Бу ҳақда 26 январь куни Доғистон муфтийси шайх Aҳмад Афанди Ўзбекистон Республикасининг Ростов-Дондаги Бош консули Рустам Қўрғонбоев билан учрашувда айтиб ўтди.
Муфтият матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда Доғистон Республикаси Миллий сиёсат ва диний ишлар вазири вазифасини вақтинчалик бажарувчи Энрик Муслимов ҳам иштирок этди.
Суҳбат чоғида Р. Қўрғонбоев Доғистонга ташрифидан мақсад, аввало, зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат эканини таъкидлади.
Бош консул Доғистон томонига февраль ойи охирида Ўзбекистон зиёрат ва туристик салоҳиятини тақдим этиш учун республикада майдонча ташкил қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. Шайх Аҳмад Афанди, ўз навбатида, зиёрат туризмини ривожлантириш зарурлиги ғоясини қўллаб-қувватлади.
Агар унинг ташаббусига қизиқиш билдирилса, Доғистон ва Чеченистон мусулмонлари учун ёз бошида Махачқалъа – Тошкент йўналиши бўйича чартер рейсларини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Доғистон муфтийси зиёрат туризмини ривожлантириш зарурлиги ҳақидаги ғояни қўллаб-қувватлади ва тез орада давлатларимизда коронавирус туфайли ўз-ўзини изоляция қилиш режимининг заифлашуви юз беришига умид билдирди.
"Бугунги кунда Доғистонда сўфийлик кенг тарқалган. Бу таълимот Ўзбекистондан келади. Сизларда бундай ғоя пайдо бўлгани учун Аллоҳга раҳматлар айтамиз. Ҳар томонлама қўллаб - қувватлаймиз", - дея таъкидлади Доғистон муфтийси.
Миллий сиёсат бўйича вазир вазифасини бажарувчи Энрик Муслимов Россия ва Ўзбекистон халқаро даражада жуда яхши алоқаларга эга эканини эслатди.
Шунингдек, Ўзбекистон консули бошқа амалдорлар ҳамроҳлигида Исо Пайғамбар номидаги Маънавият маркази ва Махачқалъа Марказий Жума масжидига ташриф буюргани қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Самарқанд вилоятида имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида волейбол, шахмат-шашка ҳамда стол тенниси бўйича вилоят босқичи мусобақалари ўтказилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосарлари Хайрулло домла Саттаров, Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят ҳокими ўринбосари Б. Каримов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Қизғин, бироқ ўзаро ҳурмат ва ахлоқ қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтган баҳслар якунига кўра ғолиб ва совриндорлар қуйидагича аниқланди:
Волейбол бўйича:
1-ўрин — Каттақўрғон тумани жамоаси
2-ўрин — Пайариқ тумани жамоаси
3-ўрин — Булунғур тумани жамоаси
Шахмат бўйича:
1-ўрин — Дониев Қулмурод (Пахтачи тумани “Хўжа Зиёвуддин” жоме масжиди имом-ноиби)
2-ўрин — Элмуродов Музроб (Нарпай тумани “Хўжа Қўрғон” жоме масжиди имом-хатиби)
3-ўрин — Махматоиров Баҳрулло (Ургут тумани “Ҳожи Ўринбой” жоме масжиди имом-хатиби)
Стол тенниси бўйича:
1-ўрин — Матлабов Муҳаммад Бобур (Ургут тумани “Испанза” жоме масжиди имом-ноиби)
2-ўрин — Аброров Жаҳонгирхон (Самарқанд шаҳар “Хўжа Сафойи Валий” жоме масжиди имом-ноиби)
3-ўрин — Ходихонов Камолиддин (Қўшработ тумани “Неъматулла хўжа” жоме масжиди имом-хатиби)
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ушбу тадбир диний ходимлар ўртасида нафақат жисмоний бақувватликни, балки сабр, интизом, биродарлик ва ўзаро ҳурмат каби исломий фазилатларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Sammuslim.uz