Басралик бойлардан бири кемада сафарга чиқиб, бир халта тилло эвазига чўри сотиб олди. Унинг исми Ҳусн эди. Ҳусннинг ўзи ҳам, овози ҳам жуда гўзал эди. Тор чалиб, қўшиқ куйлар ва чиройли рақсга тушарди.
Бой чўрисини олиб кемага минди ва Басра томон йўлга отланди. Шамол тўхтаб, денгиз тўлқини тинди. Бой кемадаги одамлар учун дастурхон ёзиб, қадаҳларда май-у шароблардан улашди. Кейин чўрисига: «Қани, бир қўшиқ айтиб, рақсга тушиб бер», деди. Чўри бор маҳоратини ишга солди.
Кеманинг бир бурчагида ёш солиҳ бир йигит ҳам бор эди. У ҳам кўркам, ҳусни-хулқли ва хушовоз қори эди. Бир четда Қуръон тиловат қилиб ўтирарди. Ҳалиги бой май ичиб, ширакайф ҳолатда йигитга бақирди: «Ҳой йигитча, бундан кўра яхшироқ ва ёқимлироқ овозни эшитганмисан ҳеч?», деб чўрига ишора қилди.
Йигит эса хотиржам жавоб берди: «Ҳа, албатта, бундан яхшироғини эшитганман!»
Бой унинг жавобидан кулди. Жорияни куйлашдан тўхтатдида йигитга қараб: “Қани, унда сени бир эшитайликчи?”, деди.
Қори йигит виқор билан, дона-дона қилиб тиловат қила бошлади:
..قُلْ مَتَاعُ الدُّنْيَا قَلِيلٌ وَالْآخِرَةُ خَيْرٌ لِّمَنِ اتَّقَىٰ وَلَا تُظْلَمُونَ فَتِيلًا
أَيْنَمَا تَكُونُوا يُدْرِككُّمُ الْمَوْتُ وَلَوْ كُنتُمْ فِي بُرُوجٍ مُّشَيَّدَةٍ ۗ
“Уларга айтинг: “Дунё матоси озгинадир. Аллоҳдан қўрққан кишига охират яхшироқдир. Сизларга қилчалик зулм қилинмас”.
"Қаeрда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топиб олур" (Нисо 77,78).
Бу оятлар бойнинг қалбига қаттиқ таъсир қилди. Қўллари қалтирай бошлади. Қадахдаги майни сувга сепиб: «Қасамки, бу эшитган нарсаларимнинг энг яхшиси. Яна бошқаси борми?», деди.
Ҳа, бор деб, баланд овозда яна тиловат қилди йигит:
وَقُلِ الْحَقُّ مِن رَّبِّكُمْ ۖ فَمَن شَاءَ فَلْيُؤْمِن وَمَن شَاءَ فَلْيَكْفُرْ ۚ إِنَّا أَعْتَدْنَا لِلظَّالِمِينَ نَارًا أَحَاطَ بِهِمْ سُرَادِقُهَا ۚ وَإِن يَسْتَغِيثُوا يُغَاثُوا بِمَاءٍ كَالْمُهْلِ يَشْوِي الْوُجُوهَ ۚ بِئْسَ الشَّرَابُ وَسَاءَتْ مُرْتَفَقًا
"Айтинг: «(Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин». Аниқки, Биз золим — кофирлар учун алангалари дўзахиларни ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб кўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдиргувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!" (Каҳф 29).
Бу оятларни эшитиб бойнинг қалбига қўрқув кирди. Хавотири ортиб, май тўла идишларни, чўрининг қўлидаги торни синдириб ташлади. Чўккалаб ўтириб йиғлай бошлади: “Астағфируллаҳ, Астағфуруллаҳ, бу мен эшитганларим ичида энга яхшиси!”, деб қайтарарди ва йигитга қараб: «Ўғлим, мен шу вақтгача нима қилсам, қилдим. Бундан пушаймонман! Энди тавба қилишим учун бирор йўл борми? Тавба қилсам, Роббим мени кечирадими?» дея зорланди.
Йигит бойни қилган ишидан надомат чекаётганини кўриб, унга қуйидаги оятларни ўқиб берди:
قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَىٰ أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا ۚ إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ
"(Эй Муҳаммад), Менинг ўз жонларига (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) жиноят қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гунохларини мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир” (Зумар 53).
Бу оятлардан кейин бой қаттиқ йиғлаганча: “Ҳа, Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир!” деди ва шу ҳолатда жон берди.
Ҳабиб ибн Саъид айтади: Аллоҳга қасамки, у ҳақида фақат яхшиликни умид қиламиз. У май ичиб, кейин шу ишидан қаттиқ надомат чекиб, йиғлаган кўйи вафот этди. Шундан кейин кема соҳилга етиши учун бир неча кун ўтди. Унинг жасади эса ўзгармади, ундан ёмон ҳид ҳам чиқмади!”
Икром Шариф таржимаси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги "Кўкалдош" ўрта махсус ислом таълим муассасасида кўп йиллар ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган ходимамиз Аҳмаджонова Нилуфар Ҳабибуллаевнанинг 50 ёшлик юбилейи муносабати билан таълим муассасаси ҳамда касаба уюшмаси томонидан тадбир ўтказилди.
Тадбирда таълим муассасаси мудири М. Эркаев, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Н. Джалолов ва манавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари, таълим муассасаси касаба уюшмаси раиси А.Ғаниев иштирок этишди. Муассаса мудири М. Эркаев муҳтарама опамизни шахсан ўзи табрикнома билан тақдирлади. Эсдалик совғалари билан ҳам мукофотланди.
Нилуфар опа ҳар куни тонг саҳардан илм даргоҳига келиб, унинг озода, шинам ва покиза бўлишига йилларида сабр, ихлос ва садоқат билан ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бундай камтарин, аммо қадри баланд меҳнат барчамиз учун ибрат намунасидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Покизалик иймондандир", деб марҳамат қилганлар. Илм ва марифат масканининг таъминлаш — талабалар устозларнинг тинч, тоза ва баракали илм олишига муносиб ҳисса қўшадиган эзгу ишдир. Ана беминнат хизмат ҳар қандай эътироф ва эҳтиромга лойиқдир.
Билим юртимиз ўз ёрдамга ғамхўрлик қилишни муҳим бурч деб билади. Зеро, илм даргоҳига қилинган ҳар бир хизмат — Аллоҳнинг розилиги йўлидаги савобли амалдир. Ким илм аҳлига ва илм масканига хизмат қилса, ўша илмдан таралаётган эзгуликнинг ажридан баҳраманд бўлиши умид қиламиз.
Муҳтарама опамизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, узоқ умр, оила бахти ва ишларида барака тилаймиз. Аллоҳ таоло ҳалол меҳнатларини ажру мукофотсиз қолдирмасин, қилган эзгу ишлари ва меҳнатларининг роҳатини кўриш узоқ йиллар давомида насиб этсин!
"Кўкалдош" ўрта махсурс ислом таълим муассасаси
матбуот хизмати