Жорий йил 2 феврал куни “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти 2-курс, 42-гуруҳ талабалари гуруҳ раҳбари Абдуносир Бобамирзаев бошчилигида Наманган шаҳридаги Президент мактабига экскурсия уюштирилди.
Экскурсия давомида Президент мактаби директори Пирназаров Абдурасул ҳамда мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Зокиров Ойбеклар мактабнинг ташкил этилиш тарихи, талабалар ҳаёти ҳамда ўқув жараёни ҳақида батафсил маълумотлар беришди. Талабалар матабнинг барча бинолари, ўқув хоналари, спорт зал, ўқувчиларга мўлжалланган сузиш ҳавзаси, ошхона, кутубхона ҳамда талабалар турар жойларида яратилган шароитларни кўздан кечиришди.
Танишиш жараёнида талабалар, Президент мактабига чет эл давлатларидан жалб этилган малакали ўқитувчилар билан инглиз тилида суҳбатлашиб, билим юртимиз ва унда яратилган шарт-шароитлар, ўқитиладиган фанлар ҳақида сўзлаб беришди.
Мактабнинг айрим ўқувчилари билан учрашиш чоғида билим юрти ўқиувчиси Абдулносир Бобамирзаев мактабда яратилган шароитлар шукрорнаси ўлароқ ўқувчилар билим олиш йўлида янада тиришқоқ бўлишлари, илм-фан ривожи ва халқимиз фаровонлиги учун хизмат қиладиган, юртимизни дунёга танитадиган юксак кадрлар бўлиб етишиб чиқишга ҳаракат қилишлари юзасидан кўрсатмалар бериб, ўқитилаётган фанларни янада яхшироқ ўрганиш, келажакда етук алломаларимиз каби олимлар бўлиб етишишга бор ғайратлари билан ҳаракат қилиш кераклиги ҳақида гапириб ўтди.
Экскурсия сўнгида ўқитувчи ва талабаларга яратиб берилган қулайликларни қадрига етиш, юртбошимиз бошчиликларида олиб борилаётган ислоҳотлардан тўғри, унумли фойдаланиб, яратилган шароитларнинг барчаси тинчлигимиз, мустақиллигимизнинг шарофатидан эканлигини таъкидлаб шукроналик руҳида яшашликка чақирдилар ва эсдалик учун суратга тушдилар.
Абдулносир БОБАМИРЗАЕВ,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўлим бир эшик. Барча инсонлар ундан ўтади. Эҳ кошки, бу эшикка киргандан кейин менинг уйим қанақалиги маълум бўлса?!
Биродар! Қаранг, қабрдагилар бир-бирларига жуда яқин ётишибди. Лекин улар сиртдан яқин қўшни. Аслида эса, бир-бирларининг ёнига ҳам бора олмайдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу қачон қабр ёнидан ўтсалар, шу даражада йиғлар эдиларки, соқоллари кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетарди.
У кишидан: "Сиз нега жаннат ва дўзахни эсга олганингизда йиғламайсиз. Лекин қабрни кўриб йиғлайсиз?" деб сўрашди. У киши шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қабр охиратнинг илк манзилидир", деганлар. Шунга кўра, агар маййит қабрдаги азобдан нажот топса, ундан кейинги ҳаёт осон бўлади. Агар қабрдаги азобдан нажот топа олмаса, у ҳолда ундан кейинги ҳаёт қийин бўлади.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен қабрдан кўра дахшатлироқ бирор манзарани кўрмадим", деганлар.
Биз учун бу қабрларда ибрат йўқми? Қаранг, бой ҳам, фақир ҳам, зўравон ҳам, кучсиз ҳам, оқ танли ҳам, қора танли ҳам, подшоҳ ҳам, фуқаро ҳам барча баробар ётибди. Улар дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Бойлик жамлаш ёки қаср қуриш учун эмас, балки, кошки мен бир намоз ўқиш учун муҳлат топсам, кошки бизга бир мартагина "Субҳаналлоҳ" дейиш учун фурсат берилса, деб, шу амалларни қилиш учун дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Лекин энди иложи йўқ. Номаи аъмол ёпилиб бўлди. Руҳ жисмдан чиққан. Ҳаёт муҳлати тугаб бўлган. Энди ҳар бир маййит ўз амалининг гарови ўлароқ қабрида ётибди...
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан