Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Феврал, 2026   |   11 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:41
Қуёш
07:00
Пешин
12:41
Аср
16:28
Шом
18:16
Хуфтон
19:28
Bismillah
28 Феврал, 2026, 11 Рамазон, 1447

Бемазҳаб, мулаффиқ, мутаассиб ва мазҳабпараст атамалари

27.01.2021   2893   9 min.
Бемазҳаб, мулаффиқ, мутаассиб ва мазҳабпараст атамалари

Исломда эътиқодий жиҳатдан бир-бирлари билан аҳил-иноқ, ҳамжиҳат ва бирдам бўлган аҳли сунна вал-жамоа деб аталмиш тўрт фиқҳий мазҳаб бор. Яъни, ҳанафийлик, моликийлик, шофеъийлик ва ҳанбалийлик мазҳаблари. Сон-саноқсиз Ислом олимлари Қуръон ва суннатга энг мувофиқ фиқҳий мазҳаблар деб, уларни аҳли сунна вал-жамоа дейишга иттифоқ қилишган. Бирор киши мужтаҳидлик даражасига етмаган бўлса, унга шу тўрт мазҳабдан бирига эргашишни шарт қилишган. Бу асосга бир неча асрлар давомида оғишмай, ҳеч қандай ихтилофсиз  амал қилиниб келинган. Бу тўрт фиқҳий мазҳаб имомларини деярли барча Ислом уламолари тан олишган. Уларга эргашиш Қуръон ва суннатга эргашиш кабидир деб билишган. Бу имомлар ёлғон, алдов, туҳмат ва бўҳтон кам бўлган бахтли замонларда, ҳавою нафслар шаталоқ отмаган чоғларда, илм ва амал ривож топган асрларда, аввалги мақталган уч аср—асри-саодатларда яшашган. Ўша техника тараққиётга юз тутмаган вақтларда ҳеч қандай технологиясиз фақат ва фақат илм ва амал билан  юз минглаб эътиборли мусулмонлар ва муҳаққиқ олимларнинг олқишларига сазовор бўлишган.

Ислом оламида мазҳаб атамаси умумий тарзда зикр қилинганда юқорида айтилган ана шу тўрт ҳақ мазҳабдан бирини ифода этиши одатга айланган. Оммабоп ва ё илмий асарларда ҳам, шунчаки оғзаки суҳбатларда ҳам мазҳаб сўзидан барчанинг зеҳнида маълуму машҳур бўлиб кетган ҳанафийлик, моликийлик, шофеъийлик ва ҳанбалийлик мазҳаблари ирода этилади. Исломда бир неча ўнлаб оқимлар, йўналишлар, ирмоқлар бўлишига қарамасдан мазҳаб сўзи ижобий маъно ўлароқ фақатгина тўрт ҳақ фиқҳий йўналишдан бошқасини ифода этмайди.

Ўз навбатида “бемазҳаб” атамасидан ҳам шу тўрт мазҳабдан бирортасида субути бўлмаган мусулмонлар кўзда тутилади. Атама салбий маъно касб этиб, хоҳ тўрт мазҳабдан бирортасига алоқаси йўқ йўналишлар бўлсин, ёки шу тўрт мазҳаб ичида бетайинлик ила айрим масалада ҳанафий, яна бошқа масалада ҳанбалий ва ҳоказо амал қилувчи мулаффиқлар бўлсин барига нисбатан “бемазҳаб” атамаси қўлланаверади.

Айни дамда “мулаффиқ”“талфиқ” атамаларига қисқача изоҳ бериб ўтиш ўринлидир:

Талфиқ – ижтиҳод шартларини ўзида ўзлаштира олмаган ҳолда, мустақил ҳукм чиқариш ва фатво беришга салоҳиятсиз кишининг турли мазҳаблардан ўзи хоҳлаган фатволарига амал қилишдир. Тўрт ҳақ мазҳаб уламолари талфиқдан қайтаришган. Масалан, ҳанафийлардан шайх Ибн Обидин “Баҳрур-роиқ”нинг ҳошиясида айтади: “Муайян мазҳаб муфтийсининг ўз мазҳабида аниқ кўрсатилган масалада бошқа мазҳаб йўлини тутиши ва у бўйича фатво бериши мумкин эмас”. (6-жилд, 289-бет).

Моликийлардан имом Нафровий “Фавокеҳуд-девоний”да айтади: “Тўрт имомдан бирига эргашиш вожиблигига мусулмон умматининг ижмоси тузилгандир. Фақат ижтиҳод аҳллари бундан мустасно”. (2-жилд, 357-бет).

Шофеъийлардан Жалолуддин Маҳаллий “Жамъул-жавомеъ”нинг шарҳида  айтади: “Энг саҳиҳ сўз шуки, омийлар модомики ижтиҳод мартабасида бўлмас экан, уларга муайян бир мазҳабга тақлид қилиш лозим бўлади. У хоҳ бошқа мазҳабни ўз мазҳаби билан тенг ва ё аржаҳ деб эътиқод қилсин, буни аҳамияти йўқ”. (2-жилд, 440-бет).

Ҳанбалийлардан Мардовий “ал-Инсоф”да айтади: “Риоятул-кубро”да айтиладики, ҳар бир муқаллидга бирор муайян мазҳабга тақлид қилиши лозим бўлади. Ижтиҳод аҳли бундан мустасно. Аҳли сунна олимларидан “муайян мазҳабга тақлид лозим эмас” деганлар ҳам бор. Аммо улар бу сўзларида ижтиҳод шартини ҳам ўртага қўйишган” (11-жилд, 194-бет).

Баъзи мулаффиқлар “бемазҳаб” атамасининг маъносини изоҳлашда чалғитувчи иборалар билан ўз қарашларини ҳаспўшлашга уринади. Уларнинг иддаосича “бемазҳаб” деган тушунча мутлақо нотўғридир. Эмишки, тўрт мазҳабдан бирортасида субути бўлмаган мусулмонлар ҳам иложсиз бирор олимнинг сўзига, ва ё бирор оқим ё йўналиш таълимотига суянади, демак улар бемазҳаб эмас. Зотан мазҳаб бу—кимнингдир йўналиши демакдир. Тўрт мазҳабдан бошқасига эргашганларни ёки тўрт мазҳаб ичида аралаш-қураш тарзда амал қилувчи мулаффиқларни “бемазҳаб” деб танқид қилиш нотўғри, ахир улар ҳам қайсидир бир олим ижтиҳодига суянмоқда-ку?! Балки бу танқид мазҳабпарастликдир!—деб ўз амалий ва ақидавий йўналишларини олдин қаторга олиб чиқишга уринадилар.

Шу ўринда улар томондан тўрт ҳақ фиқҳий мазҳабдан бирида собитқадамлик ила амал қилувчи мусулмонларга нисбатан “мазҳабпараст, мутаассиб” деган атамаларни қўллаш масаласига тўхталиб ўтсак:

Мутаассиб, мазҳабпараст сўзлари одатан салбий маънода қўлланувчи сўзлар бўлиб, нотўғри нарсага кўр-кўрона ишониш, шу нарсада қайсарлик билан оёқ тираб олиш, ноҳақ душманлик қилишга айтилади. Тўғри йўлда ёки тўғри фикрда мустаҳкам турганларни мазҳабпараст ё мутаассиб эмас, аксинча ҳақ устида собитқадам дейилади. Динимиз ҳам аслида шунга амр қилади. Нотўғри йўлда, ишда ва фикрда оёқ тираб туриб олганларга эга «мутаассиб»«қайсар» ва «кўркўрона эргашиб кетувчи гумроҳ» дейилади. Аслида бу лақаблар тўрт ҳақ фиқҳий мазҳаблардан бирортасида собитликни хушламайдиган, ўзларича амал қилувчи ўзбошимча мусулмонларга қўлланса тўғрироқ ва мосроқ бўлади.

Аслида, эса “бемазҳаб” атамаси аҳли суннанинг сўзи эътиборли олимлари томондан тўрт ҳақ мазҳабдан бирида собитликни инкор этиб, ижтиҳод даъвоси билан ўртага чиққан ва оммани ҳам шунга ундовчи кишиларнинг “биз мазҳабга қарамаймиз, мазҳабни бидъат деймиз,  ўзимиз Қуръон ва ҳадисдан ижтиҳод қиламиз, мазҳаб аҳлидан эмасмиз, биз саҳобалар давридаги каби ибодат қиламиз“ деб жар солувчи бемазҳабларга нисбатан айтилган ҳукмдир!

Улар тўрт мазҳабдан бошқа мазҳабда эканликларини даъво қилсалар сизга уларнинг бу жим-жимадор сўзларига алданиб қолмасликни маслаҳат берамиз. Негаки, биринчидан, улар “мазҳаббош”лари ким эканликларини очиқ айтишмайди.

Иккинчидан, уларнинг “мазҳаббош” раҳнамоларини бирор аҳли сунна  олимлари тарафдан эътироф этилмаган.

Учинчидан, фаразан бешинчи мазҳабни ташкил этсалар, тўрт мазҳабдан  ижтиҳод борасида устун эканликларини ҳали бирор йўналишда исбот қила олишмаган. Улар ҳам мазҳаблари бўйича Қуръон ва суннатга мувофиқ ижтиҳод қилиб бизни қойил қолдирсинлар, кўрайлик.

Тўртинчидан, эътирофли тўрт мазҳабни рад этиш орқали қанча-қанча ояту ҳадисни тан олмаслик ҳаракатида бўлишади ва баъзилари шуни тескари таъвил қилишга уринишади. Тўрт мазҳаб вакиллари эса ҳамма ояту ҳадисни бир хил кўришади. Илмлари кучли бўлмаганлиги юзасидан, қайси оят ёки  ҳадис носих мансухлигини англашга, улардан ҳукм чиқаришга ожизлиги, ҳавою нафсларига мослаб ҳукм чиқариб олмасликлари учун бутун дунё тан олган улуғ мужтаҳидларга эргашишликни афзал билишади. Зеро бугунги кунда бу мазҳаббоши имомлардай илм ва тақво соҳибига айланиш, фақат орзу эканлиги ҳаммага маълум ва машҳурдир.

Унутманг! Бу тўрт ҳақ мазҳабга бир неча асрлар давомида қанча-қанча олимлар амал қилишди. Эргашганлар хато қилишдими?!

Улар тақво, илм, ибодат ва тафаккурда биздан кучли эмасмидилар?!

Нима учун бундай мўътабар зотларга эргашмасдан, илми, амали, ибодати, пархезкорлиги, динга дўст ёки душманлиги каби фаолиятлари аниқ ва ишончли бўлмаган шахсларга иттибоъ қилишимиз керак экан?!

Бугунги фитна урчиган, инсоннинг асл шахсиятини билиш қийин кечадиган  замонларда этиқодий бетайин кимсаларга эргашмасдан, бутун дунё тан олган тўрт буюк имомларнинг бирига эргашишлигимизда нима жиҳат бизни мазҳабпараст ёки мутаасиб деб ҳақорат қилишларига асос бўлмоқда?! Улар ўз илм ва тақвоси орқали неча юзминглаб олиму фозилларни ўзларига эргаштира олмадиларми?! Дин учун мислсиз хизмат қилмадиларми?! Қанча-қанча ғайридинларни мусулмон бўлишлигига сабабчи бўлмадиларми?! Жавоб: Ҳа, худди шундай бўлган!

“Мазҳабпараст”“мутаассиб” деган лақабларни кимлар ўйлаб топганини озгина тафаккур қилинг! Эй иккиланаётган кишилар шу тушунчалар доирасида мусулмонларни иккига бўлиб ташлаганини ҳам бироз тушуниб етарсиз. Тафриқага ким ажратаётганини, фитналарни ким уюштираётганини ҳассослик билан сезишга ҳаракат қиларсиз…

Қачонки тўрт фиқҳий мазҳабдан устун ёки баробар келадиган мазҳабни дунё олимлари ижмосига биноан бу ҳам аҳли суннанинг бешинчи мазҳаб деб тан олинмагунча,  тўрт мазҳабдан бирида мустаҳкам юрмайдиганлар бемазҳаб—яъни, тўрт ҳақ мазҳабдан бирортасида субутсиз, деб айтилаверади. Бу бутун ислом уммати тан олган ҳақиқатдир! Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жизки, имом Ғаззолий, Нававий, Фахруддин Розий каби уламолар тўрт имомдан бошқа, мужтаҳиди мутлақ даражасига ета олган, мустақил фиқҳий мазҳабга асос солиш даражасидаги олимни дунё ҳали шу кунгача кўргани йўқ, деб таъкидлаганлар!

Муҳтарам ўқувчи, муқадимада айтиб ўтагнимиздек тўрт фиқҳий мазҳабнинг эътиқодий қарашлари ягона таълимот асосига барпо этилгандир. Ибодат кўринишлари тўрт хил бўлсада ақидада бир ёқадан бош чиқариб эътиқод қиладилар. Бир-бирларини кофир ё бидъатчи деб ҳақорат қилишмайди. Бир-бирларини ўлдиришга фатво беришмайди. Бу эса айни Ислом низомидан кўзланган бош мақсаддир. Ҳа, Ислом дини мусулмонларни бир-бирлари билан аҳил-иноқликка, мафкуравий бирдамликка, ҳамдўстликка, ақидавий ихтилофлардан йироқликка, уруш ва бузғунчиликлардан хазар қилишга, исёнкорлик, боғийлик каби фитналарга қўшилмасликка чақиради! Бу таълимот айнан тўрт ҳақ фиқҳий мазҳабнинг эътиқодий таълимотида ўз аксини топган, балки асосини ташкил этади! Шундай экан сиз ҳам шу тўрт мазҳабдан бирортасига қарши чиқишдан, уни ноҳақ дейишдан, ажраб чиқиб кетишдан, бир-бирига аралшатириб амал қилишдан сақланинг!

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қалб қандай рўза тутади?

27.02.2026   2352   5 min.
Қалб қандай рўза тутади?

Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини ҳидоятга солур…” (Тағобун сураси, 11-оят).

Қалб ҳар бир амалнинг асли ва барча ҳаракатларнинг негизидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Огоҳ бўлинглар, жасадда бир парча гўшт бор. Агар у тўғри бўлса жасаднинг барчаси тўғри бўлади, агар у фасод бўлса жасаднинг барчаси фасод бўлади. Огоҳ бўлинглар, у қалбдир”.

Қалбнинг тўғри бўлиши дунё ва охиратдаги саодат, унинг бузуқ бўлиши эса ҳалокатдир. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, бунда қалби борларга ва зеҳн билан қулоқ осганларга эслатма бордир” (Қоф сураси, 37-оят).

Ҳар бир яратилган жонзотда қалб бўлади. Аммо бу қалблар икки хил: бири иймон ила мунаввар, тақво ила обод бўлган тирик қалб; иккинчиси хароб бўлиб сўнган, касал ва ўлик қалбдир. Аллоҳ таоло айтади: “Уларнинг қалбларида касал бор. Аллоҳ касалларини зиёда қилди. Ва уларга ёлғон гапирганлари учун аламли азоб бор” (Бақара сураси, 10-оят). Аллоҳ таоло бошқа оятда эса бундай марҳамат қилади: «Ва улар: “Қалбимиз ғилофланган”, дейишади. Йўқ, ундай эмас, куфрлари сабабли Аллоҳ уларни лаънатлаган. Бас, озгинагина иймон келтирадилар» (Бақара сураси, 88-оят).

Аллоҳ таоло ўлик қалблилар ҳақида яна бундай дейди: «Улар: “Қалбларимиз сен даъват қилаётган нарсадан ғилофлардадир, қулоқларимизда оғирлик бор, сен билан бизнинг орамизда эса, парда бор. Бас, сен амалингни қилавер, биз ҳам, албатта, ўз амалимизни қилгувчилармиз”, дедилар» (Фуссилат сураси, 5-оят).

Аллоҳнинг душманларида ҳам қалб бўлади, лекин у ҳеч нарсани англамайди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дуо қилар эдилар: “Эй, қалбларни бошқарувчи! Менинг қалбимни динингда собит қил!”.

Мўминнинг қалби доимо рўза тутади. Унинг рўза тутиши ҳалокатга олиб борувчи ширк, ботил эътиқод, ёмон васваса ва ниятлардан фориғ қилиш билан бўлади. Мўминнинг қалби Аллоҳнинг муҳаббати ила ободдир.

Мўминнинг қалбида унга зулмат аралаша олмайдиган ёрқин нур бор. Бу абадий рисолат, самовий таълимотлар ва раббоний шариат нуридир. Ушбу нурга Аллоҳ таоло бандага табиий фитрат қилиб берган нур қўшилади ва икки улкан нур жамланади. Аллоҳ таоло айтади: (Бу) нур устига нурдир. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир” (Нур сураси, 35-оят).

Мўминнинг қалби чироқ каби порлайди, Қуёш каби нур сочади ва субҳ каби ялтирайди. У ояти карималарни тинглаганда, уларнинг маъноларини тафаккур қилганда қалбидаги ишончи янада зиёда бўлади.

Мўминнинг қалби кибрдан рўза тутади, чунки у қалб рўзасини бузиб юборади. Кибр унинг қалбига ўрнашмайди, зеро, у ҳаром амалдир. Кибрнинг асл ўрни қалбда бўлади, агар кибр қалбга ўрнашса ўз соҳибини ҳалок қилади. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Кибриё Менинг ридойимдир, улуғлик Менинг изоримдир. Ким иккисида Мен билан талашса уни азоблайман”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким Аллоҳга такаббурлик қилса уни хорлайди. Ким Аллоҳ учун тавозеъли бўлса уни юксалтиради”.

Мўминнинг қалби ужбдан ҳам рўза тутади. Ужб – инсоннинг ўзини мукаммал, бошқалардан афзал ва унда бошқаларда йўқ нарса бор деб тасаввур қилишидир. Бу эса айни ҳалокатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса ҳалок қилувчидир: киши ўз нафсидан ажабланиши, қаттиқ хасислик ва эргашиладига ҳаво (ҳавойи нафс)”, деганлар.

Ужбнинг давоси инсон ўз айблари, хатоларининг кўплигини ҳамда минглаб қилган, сўнгра уларни эсдан чиқарган гуноҳ ва ёмонликларини ёдидан кўтармаслигидир. Бинобарин, уларнинг ҳисоби Роббимиз ҳузурида, У адашмайди ва унутмайди.

Мўминнинг қалби ҳасаддан рўза тутади. Чунки ҳасад яхши амалларни олов каби куйдиради, қалбнинг нурини ўчиради ва бандани Аллоҳ томон юришини тўхтатиб қўяди. Аллоҳ таоло айтади: “Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?” (Нисо сураси, 54-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, бир-бирингиздан нафратланманглар, ўзаро урушманглар ва ўзаро нажш (инсонла ўзаро келишиб бир нарсанинг нархини ошириши) савдосини қилманглар. Баъзингиз баъзингизнинг савдоси устига савдо қилмасин”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта саҳобаларидан бир кишининг жаннат аҳлидан эканининг хабарини бердилар. У киши нима эвазига жаннатга киргани ҳақида сўралганида: “Қалбимда бирор мўминга ҳасад, нафрат ёки муттаҳамлик бор ҳолида ҳеч уйқуга ётмадим”, дея жавоб берди. Орифларнинг рўзаси бўлмиш қалб рўзасини тутувчилар борми? Шоир айтади:

Орифлар рўзаси ичра оламлар Робби ризосин исташ бордир,
Ҳар замон улар қалби соим, саҳар вақти ҳоллари истиғфордир.

Аллоҳим, қалбларимизни тўғри йўлга бошлагин, уларни иймонда собит айла!


Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Рўзадорлар учун дарслар" китобидан

Мақолалар