ҳавзи) Кавсар», – деб жавоб бердилар».

 

1196-ҳадис. Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менингг уйим билан минбарим ораси жаннат боғларидан бир боғдир! (Охиратда) минбарим Ҳавзи Кавсарим устида (ёқасида) бўлади», – дедилар».  

 

1344-ҳадис. Ҳазрати Уқба ибн Омир ривоят қиладилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд жангида шаҳид бўлганларга ўз ажали билан ўлган майитга ўқигандек жаноза ўқидилар. Сўнг, минбарга чиқиб: «Мен сизлардан аввал бориб (жаннатдан жой) тайёрлаб турувчиман ва мен сизларга (иймонларингиз ва яхши амалларингизга) гувоҳман. Аллоҳга қасамки, ҳозир мен Ҳавзи Кавсарни кўриб турибман, менга Ер хазиналарининг калитлари (ёки «Ер калитлари», – дедилар шекилли) топширилди. Аллоҳ ҳаққи, мен вафотимдан кейин сизлардан хотиржамман, фақат, мол-дунё кетидан қувмасангизлар, деб қўрқаман», – дедилар».

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида хайр-эҳсон ва бирдамликка чорловчи сайёр йиғилиш ўтказилди

17.09.2025   1798   3 min.
Самарқанд вилояти Пахтачи туманида хайр-эҳсон ва бирдамликка чорловчи сайёр йиғилиш ўтказилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги ташаббуси ҳамда йиллик иш режаси доирасида Пахтачи туманида маънавият, меҳр-шафқат ва хайр-саховат руҳи билан ёдда қоларли сайёр йиғилиш ўтказилди.

Йиғилиш аввалида вилоят бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Алимов ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, сайёр учрашувларни самарали ва мазмунли ташкил этиш юзасидан муҳим кўрсатма ва топшириқлар берди. У киши ҳар бир масжид имом-хатиби ҳамда масъул шахсларга аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини эшитиш ва имкониятдан келиб чиқиб жойида ҳал этиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг Аҳмадхон домла, Пахтачи тумани бош имом-хатиби И.Исаев ҳамроҳлигида туман марказидаги “Хўжа Зиёвуддин” жоме масжиди ҳудудида оғир ижтимоий аҳволдаги, бемор ва ногиронлиги бор оилалар хонадонларига ташриф буюрди. Ушбу ташрифлар доирасида:

  • Хонадон эгаларига озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
  • Вақф хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали томонидан 7 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Ҳар бир хонадонда самимий мулоқот ўрнатилиб, эзгу дуолар қилинди. Ота-оналарнинг миннатдорликлари барча иштирокчилар қалбига илиқлик бағишлади.

Вилоят ишчи гуруҳи Пахтачи туманидаги 12 та масжидда Пешин намозини адо этиб, жамоатга қуйидаги йўналишларда таъсирли маърузалар қилди:

  • “Қўшничилик муносабатлари ва уларнинг одоблари”
  • “Оила – муқаддас ”
  • “Ахборот олиш ва тарқатишда масъулият”
  • “Тинчлик ва осойишталикнинг беқиёс қадри”
  • “Фарзанд тарбияси – буюк бурч ва масъулият”
  • “Ёшлар – келажак тимсоли ва умид сутуни”
  • “Берилган неъматларга шукрона қилиш фазилати”
  • “Оилавий тотувлик ва бирдамликни асраш”
  • “Четдан кириб келаётган ёт ғояларга алдaнмаслик”

Шунингдек, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Нурсултонхон домла Абдуманнонов “Хўжа Зиёвуддин” жоме масжидида “Саломатлик ва осойишталик – энг катта бойлик” мавзусида маънавий-маърифий қувватга тўла маъруза қилди.

Йиғилиш якунида Пахтачи туманидаги 16 маҳалланинг ижтимоий аҳволи, аҳолининг эҳтиёжлари ва муаммолари таҳлил қилинди. Масжид ҳужжат юритиши, ободончилик ишлари ва жамоат билан мулоқот самарадорлигини ошириш бўйича аниқ йўналишлар белгиланди.

Раҳбарлар томонидан аҳоли билан яқин ҳамкорлик қилиш, диний-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва хайр-саховат ишларини янада кенгайтириш юзасидан қатъий кўрсатмалар берилди.

Тадбир сўнгида барча иштирокчилар юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги ва юртбошимиз олиб бораётган хайрли ишларига зафарлар тилаб, биргаликда хайрли дуо қилдилар.

Бу сайёр йиғилиш Пахтачи аҳли учун нафақат амалий ёрдам, балки маънавий кўтаринкилик, бирдамлик ва келажакка ишонч руҳини уйғотган ёдда қоларли кун бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллги Матбуот хизмати

Янгиликлар