Порт-Саид (Миср) шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш ва диний нашидлар мусобақалари олий қўмитаси Жаҳон халқаро Қуръон мусобақалари раҳбарларининг Бош ассамблеяси мамлакат пойтахтидаги Миср масжидида бўлиб ўтишини маълум қилди.
Ҳозирги кунда ушбу шаҳарда Қуръони карим ва ибтиҳолат (дуолар ва нашидлар) ёд олиш бўйича еттинчи халқаро мусобақани ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда.
Ушбу халқаро мусобақа мисрлик қори, Миср ва ислом оламида Қуръони Каримнинг энг улуғ қориларидан бири Шайх Шаҳат Муҳаммад Aнвар номи билан аталади.
Танловнинг якуний босқичи 2024 йилнинг 2 – 6 февраль кунлари Порт-Саид шаҳрида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади
Айни кунларда ҳаж сафарига киришган илк зиёратчиларимиз Мадина шаҳридаги беш юлдузли “Zamzam Pullman” замонавий меҳмонхонасида истиқомат қилишмоқда.
Мазкур меҳмонхона Масжиди Набавийнинг ёнида жойлашган бўлиб, зиёратчиларимиз беш маҳал намозни адо этиш, Равзаи шарифга кириш ва бир неча бор Расул алайҳиссаломга салом йўллаш саодатига эга бўлмоқда.
Меҳмонхонада ҳозирланган шароитлар барча ҳожиларимизни мамнун этмоқда. Ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим, телевизор бор. Фойе, лифт ва хоналар кенг ва ёруғ.
Ҳожиларга хизмат кўрсатадиган ошхона-ресторанда ҳам зарур ўринлар ва барча қулайликлар яратилган. Бир неча минг кишилик ошхонада ибодатга қувват бўладиган лазиз таомлар, салатлар, сархил мевалар, ширинликлару шарбатлар тортиқ қилинмоқда.
Мазкур меҳмонхонада жойлашган Ўзбекистон ишчи гуруҳи штаби барча ташкилий ишларни рисоладагидек бўлиши учун 24 соат давомида узлуксиз зиёратчилар хизматида бўлмоқда.
Мавсум давомида ҳожиларимиз тетик, соғлом бўлишлари учун аввало, ўзлари, сўнгра тиббиёт ходимлари ҳам масъул. Бу йил ҳам ҳожиларимизнинг соғликларини доимий кузатиб бориш учун олий тоифали шифокорлар жалб этилган. Улар ҳамюртларимиз саломатликлари учун туну кун хизматда бўлиб туришибди.
Тиббиёт ходимлари ҳожиларнинг сиҳатларини кўздан кечириб, керакли ёрдам, маслаҳат ва дори-дармонлар бермоқда. Тиббий хизмат марказларида муолажа учун керакли жиҳозлар, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун шароитлар мавжуд. Барча турдаги касалликларга биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида юртимиздан етарли даражада дори-дармонлар олиб борилган.
Жорий мавсумда ҳожиларимизга яна бир қулайлик ва туҳфа улашилди. Ўзбекистон алоқа оператори тарафидан бу йилги ҳар бир зиёратчига интернет трафиги ва бонусли дақиқалари мавжуд бўлган бепул телефон сим картаси, махсус сумка, термос, соябон ва бош кийим кабилар тақдим этилди.
Жорий мавсумда бўлғуси ҳожиларга хизмат кўрсатиш сифати янги босқичга олиб чиқилгани ва шароитлар сезиларли даражада яхшилангани барчани чексиз мамнун этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати