Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июл, 2026   |   29 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:20
Қуёш
05:02
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:00
Хуфтон
21:37
Bismillah
14 Июл, 2026, 29 Муҳаррам, 1448

Энг катта душман нафсми ёки Шайтонми?..

23.02.2021   4751   4 min.
Энг катта душман нафсми ёки Шайтонми?..

Нафс ислоҳ қилинса, Шайтон ғулу қилолмайди. Инсоннинг асл душмани ўз ичидадир, у кўп нарсалар истайди. Болаликдан бошлаб ҳали қанд-қурс, ҳали шакар, ҳали хўрозқанд ёки ўйинчоққа эга бўлиш истаги уйғонади. Бажарамиз, бажарамиз... Нафс эса истакларининг бажарилишига одатланади... Бу истаклар битта эмас, иккита эмас, кўп...

Ана шу нафс истакларининг талабини тўхтата билиш лозим. Тўхтатиш учун ҳам нафсни тарбия қилиш керак! Инсон ўзига ўзи: «Ҳа, чиройли, кўнглим жуда  истайди, аммо олмайман, чунки – ҳаром». «Ҳа, уйқу кўп  ширин, кечқурун жуда кеч  ётдим, туришга қийналаман, аммо туришим ва намозни ўз вақтида ўқишим шарт», – дея олиши керак.

Инсон ўз нафсини енга билиши керак. Тасаввуф, бу – инсон ўз нафсини енгиб, Аллоҳнинг амрини бажариш ҳолига келмоғи, гуноҳлардан қочиш ҳолига келмоғидир...» Шайтон масаласидан ҳам кўра муҳимроқ бу!.. Зотан Шайтон инсонга тўғридан-тўғри бўйинтуруқ уриб, занжирлаб,  боғлаб, судраб етакламайди.

«Юр, сени асир олдим», – деб банди қилиб, гуноҳ ерларга судраб кетмайди. Шайтон: «Уни қил, буни қил...» деб таклиф қилади. Буни «Шайтон васвасаси» деймиз. Шайтон ёмон, хунук ишларни чиройли кўрсатади. Нафс уни бажаради... Нафс ёмон иллатларни хушлаган пайтида агар инсон уни жиловламаса, нафс ёмон  ишлар қилади. Шундай қилиб, Шайтон панада қолади. Инсоннинг энг катта душмани нафси бўлади.

Энг улуғ жиҳод – инсоннинг нафси, хоҳиш-истакларига қарши жиҳодидир. Нафснинг орзулари кўп ва кучлидир... Бу орзулар беш поғонадан иборат бўлади:

  1. Кичикликдан балоғат ёшига қадар еб-ичиш, томоқ дарди... Мен набирамдан: «Қўлингдан тутиб, баққолнинг олдига олиб борсам, нима истайсан?», – деб сўрасам, «Қанд, шоколад, бодроқ», – дейди. Яъни еб-ичиш орзуси... Болаларда шундай...
  2. Балоғат ёшига етган вақтда унаштирилмоқ, уйланмоқ орзуси... Бировга ёққиси, бировни ёқтиргиси келади. Ўзи ёқмаса, хафа бўлади... Бу орзулар жуда кучли... Булар инсонни оқибати хунук вазиятларга рўпара қилади. Томоққа муҳаббат қўйиш ҳам бахтсизлик келтиради. Ҳаром едиради, ўғрилик қилдиртиради ва ҳоказолар. Бу истакларга бардош бериш жуда қийин....
  3. Энди одатий удумларга кўра оила ҳам қурди дейлик... Бундан сўнг турли сарф-харажатлар: уй-рўзғор, кийим-кечак харжлари, хотиннинг, болаларнинг эҳтиёжлари, уй ижара бўлса, унинг ҳаққи бор... Бу вақт иши пул билан боғлиқ бўлиб қолади. Мол-мулк истаги пайдо бўлади. Буни ҳамма ҳам севади. Пулни яхши кўрмаган, мол-мулкни севмаган инсон йўқ... Бу ҳам нафснинг орзуси, бу ҳам кучли бир орзу... «Молмулким кўп бўлсин, пулларим, бойлигим кўп бўлсин, улар билан нималар қилишим мумкин?», – дея орзулашлар бор... Бу кучли, қаттиқ истаклар ҳам инсонларга кўп оғир оқибатлар келтиради.
  4. Кишининг мол-дунёси кўпайгандан кейин уни: «Пулим бор, ҳамма нарсам бор, нега бир партияга кириб фалон бир депутат бўлмайсан? Бундай ишлар қилмайсан, ундай ишлар қилмайсан», – дея, мавқе – мақом ҳирси – орзу-ҳавасларни қондириш ҳирси чулғаб олади. Бу – жуда куч-қудратли бир орзудир...

Бу мавқе – мақомлар учун жуда кўп талашиш-тортишишлар, махфий мужодала, яъни курашлар, жанглар бўлади, зимдан адоватлар, панд беришлар, фитналар, ихтилофлар бўлади... Подшонинг ўғли отасига исён қилиб, отасини тахтдан ағдаради, унга энг пойгакдан жой бериб қўяди....

  1. Оқибатда бу мавқе – мақом ҳирси энг буюк арбоб-бош бўлиш орзусини қитиқлайди. Буни «ҳубби риёсат» – бошлиқ бўлиш ишқи дейдилар. Бу – мавқе мақом ҳирсининг энг юқори даражаси...

– Мана, сен ҳам депутатсан!

– Ҳа, аммо депутатман. Бировнинг измидаман...

Жуда ҳазилкаш бир профессор биродаримиз бор бу ерда. Унга тўрт-беш партиядан «бизга аъзо бўлинг», деган таклиф тушибди. У айтибдики: «Мен бундай депутатларнинг «босма тулумба»[1] бу мажлисига кирмайман. Яъни «Хўп бўлади, – дегину маишатингни қилавер» тарзидаги бир фаолият бўлгани учун истамайман!», – дебди.

Депутат! Аммо депутатлик етмайди. Директор, мудир, вазир, аммо у ҳам етмайди... Президент бўлгиси келади. Иш-орзулар мана шу тахлит давом этади...

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

 

[1] Босма тулумба - сув чиқарадиган қўл насоси. Зарурият бўлса, босиб-босиб сув чиқарилади...

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Навоий вилоятида топилган энг қадимги масжид

13.07.2026   3204   1 min.
Навоий вилоятида топилган энг қадимги масжид

Навоий вилояти ҳудудида жойлашган қадимги Ҳазора қишлоғидаги меъморий ёдгорлик – Деггарон масжиди VII–IX асрларда қурилган бино ўрнига XI асрда бунёд этилган.

 

Бу Навоий вилоятида топилган масжидлардан энг қадимгиси. Кейинчалик, масжид, сопол қозон ясовчилар маҳалласи гузарида жойлашгани учун "Деггарон масжиди" деб номланган.

 

Ўрта асрларда Ҳазора ўртача шаҳар сифатида машҳур эди. Ёнида эса бир канал қазилгани эски араб манбаларида зикр этилган. Шаҳар Бухоро воҳасининг "Улкан чўл" билан чегарасида қўриқлаш функцияларини бажарган ва "Кампир дувол" деб аталмиш эски фортификация тизимига кирган. 

 

Масжиднинг ташқи кўриниши куб шаклида, усти гумбазлар билан ёпилган, хона ичида пишиқ ғиштдан тўрт ғўла (устун) ишланган. Қолган девори хом ғиштдан тикланиб, юзаси пишиқ ғишт билан қопланган. Тўрт рукн – устун (диаметри 128 см) хонақоҳ ичини деворсиз тўққиз қисмга ажратган. Марказий қисми нисбатан йирикроқ гумбаз билан ёпилган. Бошқа қисмларга – бир томонидан деворга, қарши томонидан устунга таянтириб, яна саккизта кичик гумбаз ишланган. XX асрда масжиднинг жанубий ва шарқий деворларига тақаб синчкор айвон қурилган. Айвон устунида бинонинг 1910 йили қайта қурилгани қайд этилган. Кейинчалик айвонлари вайрон бўлган. 

 

Деггарон масжиди – исломият даврининг Марказий Осиёда сақланиб қолган қадимий саждагоҳи сифатида меъморий ўзига хослиги ва содда салобати билан диққатга сазовор. 

Oyina.uz

Навоий вилоятида топилган энг қадимги масжид
Ўзбекистон янгиликлари