Қадимий Деҳлидаги машҳур “Жоме” масжиди Шоҳжаҳон ташаббуси билан 1656 йилда қуриб битказилган. Иншоот қурилишида беш минг нафар ишчилар олти йил мобайнида хизмат қилишган. Унинг асл номи “дунё вакили бўлган масжид”дир. Ҳовлисига йигирма беш минг намозхон сиғади. Кийик терисига ёзилган Қуръони карим нусхаси мажсиднинг асосий ёдгорлиги саналади.
Шоҳжаҳон томонидан “Жоме” масжидга Бош имом этиб Сайид Aбдулғофур Шоҳ Бухорий тайинланади. У буюк бобокалонимиз, муҳаддис илмининг султони Имом ал-Бухорий авлодларидандир. Буни қарангки, “Жоме” масжиди ташкил топгандан ҳозирги вақтга қадар 13 нафар имом айнан Бухорий нисбасига эга бўлган.
Бундан ташқари, Шоҳжаҳон Aгра, Aжмер ва Лаҳорда ҳам бир қанча масжидлар бунёд эттирган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 15 декабрь куни Малайзиянинг «Nasyrul Quran» маркази бош ижрочи директори Муҳаммад Ашҳарим бин Абдуллатиф бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондида бўлди. Меҳмонларни фонд раҳбари Жаҳонгир Саламов кутиб олди.
«Nasyrul Quran» маркази – дунёдаги Қуръон чоп этиш бўйича йирик марказ бўлиб, Малайзияда фаолият кўрсатади. Мажмуа Мадинадаги Қирол Фаҳд мажмуасидан кейин иккинчи энг йирик Қуръони Карим босиб чиқарувчи марказ ҳисобланади.
«Nasyrul Quran» мажмуасининг фаолияти ички ва дунё миқёсида Қуръон нусхаларига бўлган эҳтиёжни қондириш имконини беради.
Мажмуа ҳар йили бир миллион нусха Қуръон чоп этишни мақсад қилган бўлиб, унинг 70 фоизи ички фойдаланиш учун, қолган қисми эса эҳтиёжманд бошқа мамлакатларга тақдим этилиши режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, «Nasyrul Quran» маркази вақф ташкилоти ҳисобланади.
Учрашув давомида томонлар бир неча масалалар юзасидан фикр алмашди. Хусусан, “Вақф” хайрия жамоат фонди ва вақф ташкилоти ҳисобланмиш «Nasyrul Quran» маркази ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, Қуръони карим ва қадимги қўлёзма асарларни ўрганиш бўйича ҳамкорлик қилиш, вақф ишларини рақамлаштириш, исломий финтек системаси қўллаш бўйича биргаликда ишлаш, вақф мулкларини кўпайтириш, таълим соҳаси ва вақф соҳасида тажриба алмашиш шулар жумласидандир.
Мазмунли ва манфаатли бўлган учрашув сўнггида Муҳаммад Ашҳарим бин Абдуллатиф фонд раҳбарига миннатдорлик билдирди. Томонлар ўзаро эсдалик совғалари алмашишди.
Vaqf.uz