Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448

Аҳли сунна манҳажи

08.11.2023   4686   2 min.
Аҳли сунна манҳажи

Баъзи тоифалар Аҳли сунна вал жамоанинг икки буюк мактаби Ашъарий ва Мотуридийларни «жаҳмий» ёки «муъаттила» деб аташади. Бундай гап-сўзлар кўпинча Мушаббиҳалар томонидан айтилади. Аслида, Ашъарий-Мотуридий, Жаҳмий ва Мушаббиҳалар ўртасидаги фарқ қандай? Қуйида бундан хабардор бўламиз:

1) Жаҳмийлар - Аллоҳ таолонинг илм, ирода ва шу каби сифатларини бекор, деб айтадиган тоифа. Жаҳмийлар Аллоҳ таолонинг сифатларини кетказиш билан танилган. Шунинг учун ҳам улар "Муъаттила" номини олган. Уларнинг бу гаплари ботил ва бекордир. Қуръони карим ва суннати набавийда Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларининг баёни келган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундан пок Зотдир!

2) Мушаббиҳалар - Аллоҳ таолонинг сифатларини бор, дейишади. Бироқ, у сифатларни ҳиссий маънога буришади ва Аллоҳ азза ва жаллани яратган нарсаларига ўхшатишади. Уларнинг наздида У жисм, чегараланган, Аршга тегиб туради ва шу каби гап-сўзларни кўпайтиришади. Аллоҳ таоло буларнинг барчасидан олий ва пок Зотдир!

3) Ашъарий-Мотуридийлар - Аллоҳ таолонинг сифатларини бор, дейишади. Бу билан муъттилачи Жаҳмийларга хилоф қилишади. Шунингдек, бу сифатлардан илк зеҳнга келадиган ҳиссий маъноларни даф қилишади. Бу билан эса Мушаббиҳаларга хилоф қилишади!

Аҳли сунна вал жамоанинг икки Ашъарий ва Мотуридий мактаблари мана шундай васатийлик йўлини танлаганлар. Бунда уларнинг асослари Қуръони карим ва суннати набавийдир!

___________

* Таътил сўзининг маъноси "кетказиш", "бекор қилиш" бўлиб, истилоҳда Аллоҳ таолодан сифатларини кетказиш ва бекор қилиш маъноларида ишлатилади. Тарихда бу билан энг кўп Жаҳмийлар танилган.

* Ташбеҳ сўзининг маъноси "ўхшатиш" бўлиб, истилоҳда худди тамсил каби Аллоҳ таолонинг Зоти ва сифатларини бандаларнинг сифатларига ўхшатишдир. Бундай тоифалар "Мушаббиҳа"лар, деб номланади.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Башакшеҳирда имомлар юртдошларимизнинг ислом динига оид саволларига жавоб беришди

10.09.2026   73344   1 min.
Башакшеҳирда имомлар юртдошларимизнинг ислом динига оид саволларига жавоб беришди

Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Истанбул шаҳрининг Башакшеҳир туманида ҳамюртларимизнинг мурожаатларини тинглаш ва уларнинг масалаларига амалий кўмак кўрсатиш мақсадида сайёр қабул ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Ташрифдан асосий мақсад ушбу ҳудудда яшаб, фаолият юритаётган ватандошларимизга зарур консуллик-ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва уларни қизиқтирган саволлар юзасидан амалий кўмак кўрсатишдан иборат бўлди.

Сафар давомида дипломатларга Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакиллари ҳам ҳамроҳлик қилди. Улар юртдошларимизнинг ислом динига оид саволларига жавоб берди ва турли тақиқланган ҳамда ақидавий жиҳатдан нотўғри йўналишдаги ташкилотларга алданиб қолмаслик учун зарур маслаҳатлар берди.

Ҳамюртларимизнинг Туркия ҳудудида қонуний яшашига оид масалалар, уларнинг ҳуқуқий ҳолати, ҳужжатлари ҳамда консуллик ёрдами кўрсатиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Бош консулхона вакиллари зарур ҳолларда Ўзбекистон фуқароларига ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда ватанга қайтиш билан боғлиқ масалаларда амалий кўмак беришга тайёр эканини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари