Исломда эътиқодий жиҳатдан бир-бирлари билан аҳил-иноқ, ҳамжиҳат ва бирдам бўлган аҳли сунна вал-жамоа деб аталмиш тўрт фиқҳий мазҳаб бор. Яъни, ҳанафийлик, моликийлик, шофеъийлик ва ҳанбалийлик мазҳаблари. Сон-саноқсиз Ислом олимлари Қуръон ва суннатга энг мувофиқ фиқҳий мазҳаблар деб, уларни аҳли сунна вал-жамоа дейишга иттифоқ қилишган. Бирор киши мужтаҳидлик даражасига етмаган бўлса, унга шу тўрт мазҳабдан бирига эргашишни шарт қилишган. Бу асосга бир неча асрлар давомида оғишмай, ҳеч қандай ихтилофсиз амал қилиниб келинган. Бу тўрт фиқҳий мазҳаб имомларини деярли барча Ислом уламолари тан олишган. Уларга эргашиш Қуръон ва суннатга эргашиш кабидир деб билишган. Бу имомлар ёлғон, алдов, туҳмат ва бўҳтон кам бўлган бахтли замонларда, ҳавою нафслар шаталоқ отмаган чоғларда, илм ва амал ривож топган асрларда, аввалги мақталган уч аср—асри-саодатларда яшашган. Ўша техника тараққиётга юз тутмаган вақтларда ҳеч қандай технологиясиз фақат ва фақат илм ва амал билан юз минглаб эътиборли мусулмонлар ва муҳаққиқ олимларнинг олқишларига сазовор бўлишган.
Ислом оламида мазҳаб атамаси умумий тарзда зикр қилинганда юқорида айтилган ана шу тўрт ҳақ мазҳабдан бирини ифода этиши одатга айланган. Оммабоп ва ё илмий асарларда ҳам, шунчаки оғзаки суҳбатларда ҳам мазҳаб сўзидан барчанинг зеҳнида маълуму машҳур бўлиб кетган ҳанафийлик, моликийлик, шофеъийлик ва ҳанбалийлик мазҳаблари ирода этилади. Исломда бир неча ўнлаб оқимлар, йўналишлар, ирмоқлар бўлишига қарамасдан мазҳаб сўзи ижобий маъно ўлароқ фақатгина тўрт ҳақ фиқҳий йўналишдан бошқасини ифода этмайди.
Ўз навбатида “бемазҳаб” атамасидан ҳам шу тўрт мазҳабдан бирортасида субути бўлмаган мусулмонлар кўзда тутилади. Атама салбий маъно касб этиб, хоҳ тўрт мазҳабдан бирортасига алоқаси йўқ йўналишлар бўлсин, ёки шу тўрт мазҳаб ичида бетайинлик ила айрим масалада ҳанафий, яна бошқа масалада ҳанбалий ва ҳоказо амал қилувчи мулаффиқлар бўлсин барига нисбатан “бемазҳаб” атамаси қўлланаверади.
Айни дамда “мулаффиқ”, “талфиқ” атамаларига қисқача изоҳ бериб ўтиш ўринлидир:
Талфиқ – ижтиҳод шартларини ўзида ўзлаштира олмаган ҳолда, мустақил ҳукм чиқариш ва фатво беришга салоҳиятсиз кишининг турли мазҳаблардан ўзи хоҳлаган фатволарига амал қилишдир. Тўрт ҳақ мазҳаб уламолари талфиқдан қайтаришган. Масалан, ҳанафийлардан шайх Ибн Обидин “Баҳрур-роиқ”нинг ҳошиясида айтади: “Муайян мазҳаб муфтийсининг ўз мазҳабида аниқ кўрсатилган масалада бошқа мазҳаб йўлини тутиши ва у бўйича фатво бериши мумкин эмас”. (6-жилд, 289-бет).
Моликийлардан имом Нафровий “Фавокеҳуд-девоний”да айтади: “Тўрт имомдан бирига эргашиш вожиблигига мусулмон умматининг ижмоси тузилгандир. Фақат ижтиҳод аҳллари бундан мустасно”. (2-жилд, 357-бет).
Шофеъийлардан Жалолуддин Маҳаллий “Жамъул-жавомеъ”нинг шарҳида айтади: “Энг саҳиҳ сўз шуки, омийлар модомики ижтиҳод мартабасида бўлмас экан, уларга муайян бир мазҳабга тақлид қилиш лозим бўлади. У хоҳ бошқа мазҳабни ўз мазҳаби билан тенг ва ё аржаҳ деб эътиқод қилсин, буни аҳамияти йўқ”. (2-жилд, 440-бет).
Ҳанбалийлардан Мардовий “ал-Инсоф”да айтади: “Риоятул-кубро”да айтиладики, ҳар бир муқаллидга бирор муайян мазҳабга тақлид қилиши лозим бўлади. Ижтиҳод аҳли бундан мустасно. Аҳли сунна олимларидан “муайян мазҳабга тақлид лозим эмас” деганлар ҳам бор. Аммо улар бу сўзларида ижтиҳод шартини ҳам ўртага қўйишган” (11-жилд, 194-бет).
Баъзи мулаффиқлар “бемазҳаб” атамасининг маъносини изоҳлашда чалғитувчи иборалар билан ўз қарашларини ҳаспўшлашга уринади. Уларнинг иддаосича “бемазҳаб” деган тушунча мутлақо нотўғридир. Эмишки, тўрт мазҳабдан бирортасида субути бўлмаган мусулмонлар ҳам иложсиз бирор олимнинг сўзига, ва ё бирор оқим ё йўналиш таълимотига суянади, демак улар бемазҳаб эмас. Зотан мазҳаб бу—кимнингдир йўналиши демакдир. Тўрт мазҳабдан бошқасига эргашганларни ёки тўрт мазҳаб ичида аралаш-қураш тарзда амал қилувчи мулаффиқларни “бемазҳаб” деб танқид қилиш нотўғри, ахир улар ҳам қайсидир бир олим ижтиҳодига суянмоқда-ку?! Балки бу танқид мазҳабпарастликдир!—деб ўз амалий ва ақидавий йўналишларини олдин қаторга олиб чиқишга уринадилар.
Шу ўринда улар томондан тўрт ҳақ фиқҳий мазҳабдан бирида собитқадамлик ила амал қилувчи мусулмонларга нисбатан “мазҳабпараст, мутаассиб” деган атамаларни қўллаш масаласига тўхталиб ўтсак:
Мутаассиб, мазҳабпараст сўзлари одатан салбий маънода қўлланувчи сўзлар бўлиб, нотўғри нарсага кўр-кўрона ишониш, шу нарсада қайсарлик билан оёқ тираб олиш, ноҳақ душманлик қилишга айтилади. Тўғри йўлда ёки тўғри фикрда мустаҳкам турганларни мазҳабпараст ё мутаассиб эмас, аксинча ҳақ устида собитқадам дейилади. Динимиз ҳам аслида шунга амр қилади. Нотўғри йўлда, ишда ва фикрда оёқ тираб туриб олганларга эга «мутаассиб», «қайсар» ва «кўркўрона эргашиб кетувчи гумроҳ» дейилади. Аслида бу лақаблар тўрт ҳақ фиқҳий мазҳаблардан бирортасида собитликни хушламайдиган, ўзларича амал қилувчи ўзбошимча мусулмонларга қўлланса тўғрироқ ва мосроқ бўлади.
Аслида, эса “бемазҳаб” атамаси аҳли суннанинг сўзи эътиборли олимлари томондан тўрт ҳақ мазҳабдан бирида собитликни инкор этиб, ижтиҳод даъвоси билан ўртага чиққан ва оммани ҳам шунга ундовчи кишиларнинг “биз мазҳабга қарамаймиз, мазҳабни бидъат деймиз, ўзимиз Қуръон ва ҳадисдан ижтиҳод қиламиз, мазҳаб аҳлидан эмасмиз, биз саҳобалар давридаги каби ибодат қиламиз“ деб жар солувчи бемазҳабларга нисбатан айтилган ҳукмдир!
Улар тўрт мазҳабдан бошқа мазҳабда эканликларини даъво қилсалар сизга уларнинг бу жим-жимадор сўзларига алданиб қолмасликни маслаҳат берамиз. Негаки, биринчидан, улар “мазҳаббош”лари ким эканликларини очиқ айтишмайди.
Иккинчидан, уларнинг “мазҳаббош” раҳнамоларини бирор аҳли сунна олимлари тарафдан эътироф этилмаган.
Учинчидан, фаразан бешинчи мазҳабни ташкил этсалар, тўрт мазҳабдан ижтиҳод борасида устун эканликларини ҳали бирор йўналишда исбот қила олишмаган. Улар ҳам мазҳаблари бўйича Қуръон ва суннатга мувофиқ ижтиҳод қилиб бизни қойил қолдирсинлар, кўрайлик.
Тўртинчидан, эътирофли тўрт мазҳабни рад этиш орқали қанча-қанча ояту ҳадисни тан олмаслик ҳаракатида бўлишади ва баъзилари шуни тескари таъвил қилишга уринишади. Тўрт мазҳаб вакиллари эса ҳамма ояту ҳадисни бир хил кўришади. Илмлари кучли бўлмаганлиги юзасидан, қайси оят ёки ҳадис носих мансухлигини англашга, улардан ҳукм чиқаришга ожизлиги, ҳавою нафсларига мослаб ҳукм чиқариб олмасликлари учун бутун дунё тан олган улуғ мужтаҳидларга эргашишликни афзал билишади. Зеро бугунги кунда бу мазҳаббоши имомлардай илм ва тақво соҳибига айланиш, фақат орзу эканлиги ҳаммага маълум ва машҳурдир.
Унутманг! Бу тўрт ҳақ мазҳабга бир неча асрлар давомида қанча-қанча олимлар амал қилишди. Эргашганлар хато қилишдими?!
Улар тақво, илм, ибодат ва тафаккурда биздан кучли эмасмидилар?!
Нима учун бундай мўътабар зотларга эргашмасдан, илми, амали, ибодати, пархезкорлиги, динга дўст ёки душманлиги каби фаолиятлари аниқ ва ишончли бўлмаган шахсларга иттибоъ қилишимиз керак экан?!
Бугунги фитна урчиган, инсоннинг асл шахсиятини билиш қийин кечадиган замонларда этиқодий бетайин кимсаларга эргашмасдан, бутун дунё тан олган тўрт буюк имомларнинг бирига эргашишлигимизда нима жиҳат бизни мазҳабпараст ёки мутаасиб деб ҳақорат қилишларига асос бўлмоқда?! Улар ўз илм ва тақвоси орқали неча юзминглаб олиму фозилларни ўзларига эргаштира олмадиларми?! Дин учун мислсиз хизмат қилмадиларми?! Қанча-қанча ғайридинларни мусулмон бўлишлигига сабабчи бўлмадиларми?! Жавоб: Ҳа, худди шундай бўлган!
“Мазҳабпараст”, “мутаассиб” деган лақабларни кимлар ўйлаб топганини озгина тафаккур қилинг! Эй иккиланаётган кишилар шу тушунчалар доирасида мусулмонларни иккига бўлиб ташлаганини ҳам бироз тушуниб етарсиз. Тафриқага ким ажратаётганини, фитналарни ким уюштираётганини ҳассослик билан сезишга ҳаракат қиларсиз…
Қачонки тўрт фиқҳий мазҳабдан устун ёки баробар келадиган мазҳабни дунё олимлари ижмосига биноан бу ҳам аҳли суннанинг бешинчи мазҳаб деб тан олинмагунча, тўрт мазҳабдан бирида мустаҳкам юрмайдиганлар бемазҳаб—яъни, тўрт ҳақ мазҳабдан бирортасида субутсиз, деб айтилаверади. Бу бутун ислом уммати тан олган ҳақиқатдир! Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жизки, имом Ғаззолий, Нававий, Фахруддин Розий каби уламолар тўрт имомдан бошқа, мужтаҳиди мутлақ даражасига ета олган, мустақил фиқҳий мазҳабга асос солиш даражасидаги олимни дунё ҳали шу кунгача кўргани йўқ, деб таъкидлаганлар!
Муҳтарам ўқувчи, муқадимада айтиб ўтагнимиздек тўрт фиқҳий мазҳабнинг эътиқодий қарашлари ягона таълимот асосига барпо этилгандир. Ибодат кўринишлари тўрт хил бўлсада ақидада бир ёқадан бош чиқариб эътиқод қиладилар. Бир-бирларини кофир ё бидъатчи деб ҳақорат қилишмайди. Бир-бирларини ўлдиришга фатво беришмайди. Бу эса айни Ислом низомидан кўзланган бош мақсаддир. Ҳа, Ислом дини мусулмонларни бир-бирлари билан аҳил-иноқликка, мафкуравий бирдамликка, ҳамдўстликка, ақидавий ихтилофлардан йироқликка, уруш ва бузғунчиликлардан хазар қилишга, исёнкорлик, боғийлик каби фитналарга қўшилмасликка чақиради! Бу таълимот айнан тўрт ҳақ фиқҳий мазҳабнинг эътиқодий таълимотида ўз аксини топган, балки асосини ташкил этади! Шундай экан сиз ҳам шу тўрт мазҳабдан бирортасига қарши чиқишдан, уни ноҳақ дейишдан, ажраб чиқиб кетишдан, бир-бирига аралшатириб амал қилишдан сақланинг!
Ҳикматуллоҳ Иброҳим
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Инсон танасида витаминлар мувозанатини сақлаб қолиш, соғлом юриш ва теран фикрлаш учун кунига уч марта овқатланиш керак, деган фикр мавжуд. Эҳтимол бу озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар ва фармацевтика саноати вакиллари катта даромад олиши мақсадида тез-тез танаввул қилиб туришга рағбатлантиришдир.
Албатта, бу корпорацияларга одамлар озиқ-овқат ва ичимликни ортиқча истеъмол қилишдан тийилишлари, рўза тутишлари ёки соғлом турмуш тарзини кечиришлари кабиларда манфаатдорлик йўқ. Шунинг учун улар реклама орқали очкўзликка тарғиб қилишади ҳамда еб-ичиш фақат очлик ва чанқоқни қондириш учун эмас, балки ўйин-кулги ва вақтни ўтказиш учун ҳам керак бўлишини инсонларга уқтириб боришади.
Бунга қарши ўлароқ дунёдаги миллионлаб мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига мувофиқ ҳар ҳафтада икки марта душанба ва пайшанба кунлари рўза тутадилар, натижада улар шундай катта фойда олишадики, ҳатто улар бу фойдани тахмин ҳам қила олишмайди.
Шу билан бирга, замонавий тадқиқотчилар кўплаб касалликларни озиқ-овқатни чеклаш ва рўза тутиш орқали самарали тарзда даволаниши мумкин деган хулосага келишади. АҚШдаги Бостон коллежи профессори, доктор Томас Сейфрид, онкология билан курашда метаболик ёндашувни қўллаш бўйича илк қалдирғоч сифатида ушбу хулосага келди.
Жон Хопкинс университетининг нейробиология лабораториясининг мудири профессор Марк Мэттсон ўзининг эълон қилган кўплаб мақолаларида таъкидлашича, ҳафтада икки марта оч юришлик Паркинсон ва Алцгеймер каби кенг тарқалган касалликлар ривожланиш хавфини камайтириши мумкин экан.
Овқатланиш режимини ўзгартириш мия фаолиятига таъсир қилади. Нейробиологлар овқатни меъёридан кўп танаввул қилиш, ортиқча тўйиш мия иш қобилиятини тўхтатишини пайқашди. Озиқ-овқатдан сақланиш миянинг нейрокимёвий ўзгаришига олиб келади, асабийлашиш даражасини пасайтиради ва стрессга чидамлилигини оширади.
Рўза - мия учун чақирувдир. Рўза тутадиган киши миясида протеинни кўпроқ ишлаб чиқартиради ва нейрон ва нейлон боғламлари ўсишини тезлаштиради. Рўза туфайли ўрганиш қобилияти ортиб, хотира яхшиланади. Рўза янги асаб ҳужайралари ва илдиз ҳужайраларнинг ишлаб чиқарилишига ёрдам беради.
Профессор Маттсон, тез-тез рўза тутувчиларда ДНКларини қайта тиклаш учун кўпроқ нерв ҳужайралари борлигини аниқлади. Рўза илдиз ҳужайраларини янгилаш орқали иммунитет тизимини ҳимоя қилишга ёрдам беради.
2007 йилда Американинг “Клиническое питание” журналида рўза тутиш саратон, юрак-қон томир тизимининг касалликлари ва диабет касалликлари учун самарали восита эканлигини тасдиқловчи бир қатор ишлар эълон қилинган эди. Ушбу тадқиқот натижалари фармацевтика компаниялари ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун мутлақо зарарли. Уларнинг ниятлари жуда аниқ: одамларни меъёридан кўп ейишга мойил қилиш, ва бунинг натижасида одамларни семириб кетиш билан боғлиқ муаммоларини ҳамда диабет ва бошқа кўплаб касалликлардан даволаш ишлари билан шуғулланиш.
Бироқ, олимлар ҳафтада икки марта овқатланишдан тийилиш ва рўза тутишнинг афзалликларини тасдиқлайдиган кўплаб янги далилларни тобора кашф этишда давом этишларига ва охир-оқибат инкор қилиб бўлмас далиллар орқали вазиятни ўзгартириш мумкин бўладиган вақт келишига ишонтирмоқдалар.
Сўзимиз охирида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллоллоҳу алайҳи васаллам) нинг кам ейишни турли хил касалликларнинг олдини олиши ва одамга очликни қондириш учун оз миқдордаги озиқ-овқат кифоя қилишига урғу берган сўзларини келтирмоқчимиз. Ҳадисда келтирилишича, киши қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмайди. Унга ўз кучини сақлаб қолиши учун кифоя қиладиган луқмалар етарлидир. Агар (ундан кўп) овқат ейиши муқаррар бўлса, ошқозоннинг учдан бир қисми овқат учун, учдан бир қисми ичиш учун ва қолган учдан бири эса нафас олиш (ҳаво) учундир. (Имом Термизий). Муқаддас динимизнинг битмас-туганмас мўжизалари шу тариқа қиёматга қадар кашф қилинишда давом этаверади.
Саиджамол Масайитов