Нафс ислоҳ қилинса, Шайтон ғулу қилолмайди. Инсоннинг асл душмани ўз ичидадир, у кўп нарсалар истайди. Болаликдан бошлаб ҳали қанд-қурс, ҳали шакар, ҳали хўрозқанд ёки ўйинчоққа эга бўлиш истаги уйғонади. Бажарамиз, бажарамиз... Нафс эса истакларининг бажарилишига одатланади... Бу истаклар битта эмас, иккита эмас, кўп...
Ана шу нафс истакларининг талабини тўхтата билиш лозим. Тўхтатиш учун ҳам нафсни тарбия қилиш керак! Инсон ўзига ўзи: «Ҳа, чиройли, кўнглим жуда истайди, аммо олмайман, чунки – ҳаром». «Ҳа, уйқу кўп ширин, кечқурун жуда кеч ётдим, туришга қийналаман, аммо туришим ва намозни ўз вақтида ўқишим шарт», – дея олиши керак.
Инсон ўз нафсини енга билиши керак. Тасаввуф, бу – инсон ўз нафсини енгиб, Аллоҳнинг амрини бажариш ҳолига келмоғи, гуноҳлардан қочиш ҳолига келмоғидир...» Шайтон масаласидан ҳам кўра муҳимроқ бу!.. Зотан Шайтон инсонга тўғридан-тўғри бўйинтуруқ уриб, занжирлаб, боғлаб, судраб етакламайди.
«Юр, сени асир олдим», – деб банди қилиб, гуноҳ ерларга судраб кетмайди. Шайтон: «Уни қил, буни қил...» деб таклиф қилади. Буни «Шайтон васвасаси» деймиз. Шайтон ёмон, хунук ишларни чиройли кўрсатади. Нафс уни бажаради... Нафс ёмон иллатларни хушлаган пайтида агар инсон уни жиловламаса, нафс ёмон ишлар қилади. Шундай қилиб, Шайтон панада қолади. Инсоннинг энг катта душмани нафси бўлади.
Энг улуғ жиҳод – инсоннинг нафси, хоҳиш-истакларига қарши жиҳодидир. Нафснинг орзулари кўп ва кучлидир... Бу орзулар беш поғонадан иборат бўлади:
Бу мавқе – мақомлар учун жуда кўп талашиш-тортишишлар, махфий мужодала, яъни курашлар, жанглар бўлади, зимдан адоватлар, панд беришлар, фитналар, ихтилофлар бўлади... Подшонинг ўғли отасига исён қилиб, отасини тахтдан ағдаради, унга энг пойгакдан жой бериб қўяди....
– Мана, сен ҳам депутатсан!
– Ҳа, аммо депутатман. Бировнинг измидаман...
Жуда ҳазилкаш бир профессор биродаримиз бор бу ерда. Унга тўрт-беш партиядан «бизга аъзо бўлинг», деган таклиф тушибди. У айтибдики: «Мен бундай депутатларнинг «босма тулумба»[1] бу мажлисига кирмайман. Яъни «Хўп бўлади, – дегину маишатингни қилавер» тарзидаги бир фаолият бўлгани учун истамайман!», – дебди.
Депутат! Аммо депутатлик етмайди. Директор, мудир, вазир, аммо у ҳам етмайди... Президент бўлгиси келади. Иш-орзулар мана шу тахлит давом этади...
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
[1] Босма тулумба - сув чиқарадиган қўл насоси. Зарурият бўлса, босиб-босиб сув чиқарилади...
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ